30 йиллик ташналикка чек қўйилди
https://telegra.ph/SSB-07-25-6Сув — ҳаёт манбаи. Аммо бу неъматга етиши учун кун чиқишидан то қуёш ботгунча юришга мажбур бўлганлар бор. Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги “Андижон”, “Обод” ва “Мустақиллик” маҳаллаларида яшаётган фуқаролар айнан шундай оғир тақдирни бошдан кечирган.
Қарийб 25–30 йил давомида бу ҳудудларда тоза ичимлик суви мавжуд эмас эди. Кимдир 7 километр узоқликдаги қўшни қишлоқдан автомашинада сув ташиди, яна кимдир эшак аравада сув келтирди. Бу оғир ҳаёт кечмишга айланди. Бугун эса, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида ушбу муаммоларга нуқта қўйилди.
Эътиборга лойиқ жиҳат — уч маҳаллада 3,5 километр узунликда сув тармоғи тортилиб, ҳар бири 50 куб метрли 3 та сув минораси қурилди, 3 та қудуқ қазилди. Алоҳида электр линияси ва трансформатор ҳам ўрнатилди. Аҳоли тарихда илк бор 24 соатлик узлуксиз ичимлик сувига эга бўлди.
— Мен бу маҳаллада 30 йилдан бери яшайман. Илгари сув олиш учун қўшни қишлоққа боришимизга тўғри келарди. Қишда — қиров, ёзда — иссиқда жуда қийналардик. Бугун эса 24 соат давомида узлуксиз ишлаб турадиган сув қудуғи бор. Буни бахт демасак, нима деймиз?! — дейди маҳалла фаолларидан бири, меҳнат фахрийси Тозагул Олтибоева.
Мазкур лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги фонднинг 3,5 миллиард сўмлик молиявий кўмаги орқали амалга оширилди. Фуқаролик жамиятининг бу ташаббуси давлат ижтимоий буюртмаси сифатида қўллаб-қувватланди.
Бугунги кунда мазкур инфратузилмадан нафақат мазкур 3 та маҳалла, балки туташ ҳудудларда яшовчи минглаб аҳоли ҳам фойдаланмоқда. Демак, бир томчи сувнинг қадрини чиндан англаганлар учун бу — беқиёс ютуқ.
Яқинда ушбу сув иншоотларини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда парламент комиссияси аъзолари, Олий Мажлис депутатлари, давлат идоралари ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Шодмонов сўзга чиқиб, сўнгги 5 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондларини бошқариш бўйича парламент комиссияси томонидан кўплаб ўрганишлар ўтказилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу давр мобайнида 9 та вилоятнинг 11 та ҳудудида 3,5–4 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи маҳаллаларда тоза ичимлик суви билан таъминлашга эришилган.
— Энг қувонарлиси, бугун нафақат ушбу 3 маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 10 минга яқин аҳоли, балки уларга туташ ҳудудлар аҳолиси ҳам санитария талабларига жавоб берадиган тоза ва ширин ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Бунинг ортида, албатта, Муҳтарам Президентимизнинг доимий эътибор ва раҳнамолиги турибди. Мақсад — халқ розилигини таъминлаш, — деди депутат.
Таҳсинга сазовор жиҳатлардан яна бири — маҳаллий аҳолининг фаоллиги. “Андижон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдусалим Абдусаломов маълум қилишича, “Ташаббусли бюджет”нинг икки мавсумида 3 миллиард сўм маблағ ютилган ва бу ҳисобидан маҳалладаги йўлларнинг 80 фоиз қисмига асфальт ётқизилган.
– Йўл ҳам муҳим, лекин сув ундан ҳам муҳимроқ эди. Бу муаммо ҳам ҳал этилди. Энди тоза сув кириб бормаган хонадон қолмади, – дейди маҳалла раиси.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири