Чақалоқ учун энг хавфсиз озуқа — она сути

Чақалоқ учун энг хавфсиз озуқа — она сути

https://telegra.ph/TEZKOR-HABAR-10-04-3

Сирдарё вилоятида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида “Эмизикли ёшдаги чақалоқлар ва кичик ёшдаги болаларни озиқлантириш” мавзусида ўқув машғулоти ўтказилди. Машғулотнинг асосий мақсади тиббиёт ходимлари ва ота-оналарга чақалоқ ва болаларни тўғри озиқлантириш, она сутининг аҳамияти ҳамда эрта ёшдаги озиқланиш муаммоларининг олдини олиш борасида амалий тавсиялар беришдан иборат бўлди.

Машғулот давомида иштирокчиларга она сути билан боқишнинг афзалликлари тушунтирилди. Марказ мутахассислари таъкидлашича, чақалоқ учун энг хавфсиз ва фойдали озуқа — она сутидир. У боланинг дастлабки 6 ойида барча керакли озуқавий моддалар билан таъминлайди, иммун тизимини мустаҳкамлайди ва жисмоний ҳамда ақлий ривожланишини таъминлайди.

“Эмизиш фақат озуқа бериш эмас, балки она ва бола ўртасидаги боғланишни мустаҳкамлайдиган табиий жараён,” — дейди машғулотни олиб борган филиал бош дояси Мунаввар Тўхтабоева. — “Бола учун тўғри озиқлантиришни таъминлаш орқали унинг соғлом ўсиши ва иммун тизимини мустаҳкамлаш мумкин. Шу боис ота-оналар ҳар бир чақалоқни биринчи ойлардан она сути билан боқишга алоҳида эътибор қаратишлари зарур.”

Шунингдек, тиббиёт маркази мутахассислари ота-оналарга чақалоқни ҳар қандай имкониятда она сути билан боқиш, зарурат бўлса сунъий озуқага ҳам тиббий маслаҳат асосида мурожаат қилишни тавсия қилди. Бу нафақат боланинг соғлом ривожланиши, балки она саломатлигини муҳофаза қилиш имконини ҳам беради.

Марказ раҳбарияти таъкидлашича, бундай ўқув машғулотлар нафақат тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, балки сирдарёлик ота-оналарга болаларини тўғри озиқлантириш ва соғлом ривожланиши учун зарур маслаҳатлар бериш, шу билан жамиятда бола саломатлиги маданиятини юксалтириш имконини ҳам яратади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Report Page