Сардобада замонавий футбол майдони фойдаланишга топширилди

Сардобада замонавий футбол майдони фойдаланишга топширилди

https://telegra.ph/Tezkor-habar-09-29-2

Сирдарё вилоятида ёшларни спортга кенг жалб этиш ва улар учун муносиб шарт-шароит яратиш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу саъй-ҳаракатлар самараси сифатида Сардоба тумани спорт мактаби учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобидан, 90x60 метр ҳажмдаги замонавий сунъий қопламали футбол майдони барпо этилди.

Тантанали равишда фойдаланишга топширилган янги спорт майдони очилиш маросими ҳақиқий спорт байрамига айланди. Унда вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов, Олимпия қўмитасининг вилоят ижрочи директори Баҳодир Эшонов, туман ҳокими ўринбосари Баҳром Джумабоев, маҳаллий нуронийлар, спорт мактаби мураббийлари ва ёш спортчилар иштирок этди.

Янги майдон футбол, мини-футбол, регби, чим устида хоккей каби жамоавий спорт турлари билан шуғулланиш учун барча талабларга жавоб беради. Унда замонавий ёритиш тизими, қулай трибуналар ва хавфсизлик воситалари ўрнатилган бўлиб, ёшлар учун самарали машғулотлар ўтказиш имконияти яратилди. Шунингдек, мазкур майдонда туман ва вилоят миқёсидаги чемпионатлар, кубок мусобақаларини ўтказиш ҳам мумкин.

Тадбирда нутқ сўзлаган раҳбарлар ва нуронийлар спорт мактаби жамоасини янги спорт маскани билан қутлаб, келгусида бу ердан кўплаб иқтидорли спортчилар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

– Биласизми, Сардоба — Сирдарё вилоятининг энг чекка ва олис ҳудудларидан бири саналади,- деди туман спорт мактаби директори Тўлқин Низомов. – Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда туманимизда оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни жисмоний тарбияга жалб этиш, шунингдек, “Беш ташаббус” ва “Олимпияда чўққиси” каби лойиҳалар асосида мусобақалар ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада охирги тўрт йилда спорт билан шуғулланувчилар сони 800 нафардан 3 минг нафарга етди. Бу майдон эса бизнинг ишларимизда яна бир катта қадам бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, Сардобада футбол, волейбол, баскетбол, велоспорт, ўзбек жанг санъати, камондан ўқ отиш ва кураш турлари оммалашган. Бу ердан шахмат бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Баҳром Баҳриллаев каби истеъдодли спортчилар етишиб чиққан. Олимпия йўналишида 4 нафар, ноолимпия йўналишида эса 12 нафар спортчи жаҳон чемпионатида, 14 нафар йигит-қиз эса Осиё чемпионатларида муваффақият қозонгани ҳам туман спорт салоҳиятидан далолат беради.

Айни пайтда туманда ўзбек жанг санъати ҳам кенг ривожланмоқда. 2009 йилда ўзбекистонлик Пўлат Усмонов асос солган ушбу спорт тури билан ҳозирда Сардобада 500 нафарга яқин ёшлар шуғулланмоқда, 11 нафар мураббий эса уларга юқори савияда дарс бермоқда.

Тўлқин Низомовнинг таъкидлашича, сўнгги бир ярим йилда Сардоба тумани спорт мактаби “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 5 марта ғолиб чиққан. Шу асосда усти ёпиқ спорт зали қурилди, 800 миллион сўмлик спорт жиҳозлари, 12 ўринли 2 та микроавтобус олиб келинди. Ҳозирда эса 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобидан марказий стадионга сунъий қоплама ёйиш, 2 та беседка ва резина йўлаклар қуриш ишлари олиб борилмоқда.

– Бундай майдонларни чекка ҳудудларда барпо этилаётгани — ёшлар учун катта имконият. Чунки спортдаги катта натижалар, аввало, машғулот учун қулай шароитдан бошланади. Сардобада қурилган бу майдон келгусида нафақат футболчиларни, балки жамоавий спорт турлари бўйича кўплаб чемпионларни етиштиришига ишонаман. Энг муҳими, бу каби спорт масканлари ёшларнинг соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилади, –  дейди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон спорт устаси Мунаввар Норбоева.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Report Page