ҲОМИЛАДОРЛИКДА ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШ КЕРАК? (3-триместр)
@ginekologim
Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида сизга кўпроқ қувват берадиган маҳсулотлар керак бўлади. Ушбу даврда ҳомилангиз тез вазн ола бошлайди. Кунига 300-350 калория қўшимча озуқа олишингиз керак бўлиши мумкин. Агар сиз оз вазнли ҳомиладор бўлсангиз, кунига балки 500 калория миқдоригача ошириш ўринли бўлади.
“Д” витамини олишни давом эттиринг. “Д” витаминига эҳтиёж одатда эмизиш даврида ҳам сақланиб қолади. “Д” витамини миқдори бўйича балиқ, тухум ва донли маҳсулотлари сизга кифоя қилиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида “C” витаминига бўлган эҳтиёж ҳам 25% га ошади. Сиз кунига витамин “C” га бой камида битта мева истеъмол қилишингиз керак. Апельсин, мандарин, грейфурт, қулупнай, лимон каби.
Тўқ яшил сабзавотлар ва кўкатлар фолий кислотаси ва темир моддасга бой. Улардан кўп-кўп енг.
Ҳар овқат пайтида крахмалли ва кепакли, углеводли маҳсулотлар истеъмол қилишни давом эттиринг.
Кунига икки марта ёғсиз гўшт, парранда гўшти, балиқ, тухум, бодом, нўхат, ёнғоқ, ловия, ясмиқ, фасоль каби оқсилли маҳсулотлардан истеъмол қилинг.
18 ёшдан ошган ҳомиладор аёлларда кунлик калций миқдори 1000, 18 ёшгача бўлганлар учун эса 1300 мг ни ташкил қилади. Яшил баргли сабзавотлар, кўкатлар, нўхат, ловия, фасоль, ёнғоқ, ва творог каби таркибида калций бўлган маҳсулотлардан истеъмол қилишни унутманг.
Омега-3 ёғ кислотасига ҳам жуда муҳим, балиқ истеъмол қилишни унутманг. Айниқса, 3-триместрда сизнинг Омега-3 га бўлган эҳтиёжингиз ортади; чунки ҳомилангизнинг мияси ривожланиши тезлашади. Бодом, ёнғоқ, зиғир ёғи ва денгиз маҳсулотлари - бу сизнинг Омега-3 га бўлган эҳтиёжларингизни қондиришга имкон берадиган егуликларга киради.
Бу мақолани ўқидингизми: Ҳомиладорлик даврида фойдали маҳсулотлар: ҳомила яхши ривожланиши учун нималар ейиш керак?
3-триместрда кўп кузатиладиган муаммоларга дуч келганда қандай овқатланиш керак?
Қабзият (ич қотиши): Баъзи ҳомиладорлик гормонлари ичак ҳаракатини секинлаштиради. Шунингдек, темир моддали препаратлар ҳомиладорлик пайтида ич қотишига олиб келиши мумкин. Қабзият муаммоси учун сиз кўп миқдорда дон ва толали овқатлар истеъмол қилишингиз ва тўйиб-тўйиб сув ичишингиз керак.
Камқонлик (анемия): Ҳомиладорлик даврида камқонлик билан боғлиқ муаммоларни олдини олиш учун барра лаҳм гўшт, ёғли балиқ, ловия, ясмиқ (чечевица), нўхот ва донли маҳсулотларни истеъмол қилинг.
Жиғилдон қайнаши: Оз-оздан ва кўп марта овқатланиш жиғилдон қайнаши учун асосий чоралардан бири. Агар сиз кечки пайтларда овқатланаётган бўлсангиз, бунга ҳозироқ чек қўйинг.
Чарчоқ: Ҳомиладорлик даврида чарчоқ тез-тез учрайдиган шикоятлардандир. Агар сиз ширинликлар ўрнига кепакли (отруб) маҳсулотлар, мева ва сабзавотларни истеъмол қилсангиз озуқланиш қуввати ортади.
Шишлар: Агар сиз кўп миқдордаги шакарсиз суюқлик ичсангиз - иложи борича сув ичинг - ортиқча суюқликни танангиздан чиқариб юборишга эришишингиз мумкин.
Энди ҳафталар бўйича қўшимча тавсиялар:
24 - 28 ҳафта. Айнан шу даврга келиб овқатланиш тартибига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Овқат маҳсулoти майда бўлаклардан иборат бўлгани мақсадга мувофиқ. Чунки, бу даврда бачадон жадал катталашади, қорин бўшлиғида катта жойни эгаллайди ва ошқозонни пастдан куч билан итаради. Натижада, унинг ҳажми кичраяди ва озгина ортиқча озуқани ҳам ҳазм қилиши қийинлашади. Айрим ҳолларда камгина таом ҳам жиғилдон қайнаши каби нохуш ҳолатларни юзага келтиради. Ушбу даврда газли ичимликлар ва каҳва ичиш мумкин эмас. Чунки улар жиғилдон қайнашини кучайтиради. Овқатланиш рационининг хилма - хил бўлишини таъминлаш керак.
29 - 34 ҳафта. Ҳомиладорликнинг 8 ойига келиб, ҳомиланинг суяклари ўсиши жадаллашади, шунинг учун таркибида кўп миқдорда кальций сақловчи маҳсулoтларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Миянинг ривожланишида эса ёғ кислоталарининг овқат рационида бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, кальцийнинг ўзлаштирилишида ҳам бу моддаларнинг ўрни беқиёс. Овқат рационида темир моддасининг етишмаслиги онада ва ҳомилада камқонлик ривожланишига олиб келиши мумкин. Бу даврда ёғли балиқ, ёнғоқ, гўшт, яшил сабзавотлар ва писта истеъмол қилиш организм учун фойдали ҳисобланади.
35 – 40 ҳафта. Ҳомиладорликнинг охирги ҳафталари, 9 ойида овқатланиш тартиби ҳомиладор аёл организмига умумий қувват берувчи маҳсулoтлардан иборат бўлишини таъминлаш зарур. Уни мураккаб ва куч талаб қиладиган туғруққа тайёрлаш керак. Организм учун энергиянинг асосий манбаи углеводлар ҳисобланганлиги учун туғруқдан олдинги даврда овқат рационида уларга кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Бу даврда ҳомиладор аёлга турли хил бўтқалар, гўштли таомлар ва сабзавотлар истеъмол қилишни тавсия киламиз.
Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар ва “Соғлом овқатланиш – саломатлик мезони”(Ш.Каримов таҳрири остида, Тошкент, 2015) китоби асосида тайёрланди.
ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ
Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