Ўқитувчи — қул: иккинчи жанг

Ўқитувчи — қул: иккинчи жанг

Nikita Makarenko
Бу қулликни бекор қилиш тўғрисидаги декларацияни имзолаётган Авраам Линкольн
Бу деҳқон ва крепостнойларни озод қилаётган Александр II
Бу “пахта қуллиги” тугатилганини эълон қилаётган Cotton Campaign ва Танзила Норбаева
ЭБу ўзини ҳар бир мактабда мажбурий меҳнат гуллаб-яшнаётгани ҳақида билмайдигандек қилиб кўрсатаётган Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов

Биз курашни давом эттиряпмиз. Биринчи серияда жамоатчилик, Саида Мирзиёева, Комил Алламжонов, Танзила Норбаева, ОАВ ва блогерларнинг кенг қўллаб-қувватлаши туфайли “микроучасткалар" амалиётини бекор қилишга эришилди - ўқитувчилар бундан буён кераксиз маълумотларни тўплаш учун квартиралар бўйлаб юришга юборилмаяпти (чамамда).

Шунга қарамай, Халқ таълими вазирлиги бу соҳада ҳамма нарса рисоладагидек деб ўйлашда давом этмоқда. Аслида эса ҳеч нарса жойида эмас. Ва мажбурий меҳнат ҳали ҳам гуллаб-яшнамоқда. Ўқитувчиларимизнинг эркинлиги ва муносиб меҳнати учун курашнинг иккинчи босқичида биз "навбатчилик" деб аталувчи амалиётни бекор қилишга киришамиз — бу амалиётда ўқитувчилар мактабда навбатчилик қилиш ва уни қўриқлашга мажбурланади. Бу, шубҳасиз, мажбурий меҳнат ва меҳнат кодекси талабларини бузишдир. Шунингдек, биз ҳар хил "комиссиялар"нинг ташрифлари учун ўқитувчиларни дарслардан чалғитиш амалиётига қарши курашамиз. Ўқитувчилар ўқув жараёнининг муҳим қисми турли комиссиялар — туман ХТБ, шаҳар ХТБ, ХТВ, Прокуратура, шаҳар ИИБ ва бошқаларнинг келишига тайёргарлик кўриш ва уларни кутиб олишга бағишланишидан шикоят қиляпти. Ўқитувчи буни қилмаслиги керак.

Ўқитувчиларнинг аноним хабарларини самарали тўплаш учун "Men qul emasman / Я не раб” боти яратилди. Мен барча ўқитувчиларни ўз ҳуқуқларининг бузилиши ҳақидаги барча маълумотларни ўша ботга юборишга чақираман. Бу мамлакат раҳбарияти ва жамоатчилик ҳамма нарса қанчалик ёмон эканини тушуниши учун керак. Вазият аслида жуда ёмон. Афсуски, ўқитувчилар доим ишдан бўшатилиш таҳдиди остида ва ҳақиқий исмларини ёзиб шикоят қилишдан қўрқади. Биз уларни тушунамиз. Шунингдек, ОАВ ва жамоатчиликни ушбу хабарларни тарқатишда фаол иштирок этиш ва масалани кўтариб чиқишга чақираман. Келинг, уни охиригача етказайлик. Албатта, ҳам ХТВ, ҳам Меҳнат вазирлигини вазифасини бажариш ва муаммоларни ҳал қилишга киришишга чақирмоқчиман. Лекин, уларга барибир, менимча. Шунинг учун, улар Худога ҳавола.

Шундай қилиб, 2022 йил 23 ва 24 ноябрь кунлари бутун мамлакат ўқитувчиларидан келиб тушган шикоятлар:

Юнусобод туманидаги 246-мактабнинг ўқитувчилари: ўқитувчилар учун ишлаш жуда қийин, чунки тартибсизлик туфайли болалар коридорларда юради ёки умуман мактабга бормайди. Аммо комиссия келганда (мактаб маъмурияти олдиндан огоҳлантирилади) улар учун турли синфлардан битта синфга йиғилган ўқувчилар кўрсатилади. 

Зангиота туманида яна микроучастка ҳақида маълумот сўрашяпти, бизга микроучастка "сизнинг нонингиз" деб айтишди. Демак, ўқувчиларга билим беришимиз эмас, балки рўйхат тузишимиз керак. Зангиота тумани ХТБ ўз қонунларига кўра яшайди.

Жаҳон тиллари университетида 10:00 дан 21:00 гача навбатчилик қилишга мажбурлашяпти.

Самарқанд тиббиёт университети кўп йиллардан буён шу билан шуғулланади. Белгиланган куни соат 20.00 дан бошлаб келасиз ва эртаси куни соат 8.00 гача навбатчилик қиласиз.

