5-ҲАФТА
@ginekologim4-ҳафта 6-ҳафта
Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтаси бу биринчи триместрнинг,яъни илк 3 ойлик палланинг иккинчи ойининг бошланиш ҳафтасидир. Хўш, ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида нималар содир бўлади?
5-ҳафта ҳомила ривожланиши
Ҳомила бачадонга тушганда у ҳали микроскопик битта ҳужайрали зигота экан, 3 ҳафтадан сўнг, яъни ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида ўлчами 1,25 мм га етади. Ҳа, биз ҳали ҳам унинг кичиклигини қабул қилишимиз мумкин, аммо у тез ўсади.
Ҳомиладорликнинг 5-хафтасида ҳомиланинг юраги шакллана бошлайди. Чунки унинг танасида илк аввал юрак ва қон айланиш тизими ишлай бошлайди. Кичкинтойингизнинг юраги исириқ уруғидек кичик бўлиб юрак найчалари деб аталадиган иккита кичик каналдан иборат. Ҳозир у фақат ура бошлайди.
“5 ҳафталик ҳомилани кўриш мумкинми?” деган саволга келсак, ҳомила халтачасини фақат трансвагинал (қин орқали) ултратовуш ёрдамида кўриш мумкин. Бироқ, бу ҳафтада ҳомила халтачаси ичидаги болани ва юрак уришини кўриш мумкин эмас. Бу меъёрий ҳолат. Буни ҳомиланинг ҳали жуда кичик ўлчамдалиги билан изоҳлаш мумкин.
Ҳомиладорликнинг 5 хафтасида онадаги ўзгаришлар
Бу даврда атрофингиздаги ҳеч ким сиз ўзингиз айтмасангиз, ҳомиладор эканлигингизни англай олмайди. Аммо чақалоғингиз ўзининг мавжудлиги ҳақида сизга хабар беришни бошлайди. Шунинг учун олдиндан тайёр бўлинг. Чунки бу ойда, шу жумладан ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида ўзгаришлар рўй беради. Сиз ҳомиладор бўлганингизни ҳис қила бошлайсиз.
Иккинчи ой - кўпчилик ҳомиладор оналарнинг чарчайдиган ва чарчаганини ҳис қиладиган ой. Кунига кўп марта ҳожатхонага бориш, ҳеч тўхтамайдиган кўнгил айниш (агар омадингиз бўлса, кўнглингиз айнимаслиги мумкин), қоринда ҳеч йўқолмайдигандек шишиш ҳисси каби аломатлар бу ойда бошдан кечириладиган аломатлар қаторига киради.
Бошқача айтганда, ҳомиладорликнинг ушбу 5-ҳафтасида танангизда катта ўзгаришлар бўлади. Бундай аломатлар сизнинг руҳиятингизни туширишига йўл қўйманг. Бу аслида сизнинг соғлом ва меъёрдаги ҳомиладорлигингиз белгиларидир. Келинг, 5 ҳафталик ҳомиладорликнинг бошқа белгилари ҳақида гапирайлик.
Тез-тез пешоб қилиш: бошида кўп бўлса ҳам, ҳомиладорликнинг анча қисмда давом этиши мумкин. Айниқса туғиш яқинлашганда, бачадон кенгаяди ва сийдик пуфагини босганда ноқулай бўлади.
Кўкракдаги ўзгариш: кўкракда ёки кўкрак учларида оғриқ ёки ачишиш тез-тез учраб турадиган ҳолат. Шунингдек, кўкрак учларининг ранги тўқлашган ёки атрофидаги безлар катталашганини кўришингиз мумкин.
Ҳолсизлик ва тез чарчаш: Бу умумий белги бутун ҳомиладорлик даврида сақланиб қолиши мумкин. Ҳомилаликда зарур бўлган витаминлар ва шифокор томонидан берилган дори-дармонларни мунтазам равишда қабул қилиб, етарлича дам олинг. Агар сиз чарчоқни ҳис қилсангиз, кофеин ва шакар истеъмол қилишдан сақланинг. Иккаласи ҳам бу муаммони қўзғатади.
Ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида нима учун ажралма келади?
