🧺 Бешикчилар сулоласининг саккизинчи вакили

🧺 Бешикчилар сулоласининг саккизинчи вакили

https://telegra.ph/SSB-07-16-5

Гулистонлик Хуршидбек Каримов — бешикчилар сулоласининг саккизинчи авлод вакили. У ҳунармандчилик сир-асрорларини отаси Иброҳимжон ака ва онаси Машрабхон аядан ўрганган. Ҳар ойда ўнлаб бешик, сандиқ ва рўзғор буюмлари тайёрлаб, кўплаб хонадонларга қувонч улашмоқда.

Унинг онаси — Машрабхон Каримова — 2007 йили халқ ҳунарини ривожлантиришдаги хизматлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Ая ўз ҳунарини  Ая ўз ҳунарини турмуш ўртоғи ва раҳматли қайнотасидан ўрганган.

Қизиғи шундаки, бу ҳунарманд оила хомашёни ҳам ўзлари етиштиришган. Яъни, 30 йил олдин бешик учун керакли бўлган тол дарахтлари турли туманларда экилиб, бугунги кунда узлуксиз хомашё манбаига айланган.

Улар тайёрлайдиган бешиклар нафақат янги, балки тарихий бешикларга ҳам иккинчи ҳаёт бағишлайди. Ҳатто, ўзи тебранадиган ва йиғиладиган бешиклар ҳам тайёрлашади.

Машрабхон аянинг ҳаётида эсда қоларли воқеалар ҳам кўп. Бир гал беларуслик меҳмон болаларнинг сумагини тамаки трубкаси деб ўйлаб сотиб олган. Эртасига эса “Бу тамаки трубкаси эмас, ўзбекларнинг сумаги экан!” деб қайтиб келган. Ҳаммани кулдирган бу воқеа ҳалигача эсдан чиқмайди.

Ая бу йил 78 ёшни қаршилади. У 30 йилга яқин вақт мобайнида Наврўз, Мустақиллик ва бошқа давлат байрамларида ўз ҳунармандчилик маҳсулотлари билан фаол иштирок этган.

Ҳозирда Гулистон шаҳридаги устахонада ўнга яқин ёшлар ушбу ҳунарни ўрганмоқда. Кам таъминланган оилалар аёллари эса бешиклар учун ёпинчиқ, кўрпа ва сўзана тикиб, оиласига даромад топмоқда.

Машрабхон ая ва фарзандлари ҳунарни нафақат яшатиш, балки уни ёш авлодга ўргатишни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. Чунки улар учун бу — нафақат касб, балки меросдир.


Report Page