19-мактаб, Тошкент. Деярли ҳар куни ўқитувчи ва ўқувчилар комиссиялар билан қўрқитилади. Агар ўқитувчилар яхши дарс берса, ўқувчилар ўзини яхши тутади. Нима учун комиссияга чалғиш керак?! Коридордан ўтиб, кузатаверсин. Болалар эса ўргансин, ўқитувчилар ўргатсин.
Сентябрь ойидан бошлаб прокуратура, шаҳар ИИБ, вазирлик, шаҳар ХТБдан камида тўртта текширув ўтказилади. Нимага текшираётганини ўзи ҳам билмайди. Сабаб топиш учун бўлса керак.

Тошкент шаҳар Учтепа тумани 107-мактаб. Биз, бу мактаб ўқитувчилари, дарсимиз бўлмаганда навбатчилик қилишга мажбурмиз.

Мен 24-мактабда ўқитувчиман, тинимсиз мажлис булади, сентябрдан ноябргача 4 марта мажлис (пед.кенгаш) бўлди... 4 соат қотиб ўтиришнинг ўзи булмайди..

Навбатчилик ҳам жуда жонга тегди, нима эмиш, каридорда бақириб ўқувчиларни синфларга киргизиш керак эмиш! Ҳали приказ келди, кўкаламзорлаштиш учун ҳар бир ўқитувчи арчага пул 27 минг сўмдан йиғиш керак экан… Тинмай комиссия келади, шу пайтгача 8-10 марта келдиёв!

Тошкент, 70-мактаб, дарслар бўлмаган кунларда ўқитувчилар навбатчилиги, сменага қараб соат 8.00 дан 13.00 ёки 13.00 дан 18.00 гача эшик олдида ўтириб, келиб-кетаётганларни кузатиши шарт. Рад этишнинг иложи йўқ, шу тариқа, директор, завуч ва уларга яқин бўлганлардан ташқари ҳамма ўқитувчилар ҳам навбати билан навбатчилик қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани 1-мактабда ўқитувчиларнинг хонадонлар бўйлаб тақсимланиши
Бухоро шаҳридаги 37-мактаб (ўқитувчилари) Алпомиш манзили бўйлаб квартираларга боради. Шунингдек, завуч, хўжалик мудири ўқитувчи сифатида менинг вазифамга кирмайдиган компьютерда бажарилиши керак бўлган қандайдир иш беради.

25 йилдан бери Бухоро шаҳридаги 13-мактабда ишлайман. Кўп йилдан бери рўйхат тузишга бормайман, 2-3 йилдан бери навбатчилик қилмайман. Лекин буларнинг барчасига қандай қийинчилик билан эришганимни айтиш қийин! Бунинг ортидаги жанжаллар! Навбатчилик жадваллари ҳақиқатан ҳам мавжуд, шаҳар ХТБ текшириш учун келади, агар навбатчи бўлмаса, айб топади. Айниқса байрамларда. Кейин директорлар йиғилишида уларни ўрнидан турғазиб, ҳатто шарманда ҳам қилишади. Кейин мактабларга хат юборилади, у ерда жарима қилинган мактабларнинг рақамлари келтирилган бўлади. 

Мактаб дарвозаси ёнидаги кўчада ва коридорларда 6 соат давомида навбатчилик, ҳар ҳафта 1 ва 2-сменаларда. Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, 345-мактабда. Бу мактабнинг ички қоидаси деб мажбур қилишади. Ҳамма ғазабланади, лекин чидайди ва навбатчилик қилади, раҳбарият маошдан ушлаб қолиш билан қўрқитади.

Салом, Тошкентдаги 91-мактабда бизни ҳам навбатчиликка мажбур қилишарди. Энди қоровул пайдо бўлди, лекин қоравул тез-тез ўзгаради, шунинг учун ўқитувчиларга кираверишда навбатчилик қилиш айтилган. Доимий текширишлар ҳам нормал ишлашга имкон бермайди.

Ассалому алайкум. Ўз вақтида мактабдан кетгандим. Сабаби — 1) аҳолини рўйхатга олиш ва сайловга таклифномаларни тарқатиш керак. 2) баҳо ва давоматни “ясаш” керак. Мен ўзим учун фанни ўргатишдан маъно йўқ деб қарор қилдим. Мактаблар статистика ва ҳисоботлар учун ишлашини, креативлик ва ўсиш йўқлигини биламан.

Қўнғироқлар ҳали ҳам автоматлаштирилмаган, шунинг учун ўқитувчилар қўнғироқ чалишга кўчада навбатчилик қилишади. Мактабда қоравул йўқ, болалар овқатланиш учун 5 дақиқалик танаффус пайтида кўчага чиқмаслиги учун 2-3 нафар ўқитувчи мактаб дарвозаларида навбатчилик қилишади, шунда биз ўқувчиларни ташқарига чиқармаймиз, мактабни қўриқлаймиз, бегоналарни ва ота-оналарни болаларни дарсдан чалғитмаслик учун мактабга киритмаймиз. 

Сентябрь-октябрь ойларида мактаб ҳовлисида, дарвоза ёнида навбатчилик қилишга чидаш мумкин. Лекин ҳозир совуқ, нам ҳавода болаларни қўриқлаш ва қўнғироқ чалиш учун ташқарига югуриш ўқитувчиларни таҳқирлашдир! Мен навбатчиликдан норозилигимни билдирганман, лекин бизнинг барча норозиликларимиз буйруқ, мактабнинг ички қоидалари тўғрисидаги Низом билан бостирилади.

Онам Чилонзор туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи. Бу ачинарли, албатта, лекин ўқитувчилар ишдан бўшатилиш ва иш топмаслик қўрқуви туфайли буни мажбуран бажаради. Бу битмас-тугамас текширувлар — турган битгани стресс. Онамдан бу комиссияларга хурсанд бўлиб кетиши ва ёмон хулосалар ёзмаслиги учун тушлик ҳам олиб бериш кераклигини эшитганман.

228-мактаб, Тошкент. Ўзи ўқитувчи йўқ, ўқитувчиларни уйларга боришга мажбур қилишади, кўпчилик касаллик варақаси очтиради ва ишга келмайди, болалар қийналади. Мактабни 6 млрд га таъмирлашди, аҳвол олдингидан ёмон ((((

Ҳар йили таъмирлаш учун ўқувчилардан пул тўплаш талаб қилинади, бемаъни нарсалар учун пул йиғиш ва кўп қоғозларни тўлдириш талаб қилинади. Ҳар бир текшириш учун меҳмонларга дастурхон тузатилади ва (камчиликларга) кўзларини юмиш учун пора берилади. Мен бунга чидай олмадим ва аризамни ёздим.

Кундузги навбатчиликка фақат аёл ўқитувчилар, эркаклар эса "тунги навбатчилик"ка қўйилади.. Қисқаси, буларнинг барчаси навбатчилик эмас, балки биз — кундузги соқчи ва (тунги) қоравул дегани каби.

Онам кўп йиллардан буён Миробод туманидаги 213-мактабда ишлайди. Маъмурият ҳам, атрофдагилар ҳам ўқитувчининг шаштини сўндиради. Директор — ҳам Худо, ҳам шоҳ, хоҳлаганини қилади, исталган вақтда, кўз очиб юмгугча исталган пул чўнтагида. Ўз ҳисобингиздан таъмирлаш, шунингдек, керак-керакмас ҳамма нарсага тинмай пул тўлаш. Сўнгги 7 йил ичида у (директор) ўз маъмуриятдан ўз жамоасини тузиб олди ва ўз иродасига шубҳасиз итоат этилишига эришди.

Ассалому алайкум. Мен ўқитувчиман. Бугун бизга ушбу ҳужжатларни беришди, ҳар бир ўқувчи учун зудлик билан тўлдиришни айтишди. Синфимда 42 нафар ўқувчи бор. Буни қандай қилиб зудлик билан бажаришим мумкин? Буни қачон қилишимиз керак???? Биламан, бу вазифа Тошкентдаги барча мактабларга берилган. Ушбу жадвалларни тўлдириш учун мен икки ёки уч кеча ухламаслигим керак. Бу маълумотни қаердан оламан? Соғлиғи, қон гуруҳи, рўйхатга олинганми, бирон бир касали борми, психологик хусусиятлари, қайси тўгаракларга қатнашади, қайси вақтда, қайси кунларда, ота-онаси ичадими, гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладими, қаерда ва ким бўлиб ишлайди, болаларига меҳрибонми, ногирон эмасми, неча нафар фарзанди бор, ижтимоий мавқеи.

