Ширин шаҳрида устозларга эҳтиром кўрсатилди

Ширин шаҳрида устозларга эҳтиром кўрсатилди

https://telegra.ph/tezkor-yangiliklar-09-29

1 октябрь – "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида тантанали тадбир ўтказилди. Унда шаҳар ҳокими, фахрий устозлар, педагог ва мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов барча устоз ва мураббийларни байрам билан табриклаб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар ҳамда келгуси режалар ҳақида сўзлади. Унинг таъкидлашича, устоз ва мураббийлар жамият таянчи, келажак авлодни баркамол инсон этиб тарбиялашда асосий куч ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ширин шаҳрида 4 та умумтаълим мактаби, “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда 13 та мактабгача таълим муассасасида 124 нафардан зиёд педагог ва тарбиячи фаолият юритмоқда. "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" айни уларнинг меҳнат байрами сифатида катта аҳамият касб этади.

Қувонарлиси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 6 мартда қабул қилинган “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида таълим соҳасига катта инвестициялар йўналтирилмоқда. Жумладан, “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси буйруғи билан қиймати 3 миллиард 716 миллион сўм бўлган 1-сонли мактабгача таълим муассасаси қайта қурилиб, замонавий шароитда фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Баркамол авлод” мактабида ҳам капитал таъмирлаш ишлари бошланиб, бунинг учун 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

– Шу орқали нафақат устоз ва ўқитувчиларимиз, балки минглаб ўқувчилар учун ҳам қулай имконият эшиклари очилди, – деди шаҳар ҳокими.

Яна бир муҳим жиҳат – ўтган ўқув йилида шаҳар мактабларини битирган ўқувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи сезиларли даражада ошди. Агар 2024 йилда бу кўрсаткич 46 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 80 фоизга етди. Бу натижаларнинг замирида ўқитувчиларнинг фидойи меҳнати, таълим жараёнига киритилган инновациялар ва ўқувчиларнинг изланишга бўлган интилиши ётибди.

Шу билан бирга, шаҳарнинг 2-сонли умумтаълим мактаби жамоаси Президент соврини учун ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида нафақат вилоят, балки республика миқёсида ҳам муваффақият қозонди. Мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иккинчи бор Лондонга 7 кунлик таълим саёҳатига йўлланма ва пул мукофотига эга бўлди.

Тантанали маросим давомида бир қатор педагог ва таълим фидойиларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилиб, уларнинг меҳнати юксак қадрланди.

Мусиқий чиқишлар, куй-қўшиқлар ва бадиий композициялар тадбирга янада файз бағишлаб, иштирокчиларга қувончли лаҳзалар улашди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Report Page