Сирдарёлик кардиологлар Россиялик мутахассис билан тажриба алмашишди

Сирдарёлик кардиологлар Россиялик мутахассис билан тажриба алмашишди

https://telegra.ph/SSB-10-31-4

Юрак қон томир касалликлари билан боғлиқ касалликларни даволаш, хавф омилларини коррекция қилиш, беморлар орасида учраётган ўлим кўрсаткичларини камайтириш, беморларни умрини узайтириш, ташхислаш ва даволаш масаласида Сирдарёлик кардиологлар яхши натижаларга эришмоқда.

Президентимизни ташаббуси билан Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиаллари қаторида Сирдарё филиали ҳам такомиллаштирилди. Янги замонавий инновацион диагностик воситалар келтирилди. Юрак коронар қон томирлар билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишга ихтисослашган Эндоваскуляр хирургия бўлими очилди. Ва натижада, ўтган қисқа фурсатларда бу ерда 400 дан ортиқ, шундан 150 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Бунда, Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Россиядаги Бакулев номидаги юрак қон томир маркази ўртасида тузилган ҳамкорлик алоқалари Сирдарёлик кардиологларга қўл келди.

Ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари сабаб, куни кеча мазкур муассасага Россиядаги Бакулев номидаги юрак қон-томир жарроҳлик маркази хирургия бўлими илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Андрей Абросимов ташриф буюрди.

Икки кун мобайнида Сирдарёлик кардиологлар билан ҳамкорликда тажриба алмашишди. Ва 10 дан ортиқ беморда мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди.

-Бундай мураккаб амалиётларни ўтказишда ҳамкорлик алоқалари  кутилганданда яхши натижа беряпти,-дейди Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали Эндоваскуляр  хирургия  бўлими мудири Хуршид Ҳакимов.- Бунинг учун бизда етарлича шарт-шароит, энг сўнги русумдаги коронарография  аппарати  ва жиҳозлар бор. Ўзим ҳам Россиядаги Бакулев  номидаги юрак  қон томир  жарроҳлик марказида тажриба орттириб, қисқа фурсат Москва  вилоятининг Егоровский  шаҳридаги район шифохонасининг қон томир  хирургия бўлимида  эндоваскуляр  вазифасида ишлаб келгандим. Бу эса фаолиятимда асқатди. Апрель ойида Россиядаги Бакулев номидаги юрак қон томирлар  жарроҳлиги  маркази Эндоваскуляр хирургия бўлими  мудири, тиббиёт фанлари доктори, устозим Петросян Карен Валерьевич Сирдарёга ташриф буюриб маҳорат дарсларини ўтаган бўлса, куни кеча Сирдарёга келган устозим, Андрей Абросимов билан ҳамкорликда устоз-шогирд ананасига содиқ қолган ҳолда 10 нафар беморнинг коронар қон томирларида мураккаб стентлаш амалиётини ўтказди.

-Битта беморимиз тўрт ой муқаддам, миокард инфаркт ташхиси билан бўлимимизга ётқизилганди,-дейди Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали директори Шуҳрат Ҳусанов.-Битта коронар қон-томирига стент қўйгандик. Лекин беморни яна иккита коронар қон томирида муаммо бор эди. Куни кеча, ушбу бемор қайта,  режали мурожаат этди. Шунга асосан жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Иккита муаммоли коронар қон томирларига стент қўйдик. 1969 йилда туғилган, 52 ёшли беморимиз эса бундан олти ой олдин мурожаат қилганди. Шундан кейин унда корнография текширишини ўтказгандик. Ташхис аниқ бўлди. Унинг коронар қон томири ёпиқ бўлиб, уни очиш имкони бўлмаган эди. Чунки унинг ушбу коронар қон томири 5 йил мобайнида ёпиқ бўлиб, уни Россиялик мутахассис ёрдами билан очишга муваффақ бўлдик. Ва натижада унга учта стент қўйиш амалиётини ўтказдик.

Бундан ташқари Сирдарёлик кардиологлар, мустақил равишда беморларни ташхислаш ва даволаш, ёндош касаллик хавфи, юрак ишемия, зўриқиш, стенокардия, гипертония ва бошқа касаллик хавфи билан келган беморларда юрак олд тушувчи артериясига стент, уйқу, оёқ, сон артериясига стент қўйиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишга муваффақ бўлишмоқда.

Улар яна битта янгиликка қўл уришди. Ҳамкорларни маслаҳатига таянган ҳолда, яқинда Сирдарёда илк маротаба юрак туғма нуқсони бор болаларни эндоваскуляр хирургия йўли билан даволаш ҳамда ўткир миокард инфаркти, коронар синдромини ўткир даврида стентлаш амалиётини йўлга қўйади.Бу эса юрак қон томир ва бошқа шунга ўхшаш касалликлардан азият чекаётган касалларни Сирдарёда даволаш имконини беради.

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати

Фурқат ТОШМАТОВ олган суратлар

Report Page