“Сирдарё офтальмология мактаби”ни яратган инсон
https://telegra.ph/SSB-07-13-13
Сирдарё вилоятида офтальмология соҳаси ва Расул Каримов номи узвий боғлиқ. Бу йил у кишининг тиббиёт соҳасидаги фаолиятига 55 йил тўлди. Шунинг 45 йилини эса у вилоят кўз касалликлари шифохонасида бош шифокор сифатида самарали фаолият билан ўтказди.
Расул Каримов томонидан ташкил этилган ва “Сирдарё офтальмология мактаби” номи билан танилган тизим нафақат вилоят, балки республика миқёсида ҳам илғор тажриба сифатида эътироф этилган. Ушбу мактаб орқали офтальмология соҳасига замонавий технологик ёндашув, шаффоф ташхислаш ва босқичма-босқич даволаш жараёни жорий этилди.
Каримов раҳбарлигидаги муассасада шифокорларнинг малакаси мунтазам оширилиб борилди. У кишининг шогирдлари бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки хорижий давлатларда ҳам ўз касбий маҳорати билан тан олинмоқда.
Мутахассис шифокорлик фаолияти билан бирга, тиббиёт таълим-тарбиясида ҳам фаол иштирок этган. Унинг ҳаёт йўлида рафиқаси — малакаси юқори тиббиёт ходими Малоҳат Султоновна ҳам доимо елкадош бўлиб келган. Каримовлар оиласи соҳага нафақат мутахассис, балки узлуксиз мактаб ва анъанани тақдим этган. Уларнинг фарзанди Улуғбек Каримов ҳам отаси йўлини давом эттириб, илмий фаолиятда катта натижаларга эришди. Бугунги кунда у халқаро илмий жамоаларда юксак обрўга эга олим сифатида фаолият юритмоқда.
Расул Каримов ўз фаолияти давомида қатор давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга сазовор бўлган. Жумладан, “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси” фахрий унвони ва бошқа юксак эътирофлар унинг узоқ йиллик хизматларини тасдиқлайди.
Гарчи айтилмаган бўлсакда, бугун Гулистон шаҳридаги “Фаровон” тантаналар саройида устоз шифокор фаолиятига бағишланган тантанали учрашув бўлиб ўтди. Унда Республика ихтисослаштирилган кўз касалликлари илмий–амалий маркази, қўшни вилоятлар шифокорлари ва тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Тадбир расмий эмас, самимий тарзда ташкил этилган бўлса-да, унда Расул Каримовнинг касб фидойиси сифатидаги мавқеи яна бир бор тасдиқланди. Унинг ҳаёт йўли кўплаб ёш шифокорлар учун ибрат намунасидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири, Сирдарё вилояти