Кечқурун шундоқ ҳам дафтарлар билан ўтирамиз, дарсларга тайёргарлик кўрамиз: режалар ёзамиз, болалар учун қўшимча материаллар қидирамиз ва чоп этамиз, чунки дарсликларнинг аҳволи ҳалигидек. Яхши, бу бизнинг ишимиз ва биз буни қилишимиз керак. Лекин бизга бу жирканч жадвалларни берманг. Бизда уларни тўлдириш учун вақт етмайди, биттасини тугатсак, кейингисини беришади. Ишончим комил, уларни ҳеч ким ўқимайди! Эрталаб чарчаган ва ҳолдан тойган, кўзларимиз сўниқ ва асабларимиз бузилган ҳолда мактабга судралиб борамиз. Ҳолдан тойган ўқитувчи болаларга нима бериши мумкин???? Илтимос, бизни бундай кераксиз, фойдасиз ҳужжатлардан қутқаринг !🙏🙏🙏🙏. Ёки мактабларда бирорта ўқитувчи қолмайди! Шерматов даврида кўплаб ҳужжатлар бекор қилинди. Янги вазир келди — ҳамма нарса қайтиб келди! Саидов кетсин, Шерматовни бизга қайтаринг!

Директорлар кўпинча ўқитувчилардан ҳатто ўша мактабдан бўлмаган болалар билан индивидуал дарслар (репетиторлик) беришни "сўрайди", чунки бу бола “юқоридан", яъни шаҳар ХТБ, вилоят ХТБ, Таълим вазирлиги ходими ёки расмийлардан кимнингдир боласи. Бундан ташқари, бу бепул бўлиши керак ва ўқитувчининг бунга вақти борми, деб сўралмайди ҳатто. 

Ҳаммаси тўғри, қачонгача навбатчилкда турамиз. Тошкент шаҳрида бази мактабларда формада ходимлар ёлланган мактаб хавфсизлигини таьминлайди.

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, 279-мактабда 108 нафар ўқитувчи ишлайди, ҳар ойда ҳар бир ўқитувчи 15 минг сўмдан навбатчилик учун топшириши керак.

Қашқадарё вилояти Китоб шаҳридаги 2-мактаб директори Акмал Саидов нима бўлаётганидан хабардор эмас, ёки билади ва қўрқмайди. 8:00 дан 13:00 гача ёш болали ўқитувчилар, 13:00 дан 18:00 гача қолганлар навбатчилик қилади. Ёш болали ўқитувчиларни кундузги навбатчиликка қўйгани учун унга раҳмат. Ўқитувчиларнинг қариндоши сизга ёзяпти, чунки улар ёзишдан қўрқади.

Салом, мен ота-она сифатида ёзмоқчиман, қизим Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 293-мактабда 10-синфда ўқийди, 2-чорак тугай деяпти, уларга атиги 6 та дарслик берилган, дарсликлар билан боғлиқ муаммо қачон ҳал қилинади? Дарс давомида телефондан фойдаланиб бўлмагани учун китобларнинг электрон версияларидан фойдаланишга рухсат берилмаяптими? Нима қилишим керак? Ҳар бир китобни чоп этишнинг имкони йўқ, ҳар доимгидек, биринчи навбатда ишчи дастур ўзгартирилади, лекин китоблар йўқ ва эскиларини ишлатмаслик кераклигини ҳам айтиб қўйишади. Мен ХТВга ёздим, лекин ҳеч ким жавоб бермади.

Мактабларда содир бўлаётган ҳолатлар юқоридан берилган буйруқлардир, бу буйруқлар таълим вазирлигига олиб боради, у ерда, афтидан, тор фикрловчи одамлар ўтириб олиб ҳар хил кераксиз кўрсатмаларни дасталаб чиқаряпти. Ҳали ҳам ҳамма жойда пул йиғиляпти, пул тўлашни рад этаётган ота-оналар пул тўлаётган ота-оналар томонидан уялтириляпти. Пул тўлашади, акс ҳолда синф фаррошсиз, хона жиҳозлари ва ҳоказоларсиз қолиб кетади. Ўқитувчиларнинг ўзи ҳеч нарса ҳал қилмайди, улар директорнинг буйруғига амал қилади, директор туман ХТБнинг буйруқларини бажаради ва ҳоказо. Буни ҳамма билади, шунинг учун ҳеч ким шикоят қилмайди, чунки ҳамма бир кемада, барчаси юқорига олиб боради.

23 ноябрь куни кузатув камералари орқали. 1-сменага соат 8:30да 107, 109, 116, 123-мактаблар, 2-сменага соат 12:30 да 129, 193, 194, 197-мактаблар 4 нафардан устозларни юборишлари сўралади.

Шу билан мамлакат бўйлаб ўқитувчилардан келиб тушган шикоятларининг бугунги дайджести тугади. Навбат масъул идораларга. Агар ҳеч нарса ўзгармаса — давом эттирамиз. Якуний ислоҳотлар амалга ошмагунча орқага қайтмаймиз. Бу миллат сифатида омон қолишимиз масаласидир.

Никита Макаренко.


Report Page