3-ҲАФТА

 3-ҲАФТА

@ginekologim
3 ҳафталик

2-ҳафта 4-ҳафта

3-ҳафтада ҳомиладорлик аниқланадими? Ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтасида нималарни бошдан кечирасиз? Уч ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай? Сизнинг ақлингизда шу каби саволлар бўлиши мумкин. Қуйида уларнинг жавоблар билан танишинг.

Аввало “3 хафтадан сўнг ҳомиладорлик маълум бўладими?” деган саволдан бошлайлик. Ҳомиладорликнинг ушбу 3-ҳафтасида ҳеч қандай ўзгаришларни сезмайсиз. Чунки бу ҳали жуда эрта! 3-ҳафтада ҳомиладор бўлганлигини камдан-кам аёллар билишади. Эсингизда бўлсин, ҳали бир муддатлик ҳайз цикли тугагани йўқ. Агар сиз режалаштирилган асосда ҳомиладор бўлишга ҳаракат қилаётган ва мунтазам равишда шифокорнинг текширувига бораётган бўлсангиз, буни аниқлашингиз мумкин.

  3 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай?

3-ҳафтада бирон бир ўзгаришларни сезмаган бўлсангиз ҳам, бу ҳафта ҳомиладорликнинг энг муҳим воқеаси рўй беради: уруғланиш! Уруғланиш, ўзингиз билгандек, сперматозоид ва тухум ҳужайранинг бирикишидир. Шундай қилиб, энди аслини олганда нари борса 1 ҳафталик эмбрион мавжуд бўлади.

Ичингизда ўсаётган эмбрион ҳали жуда кичик. У ҳатто бир гуруҳ ҳужайралардан иборат, аммо бу ҳужайралар кўпайиб тез ўсмоқда. Ривожланаётган ҳужайра куррасига зигота дейилади. Ҳужайралар бўлиниб кўпайишда давом этар экан, зигота бачадон найлари орқали бачадонга тушади.

Ҳомила игна учининг ўлчамидекдир. Албатта, ҳужайралар гуруҳи ҳали ҳомила ёки чақалоқ эмас. Ушбу биринчи ҳафтада эмбрион ўлчами тахминан 0,15 мм бўлади

Ҳомиладорликнинг 3 хафтасида онада қандай ўзгаришлар юз беради?

Ҳомиладорликнинг 3-ҳафтасида қондаги ХГЧ миқдори 5 дан 50 гача (мМЕ /мл) бўлади. Бу миқдор 3-ҳафта учун меъёрий ҳолат чегаралари саналади. Шуни эсда тутингки, ушбу оралиқдаги исталган миқдор меъёрий бўлиб, уни атрофдаги бошқа ҳомиладор аёлларники билан таққосламанг.

Ҳомиладорликнинг 3-ҳафтасидаги аломатлар орасида қуйидагилар ҳам кузатилиши мумкин:

Кўнгил айниши ва қусиш;

Ҳидларга сезувчанлик;

Оғиздаги темир таъми;

Овқатни истамаслик ёки овқатга иштиёқ;

Кучли уйқу ҳисси;

Тез-тез пешоб қилиш каби ҳомиладорликнинг 2-ҳафтасида ҳам қайд қилганимиз белгилар.

Аммо сиз ҳали ушбу аломатлардан бирини бошдан кечирмаган бўлишингиз ҳам мумкин. Бундан ташқари, айрим аёллар овуляция даврида енгил санчиқ ёки оғриқни бошдан кечириши ёки ҳомиладорликнинг 3-хафтаси аломатлари сифатида ажралма кўпайиши кузатиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида ажралмалар ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг: Ҳомиладорликнинг илк даврида ажралмалар

Ҳомиладорликнинг 3 ҳафтасида учрайдиган симптомлар

Ҳомиладорлик даврида имплантация

Имплантация


Уруғланган тухум ҳужайра бачадонга ўрнашганда, 5-10 кундан кейин жуда оз миқдорда қон келиши мумкин. Уруғлангандан сўнг эмбрион ҳужайралари тез кўпайиб бачадонга тушади. Эмбрион ўзига тайёрланган бачадонга жойлашиш учун мос жойни танлайди. Кўпинча бачадоннинг юқори қисмида орқа деворга жойлашади. Ушбу ўрнашиш пайтида баъзида капилляр қон томирлар ёрилиб қонайди ва бу имплантацион қон келиши деб аталади.

Аёлларнинг 30% дан камроғида имплантацион қон келиши кузатилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳомиладорликнинг 3-ҳафтасида қон келишининг сабаби эмбрионнинг бачадонга имплантацияси билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиши

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиши ҳар бир аёлда ташвиш туғдиради, аммо ҳомиладорлик пайтида қон кетиши ҳар доим ҳам меъёрдан ташқари эмас. Баъзи тадқиқотчилар ҳомиладорлик пайтида ҳар 5 аёлдан биттасида биринчи триместрда қон кетиши кузатилишини таъкидлаганлар. "Қон кетганда 3 ҳафталик ҳомила тушадими?" деган савол беришингиз мумкин. Аммо шуни билишингиз керакки, қон кетиши кузатилган ҳамма аёлда ҳам ҳомила тушиши кузатилмайди.

