4-ҲАФТА

 4-ҲАФТА

@ginekologim
4 ҳафталик

3-ҳафта 5-ҳафта

 Ушбу ҳафтанинг охирида одатда ҳайз келишини кутишингиз мумкин. У келмаса, хаёлингизга келган илк нарса ҳомиладорлик бўлади. Агар сиз 4 ҳафталик ҳомиладор бўлсангиз, бу ҳомилангиз 2 ҳафта давомида сизнинг ёнингизда бўлганлигини англатади! Хўш, ҳомиладорликнинг 4-ҳафтасида нималар содир бўлади?

 

4 ҳафталик ҳомила ривожланиши

Тез орада биз чақалоқ деб атайдиган, аммо ҳозирда эмбрион бўлган ҳужайралар жамланмаси бачадонга етиб келди. У то туғилгунига қадар, бачадоннинг ички деворига жойлашишга ҳаракат қилмоқда.

Эмбрион жойига маҳкам ўрнашиб олгач, катта бўлиниш содир бўлади, яъни ҳужайралар 2 гуруҳга бўлинади. Ушбу ҳужайраларнинг ярми эмбрионни ва ярми йўлдошни (плацента) ҳосил қилади.

Ҳомиладорлик пайтида 4-ҳафталик эмбрион қандай бўлади? деб қизиқаётган бўлсангиз керак. Бу ҳали шаклланган “болача”эмас, аммо ҳажми ҳали исириқ уруғидан ошмаган ҳужайра тўплами бўлса ҳам, уни қадрлаш керак. Ушбу даврда амниотик (сув) қопчаси ва бирламчи ичак найчаси ҳосил бўлади. 3 қатламдан иборат бўлган эмбрион ривожланиб, тананинг махсус қисмларини ҳосил қила бошлайди.

Энтодерма деб номланадиган ички қатлам чақалоқнинг овқат ҳазм қилиш тизимини, жигар ва ўпкаларни ҳосил қилади.

Ўрта қават, мезодерма, яқин орада чақалоқнинг юрагига, жинсий аъзоларига, суякларига, буйракларига ва мушакларига айланади.

Эктодерма деб номланувчи ташқи қават эса асаб тизимини, сочларни, тери ва кўзларни ҳосил қилади.

 


4 ҳафталик ҳомиладорликда онадаги ўзгаришлар

“Ҳомиладорликнинг 4 хафтасида қорин шишадими?” деб қизиқаётган бўлсангиз, айтиб қўяйлик йўқ у шишмайди! Ушбу даврда ҳомиладорлигингиз ҳали сезилмайди. Чунки сиз ҳали ортиқча вазн олмадингиз ва ташқи кўринишингиз ўзгармаган. Ахир ҳомила ҳали исириқ уруғичалик ҳам бўлмаса қандай қилиб қорин шишишини кузатиш мумкин.

Ҳолсизлик, чарчоқ, кўнгил айниши, сўлак ортиши, оғизда темир таъми, тез-тез пешоб қилиш, қорин ва човда оғриқлар, оз миқдорда қон келиши ёки қон доғи каби ҳомиладорликнинг дастлабки белгилари 4-ҳафтада ҳам кузатилиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, ҳомиладорликнинг 4-ҳафтасида қорин оғриғи ва чов оғриғи кўпинча меъёрийдир. Бу сизда ҳомила тушиши рўй беради дегани эмас.

Эсингизда бўлсин, ҳар бир аёлда ҳомиладорлик ўзига хос бўлади. Ҳомиладор аёлларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида ва бир хил даражада ҳомиладорлик аломатларини бошдан кечирмайди. Шунинг учун бирор муаммо туғилса шифокорга мурожаат қилишдан тортинманг. Хўш, ҳомиладорликнинг 4-ҳафтасида ҳомиладор она нималарни бошдан кечиради? Аниқроқ қилиб айтганда, танангизда нималар содир бўлиш эҳтимоли катта?

Юрак ва қон айланиш тизими: Сизнинг танангиз болага кислород ва озуқа моддаларини ташиш учун кўпроқ қон ишлаб чиқаришни бошлайди. (энг юқори ортиш даври ҳомила қон айланиш тизимига кўп юк бўладиган биринчи 12 хафталик даврдир) Қоннинг кўпайишига мослашиш учун юрагингиз кучлироқ ва тезроқ уради ва бир дақиқада пульс уриши ҳам 15 тага ортади. Ҳомиладорликнинг илк даврида жуда қаттиқ чарчоқ ҳисси, кечки овқатдан кейин дарҳол ётиш истаги ёки кун давомида ухлашга эҳтиёж сезилиши сабаблари ҳам ана шу ўзгаришлар туфайлидир.

Кўкрак безлари: 4 ҳафталик ҳомиладорлик пайтида биринчи жисмоний ўзгаришлардан бири кўкрак безларида учрайди. Кўкрак учлари сезувчан бўлиб қолади, ачишиш ёки оғриқ ҳис қилиниши мумкин. Одатдагидан тўлиқроқ ва оғирроқ ҳам ҳис қилиниши мумкин. Ушбу ўзгаришларнинг сабабчилари эстроген ва прогестерон гормонлари ишлаб чиқарилишининг ортишидир.

Бачадон: Бачадонда тез ўзгаришлар бўлиши ажабланарли эмас. Унинг девори қалинлашади ва қон томирлари ҳомилани боқиш учун ривожланади.

Бачадон бўйни: бачадон бўйни, чақалоқ дунёга қадам қўядиган эшик аллақачон юмшаган ва ўз рангини ўзгартирган бўлади.

