Боёвутдаги таъмир талаб поликлиника таъмирланиб фойдаланишга топширилди

Боёвутдаги таъмир талаб поликлиника таъмирланиб фойдаланишга топширилди

https://telegra.ph/SSB-12-10

Боёвут туманининг Деҳқонобод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилиб келаётган 16 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган 3-оилавий поликлиника таъмир талаб бўлиб қолганлиги учун ўтган йили инвестиция дастурига тушганди. 

Дастур доирасида ушбу мажмуада 1 миллиард 8оо миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу юмушни Гулистондаги "Шаҳноза-Декларант сервис" хусусий корхона қурувчилари қисқа фурсатларда ниҳоясига етказди ва фойдаланишга топширди.

Оила шифокорлари амалиёт ва патронаж ҳамширалар ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар тўлиғича янгиланди. Замонавий, энг сўнги русумдаги УЗИ, ЭКГ ва бошқа тиббий диагностика воситалари билан таъминланди. 

Оилавий поликлиникага оптик тола тортилди ва локал тармоққа уланди. Компьютер жиҳозлари билан таъминланиб, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.

Бу эса тиббиёт ходимлари учун ҳам, шифо истаб мурожаат қилган аҳоли вакиллари учун ҳам қулай бўлди. 

Бундан ташқари мазкур оилавий поликлиникада дастур доирасида қўшимча тез ёрдам бўлими учун алоҳида бино, тез ёрдам машиналари учун алоҳида гараж қурилади. Бунга эса тамал тоши ҳам қўйилди.

Поликлиника очилишига бағишланган тадбирда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев, туман ҳокимлиги вакиллари, фахрий шифокорлар, нуронийлар иштирок этди.

 

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Report Page