ТАКРОРИЙ ҲОМИЛА ТУШИШЛАРИ
@ginekologim
Такрорий ҳомила тушиши ўртача 1% пациентларда учрайди. Шуни ёдда тутиш керакки, такрорий ҳомила тушишлари кейинги ҳомиладорликнинг муваффақиятли ўтиш эҳтимолини камайтириши мумкин, ҳатто кўплаб ҳомила йўқотишларидан кейин ҳам бу эҳтимол сақланиб қолади.
Кўпинча пациентлар ТОРЧ−инфекция борлиги сабабли ҳомила тушади деб ўйлайдилар ва бу инфекциялардан бири аниқланса уни даволашга жиддий киришадилар. Аввало айтиб ўтайликки ТОРЧ-инфекциясининг сурункали тури (IgG) аниқланса уни даволаш шарт эмас, балки бу сизда шу инфекцияга қарши иммунитет бор дегани. Беҳуда маблағ ва вақт сарфлаб ўзингизни овора қилишингизга ҳожат йўқ. Ҳам кучли антибиотикларни қабул қилиш аксинча иммунитетингизни заифлаштиради. Ҳомиладор пайтингизда ҳам мазкур инфекция аниқланса хавотир олманг, сизга ҳам, ҳомилага ҳам зарари бўлмайди. Асосий иммунитетни оширдаган турмуш тарзини яшаш кифоя қилади. Илгарилари ТОРЧни даволашар эди. Аммо ҳозирда замонавий ва далилларга асосланган тиббиёт буни рад этади. Агар ТОРЧ-инфекциянинг ўткир турига (IgM) таҳлил топширганда мусбат, яъни бор деб чиқса у ҳолда даволаниш тавсия этилиши мумкин. Лекин бу камдан-кам учрайди. Кунимизда учраётган аксарият ҳолатларда ТОРЧ-инфекция ҳомила тушишига сабаб бўлмаслигини билмай аксарият аёлларимиз уни даволаб ортиқча сарсон бўлаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз.
Ҳомиланинг ҳар қандай тушишлари, шу жумладан такрорий ҳомила тушишлари сабаблари, тасодифий (ўз-ўзидан) ва нотасодифий (бирор доимий сабабга кўра) бўлиши мумкин. Ҳомила тушишининг энг кўп учрайдиган сабаби бу генетик нуқсонлар. Улар 12 ҳафтагача ҳомиладорлик ҳолатларининг ярмидан кўпида унинг ўз-ўзидан якун топишига олиб келади. Уруғлантириш пайтида ирсий маълумотни ўтказиш жараёнининг бузилиши, одатдагидан кўра кўпроқ учрайди. Яратувчи томонидан ўрнатилган кучли табиий тартибга солиш механизми соғлом наслнинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратишга ва яшашга лаёқатсизларини эса бартараф этишга қаратилган. Асосан, табиий танлашнинг бундай бузилиш ҳолати минимал такрорланиш хавфи билан тавсифланади, шунинг учун у қўшимча тадқиқотларни талаб қилмайди. Хромосомалар миқдори ва тузилишидаги нуқсон кўринишидаги такрорий ирсий аномалиялар кам учрайди ва келажакдаги хавфларни аниқлаш учун ота-оналарнинг диққат билан текширилишини талаб қилади.
Ўз-ўзидан рўй берадиган ҳомила тушишиларининг кенг тарқалган сабабларидан бири зарарли омиллар бўлиб, уларнинг таъсири нафақат агррессивлик даражаси билан, балки биринчи навбатда ҳомиладорликнинг муддати билан белгиланади. Кўпинча бу ҳомила учун бактерия ёки вирусга нисбатан ўткир реакция натижасида келиб чиқадиган юқумли инфекция зарари бўлади. Вужудимиздаги ҳар қандай инфекциянинг аксарияти, хайриятки, соғайиш билан якунланишини ва шунинг учун кейинги ҳомиладорликка хавф туғдирмаслигини англашимиз жуда муҳимдир.
Такрорий ҳомила тушишларининг сабаблари (хромосома нуқсонларидан ташқари):
• қон ивишининг ортишига (тромблар ҳосил бўлиши) ирсий ёки орттирилган мойиллик;
• бачадон ва бачадон бўйнининг туғма ёки орттирилган характердаги шакл ва функция бузилиши;
• қалқонсимон без ва иммун тизим фаолиятининг бузилиши.
Ҳомила тушишларининг бошқа сабаблари камроқ учрайди ва уларнинг ташхиси одатда дастлабки кўрик пайтида аниқланган касаллик тарихнинг махсус аломатлари асосида аниқланади.
