Сирдарёлик шифокор халқаро миқёсдаги илмий ютуққа эришди

Сирдарёлик шифокор халқаро миқёсдаги илмий ютуққа эришди

https://telegra.ph/Sirdaryo-tezkor-06-23

Сирдарё вилояти тиббиёт соҳаси вакиллари орасида яна бир қувонарли воқеа юз берди. Юрак-қон томир жарроҳлиги йўналишида фаолият юритаётган иқтидорли мутахассис Ҳакимов Хуршид Анварович Россия Федерациясининг нуфузли илмий марказларидан бири — А.Н.Бакулев номидаги Юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббий тадқиқот марказида тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Унинг «Туғма юрак нуқсонлари гемодинамик тузатилган беморларда артериал ва веноз мальформацияларни эндоваскуляр даволаш» мавзусидаги илмий тадқиқоти замонавий тиббиётнинг долзарб масалаларидан бирига бағишланган. Мазкур ишда туғма юрак нуқсонлари бўйича мураккаб операцияларни бошдан кечирган беморларда кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган артериал ва веноз қон томир ўзгаришларини замонавий эндоваскуляр усуллар орқали аниқлаш ва даволашнинг самарали йўллари илмий жиҳатдан асослаб берилган.

Диссертация иши юрак ва қон томирларни рентгенохирургик текшириш ҳамда даволаш усуллари соҳасидаги таниқли олим, тиббиёт фанлари доктори, Россия Фанлар академияси профессори Карен Валерьевич Петросян илмий раҳбарлигида амалга оширилди. Тадқиқот натижалари жаҳон кардиохирургияси ривожига улкан ҳисса қўшган машҳур олимлар — А.Н.Бакулев номидаги Юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббий тадқиқот маркази президенти, Россия Фанлар академияси академиги Лео Антонович Бокерия ҳамда мазкур марказ директори, Россия Фанлар академияси академиги Елена Зеликовна Голухова бошчилигидаги соҳа мутахассислари томонидан юқори баҳоланди. Илмий кенгаш аъзоларининг мутлақ кўпчилиги Хуршид Ҳакимовнинг илмий ишини долзарб ва амалий аҳамиятга эга деб топиб, уни тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига муносиб деб эътироф этди.

2026 йил 19 июнь куни ўтказилган ҳимоя жараёнида илмий кенгашнинг 19 нафар аъзоси иштирок этди. Якуний онлайн овоз бериш натижаларига кўра, 18 нафар аъзо «ҳа», 1 нафар аъзо эса «йўқ» деб овоз берган. Бу эса тадқиқотнинг илмий аҳамияти, амалий қиймати ва долзарблигини яна бир бор тасдиқлайди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадқиқот нафақат назарий аҳамиятга, балки амалий тиббиёт учун ҳам катта қийматга эга. Эндоваскуляр технологиялар бугунги кунда юрак-қон томир касалликларини даволашда энг самарали ва кам инвазив усуллардан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда олиб борилган илмий изланишлар беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, жарроҳлик амалиётларининг хавфини камайтириш ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мутахассисларнинг фикрича, туғма юрак нуқсонлари билан туғилган беморлар сони йил сайин ортиб бораётган бир шароитда бу каби тадқиқотлар нафақат бир мамлакат, балки халқаро тиббиёт ҳамжамияти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, Ҳакимов Хуршид Анваровичнинг илмий иши келгусида янги даволаш стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Сирдарёлик шифокорнинг мазкур муваффақияти мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш олимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар ҳамда маҳаллий кадрларнинг халқаро илмий майдонда муносиб ўрин эгаллаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.

Энг муҳими, бу ютуқ бир инсоннинг шахсий муваффақияти бўлиб қолмай, юртдошларимиз, айниқса, тиббиёт соҳасида илм билан шуғулланаётган ёш мутахассислар учун ҳам катта илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Зеро, илм-фан йўлидаги ҳар бир муваффақият мамлакат тараққиёти ва инсон саломатлиги йўлида қўйилган мустаҳкам қадам демакдир.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Report Page