Фидойи ҳамшира — инсон ҳаёти посбони
https://telegra.ph/Tezkor-habar-10-01-2Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалининг катталар реанимацияси бўлимида катта ҳамшира бўлиб ишлаётган Гулноза Назиралиеванинг ҳаёт йўли ибратлидир. У ёш бўлса-да, ўз йўлини тиббиётга бағишлади ва бугун беморлар ҳаёти учун курашда фидойилик билан хизмат қилмоқда.
Реанимация бўлими — ҳар дақиқа, ҳар сония ҳисобли бўлган маскан. Бу ерда шовқин-сурон йўқ, аммо қалбларни титратувчи оғир сукут ҳукм суради. Ҳар бир нафас, ҳар бир қон айланиши, ҳар бир ишора — инсон тақдирини белгилайди.
1987 йилда Гулистон шаҳрида туғилган Гулноза Назиралиева 2006 йилдан буён тиббиёт соҳасида фаолият юритиб келади. Йиллар давомида у касбий маҳорати, сабр-тоқати ва меҳрибонлиги билан ҳамкасблари учун намунага айланди. 2024-йилдан эса катталар реанимацияси бўлими катта ҳамшираси сифатида ишлаб, ҳамширалар фаолиятини мувофиқлаштириш ва беморларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишда масъулият билан меҳнат қилмоқда.
— “Реанимацияда ишлаш катта масъулият ва сабр-тоқатни талаб қилади. Бизнинг асосий вазифамиз — инсонни асраб қолиш. Беморнинг яна бир бор ҳаётга қайтиши биз учун энг катта мукофотдир”, — дейди Гулноза.
Бу сўзлар ортида фақат касбий бурч эмас, балки самимият, меҳр ва фидойилик ҳам мужассам. Чунки реанимация — ҳаёт ва ўлим чегараси. Ана шу чегарада ҳамширанинг ғамхўр қўли, илиқ сўзи беморга умид бағишлайди.
Гулноза Назиралиева нафақат тажрибали ҳамшира, балки ҳамкасблари учун ҳам таянч ва йўлбошчи. Унинг меҳрибонлиги ва самимийлиги беморларга шифо, жамоасига эса ишонч бағишлайди. Ҳар бир иш куни инсон ҳаётини сақлаб қолиш йўлидаги тинмас ҳаракатлар билан ўтади.
Соғлиқни сақлаш тизимининг ҳақиқий юраги ана шундай фидойи ҳамширалардир. Улар кўпинча кўзга ташланмайди. Аммо ҳар бир асраб қолинган ҳаёт, ҳар бир тиниқ нафас — уларнинг садоқати ва меҳнатининг самарасидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири