Сирдарёда ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди

Сирдарёда ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди

https://telegra.ph/SSB-12-15-4

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Сирдарё вилоят бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуни, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси, жорий йилнинг 11 ойлик сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар, соҳа ходимлари қатнашди.

—Биламизки, сўнги вақтда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат, ҳамон долзарблигича қолмоқда. Дунёнинг кўплаб давлатларида коронавирус ва бошқа инспекциялар билан касалланиш кўрсаткичи ортиб бормоқда. Юртимизни, қолаверса Сирдарё вилоятини ушбу, инсон саломатлигига хавф туғдирувчи хавфли инфекциялардан холи дея айта олмаймиз, —деди матбуот анжуманида иштирок этган Сирдарё вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов.—Олиб борилган қатор профилактик чора—тадбирлар, хавфсиз иммунизация жараёнига қарамасдан Сирдарё вилоятида ҳам сўнги кунларда пандемияга сабаб бўлган, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 2 та ҳолат қайд этилди.

Ушбу ҳолатларни олдини олиш, аҳолини саломатлигини асраш, коронавирус инфекцияси ва бошқа инфекциялардан асраш мақсадида жорий йилда Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги марказидан марказлашган холда 108000 доза ОПВ, 28000 доза БЦЖ, 21000 доза ВГВ, 18000 доза АКДС, 36000 доза АДС-М, 48000 доза пентавалент, 36000 доза КПК, 35980 доза ротавирус, 25200 доза ИПВ, 59000 доза ПКВ, 27840 доза ВПЧ вакциналари келтирилиб, белгиланган тартибда эмлаш пунктларига етказиб берилди.

Энг муҳими, коронавирус инфекциясига қарши, жами 1158881 нафар фуқаролар эмланди, 1-тур эмланганлар сони 503454 нафарни, 2-тур эмланганлар сони 406073 нафарни, 3-тур эмланганлар сони эса 249354 нафарни ташкил этиб, эмлангандан сўнг ножўя реакциялар ва нохуш ҳолатлар қайд этилмади.

Қолаверса, пандемия давридагидек, коронавирус инфекцияси ва бошқа инфекцияларни кенг миқёсда тарқалишини олдини олиш мақсадида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги бирламчи тиббий—санитария муассасалари ходимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, улар ҳамроҳлигида жойларда, умум таълим мактаблари, касб ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотларда, шу билан бирга аҳоли кўп тўпланадиган бозор ҳудудларида тарғибот тадбирлари ўтказилиб тарқатма материаллари тарқатилаётгани матбуот анжумани давомида айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоятда, ушбу соҳа ходимларининг аҳоли орасида юқумли ва паразит касалликларидан ҳимоялаш мақсадида олиб борган саъйи ҳаракати натижасида ушбу турдаги касалликлар сони бир мунча камайган. Агар мисол тариқасида айтганда, 2021 йилнинг 11 ойи давомида 11 минг 278 нафар фуқарода шу турдаги касалликлар қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилда 10 минг 650 нафар фуқарода қайд этилган. Қувонарли томони 637 тага камайган.

Аҳоли орасида кузатиладиган бактериал дизентерия, ўткир респиратор, грипп, ўткир ўпка яллиғланиши, захм, қўтир, аскаридоз билан касалланиш кўрсаткичи ижобий томонга ўзгарган.

—Жорий йилда, Ўзбекистон Республикасининг  “Аҳолининг санитария эпидемиологик осойишталик тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ижроси доирасида соҳа ходимлари томонидан 443 та, шундан 398 та давлат, 45 та нодавлат муассасаларда текширувлар ўтказилди,—деди Жўрабек Ҳасанов. —Текширувлар натижасига қараб айбдор шахсларга нисбатан 252 миллион 315 минг сўм жарима қўлланилиб, жарималар ўз вақтида ундирилди.

Бошқарманинг овқатланиш гигиенаси ходимлари томонидан вилоятдаги 313 та тадбиркорлик субъектларида ўрганиш ва текширишлар ўтказилиб, 2829 килограмм миқдоридаги озиқ—овқат маҳсулотлари истеъмолдан олинган.

Ўтказилган текшириш, у билан боғлиқ бўлган 559 та ҳужжатнинг 413 таси жиноийи суд органларига юборилган бўлса, 30 та тадбиркорлик субъекти фаолияти вақтинчалик тўхтатилгани, матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Матбуот анжуманида айтилган ва билдирилган фикрилар юзасидан савол—жавоб ўтказилиб, соҳа ходимлари матбуот анжумани иштирокчилари саволларига атрофлича жавоб беришди.

Шундан сўнг, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун вакцина сақлаш омборига пресс—тур ташкил этилиб, вакциналарни сақлаш омбори, у ерда сақланаётган вакциналар тўғрисида маълумот беришди.


Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби

Report Page