Ҳомила тушишлари ҳақида умумий батафсилроқ маълумот учун қуйидаги мақолага қаранг: Ҳомила тушишлари ҳақида
Қалқонсимон без касалликлари ва такрорий ҳомила тушишлари орасидаги боғлиқлик
TТГ (тиреотроп гормони), яъни қалқонсимон безлар фаолиятини тартибга солувчи гормон даражаси юқори бўлган пациентларнинг касаллик тарихида такрорий ҳомила тушишлари кузатилади. Шунинг учун ЭКУ муолажасини бошлашдан олдин, қалқонсимон без фаолиятидаги нуқсонларни аниқлаш учун зарур таҳлиллар ўтказиш керак. Агар лаборатория текшируви натижаларига кўра ТТГ даражаси 5 ёки ундан ортиқ бўлса, эндокринолог билан маслаҳатлашиш ва дори воситалари билан даволашни бошлаш керак. Қалқонсимон без касалликларини ўз вақтида ташхислаш ва даволаш бепуштлик ва ҳомила тушишларининг олдини олади.
Ҳомиладорлик билан қалқонсимон без касалликларини биргаликда олиб бориш ҳам акушер-гинеколог, ҳамда эндокринолог томонидан диққат билан кузатилишни талаб қилади. Қалқонсимон без касалликлари фонида ҳомиладорлик юзага келиши темир танқислиги камқонлигига, ҳомиладорликнинг муддатидан олдин якун топишига, шунингдек преэклампсияга (қон босимининг ошиши билан тавсифланувчи ҳомиладорликнинг асоратлари) олиб келиши мумкин. Юқоридаги асоратлар онага тегишли бўлган асоратлардир. Ҳомилага тегишли бўлганларига келсак, муддатдан олдин эрта туғилиш, кичик вазнли бола туғилиши, ақлий заифлик, ҳомила давридаги ўлим каби асоратлар кузатилиши мумкин. Шунинг учун ҳомиладорликдан олдин ва ҳомиладорлик пайтида ўз вақтида даволаниш керак.
Ҳомила тушиши билан боғлиқ саволларингиз бўлса қуйидаги мақола сиз учун: Ҳомила тушиши ҳақидаги кўп сўраладиган саволларга жавоблар
Қон ивиш тизимининг такрорий ҳомила тушишларидаги роли
Ҳомиладорликнинг ривожланиши даврида аёлнинг организмида катта ўзгаришлар юз беради, хусусан, қон ивиши ортади. Бу туғиш пайтида қон йўқотишнинг камайиши билан ёки плацента кўчиши, ҳомила тушиши каби патологик шароитлар билан боғлиқ. Тромбофилияда қон қуйқалари (тромблар) пайдо бўлиш хавфи катта бўлади, агар унга ҳомиладорлик жараёнида қон ивишининг ортиши кўринишидаги физиологик хусусиятлар қўшилса, хавф янада катталшади.
Кўпинча ҳомиладор аёлларда антифосфолипид синдроми билан боғлиқ бўлган гематоген касаллик кузатилади. Бундай ҳолда касалликнинг кечишини одатда олдиндан айтиб бўлмайди ва уни универсал даволаш тартиби ҳам мавжуд эмас. Одатда, тромбофилия ўзини намоён қилмаслиги мумкин, аммо ҳомиладорлик пайтида тромбоз хавфи олти марта ошади. Асосий хавф қисқа муддатларда ҳомила тушишидир. Мазкур ҳолат, плацентага келадиган томирларда қон қуйқаларининг шаклланишига, бу эса ўз навбатида ҳомила гипоксияси ва ҳомила ривожланишининг кечикишига олиб келади. Озиқлантирувчи моддаларнинг ҳомилага келиши тўхтаб қолади, бу эса фетоплацентар етишмовчиликка, плацента кўчишига, ривожланиш нуқсонларига, ҳомила тушишига ва эрта туғилишга олиб келади.
Касаллик ўн ҳафтагача ҳеч қандай тарзда ўзини намоён қилмайди, деб ҳисобланади. Патологиянинг дастлабки муддатларда ҳомила ривожланишига таъсири ҳақида маълумотлар йўқ. Иккинчи уч ойлик паллада ҳам одатда тромбофилия ўзини сездирмайди ва нохуш оқибатлар камдан-кам рўй беради. Асоратлар хавфи 30 ҳафталардан сўнг ортади, унда плацента кўчиш ҳолати рўй бериши мумкин.
Агар касаллик ҳолатида ҳомиладлорликни ўтказишга эришилса ҳам, туғиш одатда муддатидан олдинроқ содир бўлади.
Репродуктолог ва ЭКУ мутахасcиси доктор Жихангир ЧАКИЖИ тавсия ва маслаҳатлари асосида
Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади
Каналга уланинг:👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