Имплантация даврида қон кетиши ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Бу ҳолат бачадон сиртида юзага келади. Сиз бу даврда ҳомиладорлигингизни ҳали билмайсиз. Чунки ҳали бир ҳайз муддати тугагани ҳам йўқ. Шундай экан, бу ҳолда сиз янги ҳайз цикли бошланди деб ўйлашингиз ҳам мумкин.

Бачадон кенгайган сари плацента шаклланиб, томир алоқалари ҳосил бўлади. Ҳомиладорликнинг 3-хафтасидаги қон шу пайтда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Қаттиқ жисмоний машқлар ёки жинсий алоқа ҳам қон кетишига олиб келиши мумкин. Қон кетиш ҳомиладорликнинг турли триместрларида турли сабабларга кўра пайдо бўлиши мумкин.

 

3 ҳафталик ҳомиладорлик пайтида нималарга эътибор бериш керак?

Уч ҳафталик ҳомиладорликда фолий кислотаси истеъмоли

Ҳомиладорликнинг дастлабки ойларида фолий кислотаси ёки B9 витамини деб аталувчи модда алоҳида ўрин тутади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомиладорлик пайтида фолий кислотасини қабул қилиш чақалоқдаги асаб найчалари нуқсонларининг олдини олиш ёки камайтиришга ёрдам беради.

Ушбу нуқсонларнинг баъзилари умуртқа поғона ёрилиши (spina bifida -орқа мия ва нервларни очиқ қолдирадиган даржада умуртқа поғонасида ёриқлар ҳосил бўлиши), аненцефалия (мия ва орқа миянинг йўқлиги) ва энцефалоцеле (мия қобиғи ва нерв тўқималарининг бош суягидаги бўшлиқ нуқсонига чиқиб қолиши) ҳисобланади.


Тадқиқотчилар, ҳомиладор бўлишни истаган аёллар ҳомиладорликдан олдин ва ҳомиладорликнинг дастлабки 13 ҳафтасида, агар кунига 0,4 мг фолий кислотасини истеъмол қилсалар, умуртқа поғона ёрилишини (спина бифида) олдини олиш мумкин, деб ҳисоблашади. Албатта, бу масалада энг тўғри қарор қабул қиладиган киши сизнинг ҳомиладорлигингизни бошидан охиригача назорат қилувчи шифокорингиз ҳисобланади.

Гарчи шифокор сизга фолий кислотаси тайинлаган бўлса ҳам, таркибида фолий кислотаси мавжуд бўлган озуқаларни билиб олиш фойдалидир: салсабил, авакадо, банан, қора ловия, брокколи, тухум сариғи, цитрус мевалар, яшил баргли сабзавотлар, яшил ловия, қулупнай, маржумак, нўхат, жигар, йогурт - булар фолий кислотасига бой овқатлар.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорлик 1-триместрда қандай овқатланиш керак

Ҳомиладорлик пайтида жисмоний машқлар

Жисмоний машқлар соғлом турмуш тарзи яшайдиган кўплаб одамлар учун ҳаётнинг муҳим қисми саналади. Мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш соғлиқ борасидаги муаммоларнинг (юрак-қон томир касалликлари, остеопороз, ҳайз олди синдроми, руҳий тушкунлик, семизлик каби) олдини олишда муҳим рол ўйнайди.

Ҳомиладор аёллар учун энг муносиб машқлар: тез юриш, сузиш, ҳомиладорлар учун пилатес машқлари (Пилатес – XX аср бошида Пилатес исмли спорт мутахассиси томонидан жароҳатдан сўнгра инсонларни реабилитация қилиш учун ишлаб чиқилган жисмоний машқлар тизими)

Пилатес

Ҳомиладорлик пайтида жисмоний машқлар билан шуғулланишдан олдин албатта шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Аспириндан фойдаланиш

Ҳомиладорлик пайтида олинган деярли барча дори болага салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аспиринни истеъмол қилиш ҳақида огоҳлантирилишимизнинг сабаби шундаки, аспирин қон кетишини кучайтириши мумкин. Чунки у қонни суюлтиради. Тромбоцитлар миқдорининг ўзгаришига олиб келади. Тромбоцитлар қон ивиши учун муҳимдир. Аммо баъзида аксинча тромбофилия сабабли илгари ҳомила тушиши кузатилган аёлга аспирин ичиш тавсия этилиши ҳам мумкин.

Шунинг учун сиз ҳомиладорлигингиз даврида дориларни, шу жумладан аспиринни ҳам истеъмол қилиш борасида шифокорингиздан аниқ маълумот олишингиз ва ўзбошимча дорилар қабул қилмаслигингиз керак бўлади.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.


ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

  КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page