Ҳиссиётлар: Сизнинг ҳис-туйғуларингиз тартибсиз бўлиши мумкинлигини билишингиз керак. Ҳомиладорлик ҳаяжонли, зерикарли, ҳузурли, суюкли, аммо ташвишли ҳам бўлиши мумкин. Баъзан барча ҳис-туйғуларни бир вақтнинг ўзида яшаш ҳам мумкин. Шунингдек, сиз турли хил ва янги ҳис-туйғуларни ҳам бошдан кечирасиз, улар бироз тинчлантиради ва бироз ноқулай қилади. Кайфиятингиздаги ўзгариришларга тайёр бўлинг. Ўзингизга ортиқча юкланманг ва ичингиздан келган овозга қулоқ тутиб ҳаракат қилинг.

Ҳомиладорликнинг 4-ҳафтасида кўнгил айниши бўладими?

Ҳомиладорликнинг 4-ҳафтасида кўнгил айниш муаммоси ҳар бир аёлни қизиқтирадиган саволлардан биридир. Жавоб: бўлиши ҳам ёки бўлмаслиги ҳам мумкин! Энди вариантларни тушунтириб берамиз!


Мен 4 ҳафтадан бери ҳомиладорман, кўнглим айнийди: кўнгил айниш “клуб”ига хуш келибсиз! Ҳомиладор аёлларнинг деярли 75 фоизи ушбу клуб аъзоларидир. Шундай қилиб, бу миллионлаб аёллар сингари сиз ҳам яшайдиган оддий ҳодисадир, ташвишланманг.

Ҳомиладорлик пайтида кўнгил айнишига нималар сабаб бўлади? Бу борада аниқ маълумотлар йўқ, аммо ҳисоб-китоблар жуда кўп. Булар орасида:

1-триместрда қонда миқдори юқори бўлган ХГЧ гормони;

Эстроген гормони миқдорининг юқорилиги;

Жиғилдон қайнаши,

Овқат ҳазм қилиш тизимидаги мушак тўқималарининг бўшашиши;

Бундан ташқари, ҳомиладор аёлларнинг ҳид сезувчанлигининг ортиши ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Бизда фойдали мақола бор: “Токсикоз” ҳақида яхши хабар! Ва уни енгиллатиш йўллари.

Мен 4 ҳафтадан бери ҳомиладорман, кўнгил айниш йўқ: Кўнгил айниши ҳаммага маълум аломатлардан бўлса-да, у кузатилмаслиги ҳам мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомиладор оналарнинг тахминан 25 фоизи кўнгил айниш ва қусишни бошдан кечирмайди. Агар сиз 25% кўнгил айнмайдиган ёки енгил ўтказадиганлар қаторига кирсангиз, ўзингизни нафақат ҳомиладор, балки омадли деб ҳам аташингиз мумкин.

 

4 ҳафталик ҳомиладорликда қондаги ХГЧ миқдори қанча бўлади?

ХГЧ нима? Шундан бошлайлик. ХГЧ – одам хорионик гонодотропин гормнони, демак ўзбекча ОХГ (лабораторияларда таҳлил натижалари аксарият рус тилида берилгани учун шунга ўрганиб қолганмиз: хорионический гонадотропин человека - ХГЧ). Сиз уй шароитида ҳомиладорлик тестининг ижобий натижасини кўраётганингизда ХГЧ миқдорини биринчи марта кўрган бўласиз. Пешобда ва қондаги ХГЧ миқдори – ҳомиладорлик борлиги ҳақида маълумот берадиган ишончли хабарчидир. Бу гормон уруғланган тухум ҳужайра бачадон деворига жойлашгандан кейин бир неча кун ичида ривожланаётган плацента ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилади.

Ҳомиладорликнинг бошида ХГЧ миқдори жуда паст бўлади, чунки у эндигина ишлаб чиқарилмоқда. Аммо бу деярли ҳар 48 соатда икки баравар кўпаяди. ХГЧ миқдорларини бошқа ҳомиладор аёлларники билан таққосламанг. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладорлиги ҳар хил бўлганлиги сабабли ХГЧ миқдори ҳам бир хил эмас.

 

4 ҳафталикда ҲГЧ миқдори 50 дан 426 гача (мМЕ/мл). Ушбу оралиқдаги ҳар қандай қиймат меъёрийдир. Паст ёки баланд бўлиши сизни хавотирга солмасин. Сиз бу ҳақда саволларингиз бўлса шифокорга мурожаат қилинг.

Ҳомиладорлик тести ҳақида батафсил маълумот шу ерда.

  Ҳомиладорликнинг 4-ҳафтаси билан, ҳомиладорликни аниқлаш даври ва ҳомиладорликдан олдинги кундалик ҳаётни ўзгартириш палласи бошланади.

Ҳомиладорликда актив ва пассив чекиш зарарлари:

Ҳомиладорликдан олдин чекиш ўз танангиз учун зарарли бўлгани каби, ҳомиладорлик пайтида ҳам ҳомилангиз учун зарарли. Сигарета тутуни плацентадан ўтиб, эмбрионга етиб борганлиги сабабли, сизнинг чекаётганингиздан бўлғуси гўдагингиз ҳам чекади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бунда, чақалоқ онадан кўра кўпроқ никотин зарарига дучор бўларкан. Бу дегани чақалоқ ҳам никотин истеъмолига мойил бўлиб туғилади. Албатта бизда аёллар чекиши нисбатан кам кузатилади.


Аммо ҳомиладор аёлнинг эри ёки бошқа яқинидаги кимсаларнинг чекиши пассив чекувчилик саналади. Пассив чекувчилик чекмайдиган аёлга ва унинг ривожланаётган боласига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун ҳомиладорлигингиз пайтида ёнингизда ҳеч кимнинг чекишга йўл қўймаслигингиз керак.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page