Хайрия ишларига қаратилган “Юрак амри” лойиҳасининг асосчиси Сардор Раҳимхон лойиҳа доирасида Қўрғонтепа туманига келди
andijan.uz
Муҳтарам юртбошимиз томонидан пандемия даврида олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида, бутун дунё аҳолиси ўртасида глобал муаммолар юзага келганига қарамай, ушбу вазият таъсир доирасидан анча йироқда бўлиб келдик.

Қолаверса эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббуси билан, юртимизда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик шукуҳи ўз ҳукмини суриб келмоқда.

Шулар қаторида юртимизда бир қанча хайрия лойиҳалари ҳам ташкил этилган бўлиб, ҳозирги пайтда улардан энг кўп тилга олиниб келаётган собиқ машҳур хонанда Сардор Раҳимхон ташкил этган “Юрак амри” лойиҳасидир.
Ушбу лойиҳа доирасида бир қанча оилаларга катта кўмак кўрсатилаётганлиги, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлардаги асосий мавзулардан бирига айланиб улгурган. Лойиҳа давомида юртимизнинг турли нуқталарига сафар қилаётган жамоа, бугун Қўрғонтепа туманига келди.

Дастлаб, Қўрғонтепа тумани ҳокими Авазбек Эргашев, лойиҳа асосчиси Сардор Раҳимхон билан суҳбатлашиб, туманимизда белгиланган тартибда амалга оширилаётган хайрия ҳаракатлари, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш устида кўрилаётган қатор чора-тадбирлар билан таништириб ўтди.
Туманимиз худдида олиб борилаётган ишларга гувоҳ бўлган меҳмонлар, илиқ таассуротларини баён этишди ва туманимиз фаровонлигини мустаҳкамлашда ҳаммага куч-ғайрат тилаган ҳолда, иш режалари бўйича турли манзиллар сари йўл олишди.
Меҳр-оқибат, саховат тушунчасини ўзида мужаcсам этган ушбу савобли лойиҳа фаолиятига давомийлик тилаб қоламиз!