“AGRO EXPORT BARAKA” МЧЖ Россияга бодринг экспортини бошлади
https://telegra.ph/SSB-11-15
Мирзаобод туманининг Мирзо Улуғбек сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамият иш бошлаганига унча кўп вақт бўлмади.


Гулистонлик тадбиркорлар Андрей Рюхин ва Олег Свистунов ҳудудидаги бўз ва қуруқ ердан 10 гектар ер олиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан бодринг ва помидор маҳсулотларини гидропоника усулида етиштириб, ички ва ташқи бозорга чиқариш, қолаверса озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Миллий банк”дан олган 3, 5 миллион долларлик кредит, ўзларининг 1,5 миллион долларлик сармоялари ҳисобига Корея технологияси асосида 7 гектар ер майдонида иссиқхона барпо этди.

Иссиқхона учун зарур бўлган жиҳозлар Кореядан, гидропоника усулида экиладиган кокос пўчоғи эса Туркиядан келтирилди. Қурилиш ишлари якунига етгач у ерга Бьерн навли, яъни халқ тилида айтганда чўтир бодринг экди.

-Бу осонликча бўлгани йўқ,- дейди “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамият иш юритувчаси Олег Свистунов. – Ушбу технология асосида иш бошлаб, етиштирган маҳсулотини ички ва ташқи бозорга чиқараётган тажрибали тадбиркорлардан, қолаверса Россия, Белоруссия ҳамда Қозоғистонлик ҳамкорларимиздан, иссиқхона илмидан хабардор бўлган Россиялик Сергей Николаевич Косицын ва Белоруссиялик Нина Сергеевна Болошенко каби мутахассислардан маслаҳат олдик. Кўрганингиздек натижа ёмон эмас. Гидропоника усулидаги иссиқхонани қуриб, унга бозорбоп Бьерн(чўтир) навли бодринг уруғларини экдик. Ниҳоллар ҳам баравж ўсиб, кутилганидан юқори ҳосил бера бошлади.

Айни вақтда “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамиятда мирзаободлик ва боёвутлик маҳаллий ёшлардан 120 киши ишли бўлишди. Қувонарли томони ишчиларнинг 90 фоизи ишсиз қишлоқ аёллари бўлиб, улар ишли бўлишди. Иш ҳаққи ҳам чакки эмас. 1 миллион 800 мингдан 3 миллион сўмгача. Бундан ташқари улар қилган меҳнатига қараб рағбатлантириб бориляпти. Ювиниш, дам олиш хоналари мавжуд. Иссиқ овқат эса бепул. Барча харажат “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамият ҳисобидан қоплаб бериляпти.

-Кўпдан буён ишсизман. Ишлай десам иш йўқ,-дейди мирзаободлик Диёра Турабекова.- Борлари ҳам яшаш манзилимдан анча узоқда. Қатнаш ва бориб келиш учун имконим йўқ. Қишлоғимиз ҳудудидан, ушбу иссиқхонани қурганлар барака топишсин. Мен сингари ишсиз қўни-қўшниларим ҳам ишли бўлишди. Ишимиз ҳам, даромадимиз ҳам ёмон эмас. Меҳнатимизга яраша ҳақ оляпмиз. Кўриб турганингиздек, ҳамма нарса автоматлаштирилган. Фақат бодрингни теришдан ташқари.

“AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамият жамоаси яқинда илк маҳсулотини ўзишни бошлади. Дастлабки маҳсулотини Россиянинг машҳур савдо комплекслари ҳамда "Пятерочка","Ашан"каби яшил бозорлари орқали Россия федерациясининг барча вилоят ва губернияларга етказмоқчи. Бу борада ҳамкорлик шартномалари ҳам тузилган. Мақсад катта, режалар ҳам ёмон эмас.


-1 квадрат метр жойда экилган бодрингдан 250 килограмм, 1 гектар ердан 250 тонна атрофида бодринг олишни режалаштирганмиз,-дейди Андрей Рюхин .- Режадаги ишларимиз амалга ошиб, ҳосилдорлик ҳам кутилганиданда кўп бўлгач, ташқи бозорга чиқарилган ва сотилган бодринг ҳисобига гидропоника ҳисобида қурилган иссиқхонамизни яна бир неча гектарга кенгайтирамиз. Буни ҳисобига ишчи хизматчиларимиз сони, иш ҳаққи ва даромади ошади.


Мирзаободда иш бошлаган “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамият таъсисчилари гидропоника усулда етиштираётган ва ташқи бозорга чиқараётган бодринг маҳсулоти ҳисобига туман қолаверса вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошишига ўз ҳиссаларини кушмоқчи. Бунда уларга боёвутлик Озода Қосимова ва мирзободлик Наима Мадумарова, Наргиза Дониёрова, Нигора Қаршиева, Диёра Турабекова, Марҳабо Ортиқова, Гулшан Эргашева, юк отрувчилар Сирожиддин Муртазақулов, Жасур Урозов, Саидлазиз Сайдалиев ҳамда Абдулазиз Эркинов сингари ишчи-хизматчилар астойдил ёрдам беришяпти.
Ғулом ПРИМОВ,
Фурқат Тошматов олган суратлар