Шифокорлар замонавий реанимация усулларини ўрганди

Шифокорлар замонавий реанимация усулларини ўрганди

https://telegra.ph/Tezkor-habar-10-04

Она ва бола саломатлигини асраб-авайлаш — ҳар қандай жамиятнинг энг олий мақсадларидан бири. Чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш, онага малакали тиббий ёрдам кўрсатиш эса шифокорлардан нафақат чуқур билим, балки улкан тажриба ва юксак масъулият талаб қилади.

Айнан шу мақсадда Сирдарёда муҳим қадам ташланди: Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида “Чақалоқларга респиратор ёрдам ва интенсив даволаш, бирламчи реанимация” мавзусида тренинг машғулоти ташкил этилди.

Мазкур машғулот “Ишонч – 2030” лойиҳаси доирасида ўтказилиб, унда АҚШ мутахассислари Кирк Уотерс ва Женифер Шоу ҳамда миллий координаторлар иштирок этди. Хорижлик экспертлар маҳаллий неонатолог шифокорлар билан тажриба алмашиб, замонавий тиббий ёндашувлар ва халқаро амалиётда синовдан ўтган усулларни намойиш қилди.

Тренинг доирасида иштирокчилар нафақат назарий билимлар билан танишишди, балки реал ҳолатларда амалий машқларни бажаришди. Бу жараён уларнинг тўғри ва тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаб, ҳаётий муҳим вазиятларда шифокорнинг ишончли ҳаракат қилиш салоҳиятини оширди.

Марказ директори, 1-тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева тренинг аҳамияти ҳақида шундай деди: — Чақалоқ ҳаётини асраб қолиш кўп ҳолларда шифокорнинг тайёргарлиги ва амалий кўникмасига боғлиқ. Бундай машғулотлар мутахассисларимизнинг билим ва тажрибасини халқаро андозаларга яқинлаштириб, уларда ишонч ва масъулият туйғусини янада кучайтиради. Бу эса соғлом авлод дунёга келиши ва она-болалар саломатлигини муҳофаза қилишда беқиёс аҳамиятга эга.

Шубҳа йўқки, Сирдарёда ўтказилган бу амалий-назарий машғулотлар шифокорларнинг малакасини ошириш, перинатал кўрсаткичларни яхшилаш ва авлод саломатлигини таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири


Report Page