Кўп аёлларда ҳомиладорлик пайтида вагинал ажралмалар келади. Оқ рангли сувли, шаффоф, озгина ҳидли ёки ҳидсиз ажралма табиий ҳол. Бунинг сабаби ҳомиладорлик пайтида анчагина кенгайиб борадиган қин деворига гормонларнинг босими натижаси. Ҳомиладорликнинг 5-афтасида ажралма кўпайиши ва ҳомиладорлик даврида кучайиши мумкин. Ажралмадаги кислоталиликнинг юқори миқдори зарарли бактериялар кўпйишининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди деб тахмин қилинади. Қин ичига душ оқимини йўналтирмаслик, пахта матоли ич кийимдан фойдаланиш, қулай ва кенг кийимлар кийиш фойдали бўлиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида қонли ажралма келишининг сабаби нима?
Ҳомиладорликнинг дастлабки 12 ҳафтасида сиз озгина қон келиши қон доғларини кузатишингиз мумкин. Қон келиши, унинг қуюқлиги, давомийлиги, тез ёки оз муддат оралаб келишига қараб кўп нарсаларнинг хабарчиси бўлиши мумкин. Буни кузатиб бориш ва шифокорга тўғри маълумот бериш жуда муҳимдир. Сиз қоннинг қуюқлиги, ранги (оч пушти, оч қизил, тўқ қизил ва ҳ.к), давомийлиги, қон кетиш оралиғини аниқ қайд этиб шифокорингиз билан маслаҳатлашишингиз лозим бўлади.
Беш ҳафталик ҳомиладорлик пайтида қон келиш биринчи триместрда бўладиган табиий ҳолат ёки ҳомила тушиш хавфининг хабарчиси ҳам бўлиши мумкин. Аммо ҳар бир қонли ажралма шундай хавф туғдиради дегани эмас. Ўз вақтида текширувларга борсангиз ва шифокор билан тез-тез маслаҳатлашиб турсангиз, кутилмаган муаммога дуч келишингиз эҳтимоли камроқ бўлади.
Ҳомиладорликнинг 5-хафтасида кўнгил айниш
"Ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида кўнгил айниш бўладими?" деб сўрашингиз мумкин. Ҳа, ҳомиладорликнинг 5-ҳафтаси кўнгил айниш содир бўладиган ҳафталардан биридир. Баъзи аёллар учун кўнгил айниши қусиб-қусмасликдан қатъи назар ҳомиладорликнинг дастлабки белгиси саналади. Одатда бу эрталаблари кузатилад. Ҳомиладор аёлларнинг деярли 75 фоизида учрайди. Агар омадингиз бўлса, сизда бундай бўлмаслиги ҳам мумкин.
Нафақат эрталабки балки куннинг исталган пайтида ҳам кўнгил айнишига дучор бўлиш мумкин. Кўпинча биринчи триместрда, яъни ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойида кузатилади. Асосан одатда 5- дан 8-ҳафтагача пайдо бўлади. 13-14-хафталарга келиб бу ҳолат анча пасаяди.
Хўш, ҳомиладорликнинг 5 хафтасида нима ейиш керак, кўнгил айнишини камайтириш учун нима қилиш керак?
Углеводларга бой, кам ёғли ва осон ҳазм бўладиган таомларни танлашингиз мумкин.
Тузли ва занжабилли емаклар ҳам баъзан фойда беради.
Ёғли ва зираворли овқатлардан узоқ бўлишингиз керак.
Ётишдан олдин қондаги шакар миқдорини юқори оқсилли егулик билан мувозанатлашингиз мумкин.
Эрталаб туришдан олдин бир нечта печенье бўлакларини ейишингиз мумкин. Булар ошқозон кислотасининг шимилишига ёрдам беради.
Барра занжабилни чайнашингиз мумкин, уни хом ейишингиз ёки сувда қайнатишингиз ва ўсимлик чойига солиб ичишингиз мумкин.
Лимонад ёки тарвуздан ҳам фойдаланишингиз мумкин.
Ошқозон бўш қолганда ҳам ва тўла бўлганда ҳам кўнгил айниш ҳисси кучаяди. 3 марта овқатланиш ўрнига сиз кун давомида тез-тез, аммо оз-оздан овқатланишингиз фойдалироқ.
Кўп суюқлик истеъмол қилишни унутмаслик керак.
Агар витамин қабул қилгандан кейин кўнгил айнишни ҳис қилсангиз, уни кечаси ёки овқат билан бирга қабул қилишга уриниб кўришингиз мумкин. Қабул қилгандан кейин ширинлик ёки сақич енгиллатиши мумкин.
