Сирдарё “Дори-Дармон”да фармацевтлар ва устозлар шарафланди
https://telegra.ph/Tezkor-habar-09-30Сирдарё вилоятидаги “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси минтақавий бўлинмаси томонидан “Бутунжаҳон фармацевтлар куни” ҳамда “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Учрашувда соҳа ривожига кўп йиллар хизмат қилган нуронийлар ва фахрийлар, ҳозирда тизимда самарали меҳнат қилаётган ходимлар ҳам иштирок этди. Тадбир чоғида жамият фаолияти йўлга қўйилган дастлабки кунлардан буён аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Жамият раиси Алишер Кунишев иштирокчиларни самимий табриклаб, давлат раҳбари томонидан дори-дармон таъминоти ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилишга қаратилган қарорлар ижроси ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, бир неча йил аввал мавжуд бўлган молиявий қийинчиликлар бир мунча барқарорлашди, товар-моддий ресурслар ҳажми бир неча баробар ошди, ижтимоий дорихоналар ва шифо масканларида мавжуд дори воситалари турлари мингдан ошган.
Тадбирда 1980–1992 йилларда ва сўнгги йигирма йил давомида жамиятга раҳбарлик қилган собиқ раҳбарлар ҳам иштирок этиб, бугунги ислоҳотларга ўз муносабатларини билдиришди. Шунингдек, касб йўлида умрини бағишлаб, бу кунларга етиб келолмаган соҳа фидойилари хотираси ёдга олинди.
Учрашув якунида устозлар, фахрийлар ва ҳозирда тизимда самарали меҳнат қилаётган ходимларга эсдалик совғалари топширилди. Тадбир байрамона руҳда, миннатдорлик ва самимий муҳитда ўтди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири