Чақалоқлар ҳаётига чироқ ёққан ҳамшира

Чақалоқлар ҳаётига чироқ ёққан ҳамшира

https://telegra.ph/TEZKOR-HABAR-10-01

Чақалоқлар реанимацияси бўлими — бу ерда вақт ҳар сонияда ўлчанади. Инсон ҳаёти энг нозик чегарада турган бир паллада шифокор ва ҳамшираларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир нафаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу мураккаб ва масъулиятли жараёнда Назокат Юлдашеванинг меҳри ва меҳнати кўплаб чақалоқларга ҳаёт чироғини ёқди.

1986 йилда Мирзаободда оддий оилада дунёга келган қизнинг болалик орзуси ҳам оддий, ҳам олийжаноб эди: “Кимнингдир оғриғини енгил қилиш, кимгадир ёрдамчи бўлиш”. Бу орзу уни тиббиёт билим юртига олиб кирди. Талабалик йилларидаёқ у беморга меҳр қўймасдан туриб, малакали мутахассис бўлиб бўлмаслигини англади. Шу туйғулар 2005 йилда уни Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази Сирдарё филиалига олиб келди.

Аввалига назарияни амалиёт билан уйғунлаштириш қийин бўлди. Лекин у чиниқди, устоз шифокорлардан ва тажрибали ҳамширалардан сабоқ олди. Ҳар бир оғир аҳволдаги чақалоқ унинг учун янги синов, янги сабоқ эди.

2009 йил унинг ҳаётида бурилиш бўлди: муассаса раҳбарияти ва устозлари ишончи билан у чақалоқлар реанимацияси бўлими катта ҳамшираси этиб тайинланди. Бу лавозим унинг зиммасига нафақат масъулият, балки юрак ва виждон имтиҳонини ҳам юклади.

— Муддатидан олдин туғилган ёки оғир аҳволдаги чақалоққа қайта ҳаёт бахш этиш, оилаларга қувонч улашиш бахти насиб этганидан жуда хурсандман, — дейди Назокат Юлдашева. — Бу ишда ҳамширалар ҳам шифокорлар қаторида улкан масъулиятни зиммасига олади. Мен эса энг аввало касбимдан фахрланаман.

Йиллар давомида орттирган тажриба ва меҳрибонлиги орқали у юзлаб чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшди. Унинг меҳр қўллари кўплаб оилаларга бахт улашди. Бугунги кунда эса у нафақат малакали ҳамшира, балки ёш кадрлар учун ҳам ҳаётий мактаб вазифасини ўтамоқда.

Назокат Юлдашева қиёфасида биз касбига садоқатли, меҳрини инсон ҳаётига бағишлаган, “бир сония”нинг қадрини яхши англайдиган ҳақиқий тиббиёт қаҳрамонини кўрамиз.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Report Page