Бизда фойдали мақола бор: “Токсикоз” ҳақида яхши хабар! Ва уни енгиллатиш йўллари.
Ҳомиладорликда овқатланиш қоидалари ҳақида қуйидаги мақолани ўқинг: Ҳомиладорликда овқатланишнинг 7 та муҳим қоидаси
Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида нималарга эътибор бериш керак?
Ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасидан бошлаб эътиборга олинадиган нарсалар рўйхати билан танишишингиз керак. Чунки 5- ва 10- ҳафталар орасида ҳомила жуда заиф ва нимжон бўлади. Ушбу даврда чақалоқнинг барча асосий органлари шаклланади ва эмбрионга ҳар қандай зарар етказилиши сезиларли даражадаги туғилиш нуқсонига олиб келиши мумкин. Эмбрионга зарар етказадиган нарсалар қуйидагилар:
Зарарли ва заҳарли моддалар
Спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар ва баъзи таркибида тератогенлар бўлган дорилар. Бу нарсалардан мутлақо узоқда бўлиш ва ҳеч қандай дори-дармонларни шифокорингизнинг рухсатисиз ишлатмаслигингиз керак.
Инфекциялар
Бундай қалтис даврда вируслар ва бактериялар болага зарар етказади. Бола инфекцияни фақат онаси орқали олиши мумкин. Вакциналар ва табиий иммунитет сизни кўплаб зарарли инфекциялардан ҳимоя қилади. Ҳомиладорлик пайтида сиз сувчечак, қизамиқ, қизилча, тепки, гепатит каби касалликларга учрамаслик учун чоралар кўришингиз керак.
Нурланиш
Саратон касаллигини даволашда ишлатиладиган радиотерапия каби юқори дозали нурланиш болага зарар етказади. Аммо ташхис учун ишлатиладиган паст дозали нурланиш нуқсон билан туғилиш хавфига юқори даражада таъсир қилмайди. Аммо, заруратсиз ҳомиладорлик пайтида рентгенга тушмаган маъқул. Жуда зарур тиббий ҳолатда, сиз албатта шифокорингиз билан маслаҳатлашиб қарор қабул қилишингиз керак.
Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда тиш даволатиш
Нотўғри овқатланиш
Агар ҳомиладорлик пайтида етарсиз ёки нотўғри овқатланиш одат тусига кирса, у болага зарар етказади. Маълум бир озуқани жуда оз истеъмол қилиш ҳужайранинг ривожланишига салбий таъсир қилиши мумкин. Сиз шифокор кўрсатмаси билан фолий кислотаси бўлган витаминли қўшимчаларни олишингиз керак. Эсингизда бўлсин, ҳомиладорлик пайтида тўғри овқатланиш - бу сизнинг болангизга берадиган биринчи ва энг яхши совғангиздир.
Бу даврда стресс, депрессия, салбий руҳий кайфият ҳам болага таъсир қилмай қолмайди. Имкон қадар ижобий фикрлар қилинг, яхши чиройли орзу-ниятлар қилинг, дуо ва илтижолар қилиш билан бирга маънавий озуқа бўладиган, комилликка ташвиқ қиладиган асарлар мутолаа қилинг. Яхши, солиҳ инсонлар даврасида бўлинг. Улар албатта ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Барча салбий ўй-фикрларни миянгиздан қувинг, тўғрироғи улар ихтиёрсиз келса ҳам сиз аҳамият берманг, бошқа фойдали ишлар билан машғул бўлинг, шунда ўзи сизни тарк этиб йўқолиб кетади.
5-ҳафталик ҳомиладорликда жинсий алоқа
Аслида ҳомиладорликда жинсий алоқа зарарсиз ҳисболанса−да, айрим ҳолатларда эҳтиёт бўлган маъқул. Айниқса агар қонли ажралма келаётган бўлса. Зотан бу даврда ўзингиз ҳам буни унча хоҳламаслигингиз мумкин. Гормонал ўзгаришлар, кўнгил айниш ва чарчоқ биринчи 3 ой ичида, шу жумладан 5-ҳафтада жинсий истакни йўқотади. Бу ҳолат иккинчи триместрда ўзгаради.
Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.
ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ
Каналга уланинг:👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