Сирдарёлик шифокор болалар жарроҳлиги йўналишида илмий ишга қўл урди
https://telegra.ph/Sirdaryo-tezkor-02-21Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалида бош шифокор лавозимида фаолият юритган тажрибали хирург Шарофиддин Соатмуродов бундан икки йил муқаддам болалар жарроҳлиги соҳасида илмий иш бошлаган эди. У шу давр мобайнида асосий иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази Хирургия ва болалар хирургияси кафедраси мудири, профессор Хабибулло Акилов раҳбарлигида «Болаларда қорин бўшлиғи паренхиматоз аъзолари шикастланишларида замонавий ташхислаш ва даволаш ёндашувлари» мавзусида тадқиқот олиб борди.
Мазкур мавзу бугунги кунда ниҳоятда долзарб ҳисобланади. Зеро, болаларда қорин бўшлиғи паренхиматоз аъзолари — жигар, талоқ ва буйрак шикастланишлари клиник амалиётда тез-тез учрайди ва оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Болалар организмининг анатомо-физиологик хусусиятлари уларни жароҳатларга нисбатан янада сезгир қилади. Айниқса, ёпиқ (тўмтоқ) травмалар натижасида ички қон кетиши ва гемодинамик бузилишлар юзага келиши хавфи юқори бўлади.
Илмий ишнинг асосий мақсади — болаларда ушбу турдаги шикастланишларни эрта ва аниқ ташхислаш, замонавий диагностик усуллар самарадорлигини баҳолаш ҳамда кам инвазив, юқори самарали даволаш алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат. Тадқиқот доирасида ультратовуш текшируви ва компьютер томографиясининг клиник аҳамияти таҳлил қилиниб, консерватив ҳамда жарроҳлик даволаш усуллари ўзаро таққосланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда гемодинамик жиҳатдан барқарор беморларда консерватив даволаш устувор аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, лапароскопик ва эндоваскуляр усуллар каби минимал инвазив технологияларни қўллаш жарроҳлик хавфини камайтиради, реабилитация муддатини қисқартиради ва асоратлар эҳтимолини пасайтиради.
Ушбу илмий изланиш натижалари болалар жарроҳлиги амалиётида ташхис ва даволаш сифатини ошириш, асоратлар ҳамда ўлим кўрсаткичларини камайтириш, шунингдек ҳудудий тиббиёт муассасаларида замонавий стандартларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Сирдарёлик шифокорнинг мазкур ташаббуси болалар саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги муҳим илмий қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Маълумот ўрнида, Шарофиддин Соатмурадов «Болалар хирургияси» ихтисослиги бўйича «Болаларда қорин бўшлиғи паренхиматоз аъзолари шикастланишларида замонавий ташхислаш ва даволаш ёндашувлари» мавзусидаги тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация иши ҳимояси 2026 йил 26 февраль куни соат 14:00 да Андижон давлат тиббиёт институти ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш мажлисида бўлиб ўтади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири
https://cdn.uza.uz/2026/02/20/16/49/fNHQD2TViruYKC7Sq3m8gfXIn8TCVtaY_front.PNG