Шуҳратни хотирлаб
https://telegra.ph/SSB-07-11-3Гулистонлик Шуҳрат Суяров билан дўст бўлганимизга ўн йилча бўлиб қолди. Гоҳо “Тўрам”, гоҳо “Жўрам” дея жайдарича оҳангда гапиришлари жуда ҳам ёқарди.
Айниқса, ЎзАнинг Сирдарё вилоятидаги мухбири бўлиб ишлаган йилларда, мен вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида матбуот котиби эдим. Кундузлари давлат ишлари, кечалари эса ижод билан машғул бўлардим.
Хуллас, телефоним, ҳатто интернетим бир муддат ҳам дам олмасди. Ҳеч ким алламаҳалда соат икки, уч, баъзан тўртларда телефон қилмасди. Фақат Шуҳратжон — у аввал Телеграмда “профилингга кирдим, ҳозир телефон қиламан” деб ёзади, сўнг телефон қиларди.
“Уҳламадингизми?” — деб сўради. “Тўрам, ишлар кўп, улгуролмаяпман”, — дерди. Гапимиз шу саволдан бошланиб, бутун Республика бўйлаб “саёҳат” қилиб чиқардик.
“Ҳа, айтмоқчи, ишдан қолдирмадим-ми?” — деб сўрайди. Бу савол гапимиз тугаганидан бир соатча ўтгандан кейин эшитиларди. “Қанақа иш, ўзи қолиб бўлди-ку”, — дердим. Унинг тунда қўнғироқ қилишига оила аъзоларим ҳам кўникиб қолганди, ҳали-ҳануз эслаб, гапириб туришади.
Бир куни тунда: “Жўрам, озгина мазам йўқ. Қўлим ишга бормаяпти. Нима қилсам?” — деб мурожаат қилди. Унга поликлиникага боришни, таҳлиллар топширишни маслаҳат бердим. Поликлиника мудири Абдумавлон акага ҳам қўнғироқ қилиб: “Эртага бир ошнам боряпти. Яхшилаб текширтиринг”, — деб илтимос қилдим.
Орадан бир кун ўтиб, Шуҳрат телефон қилди: “Гепатит таёқчалар сони кўпайиб кетибди. Бироз даволансам, ўтиб кетар”, — деди. Афсуски, у шундай бўлмади. Республика вирусология институтига йўлланма олиб бердим. Институт директори билан телефон орқали боғланиб, масалани тушунтирдим.
Қисқа муддат даволаниб келгач, “Ошна, гуруҳга чиқмасам бўлмас экан”, — деб яна телефон қилди. Учрашдик. Аҳволи ўйлаганимдан ҳам яхши эмасди. Соғлиқни сақлаш тизимида ишлаганим, соҳани яхши билганим боис, шифокор бўлмасам-да, озгина хабарим бўлса-да, лекин бу ҳолатга ташхис қўя олмасдим.
Шу орада хусусий тиббиёт муассасасида ҳам даволаниб қайтди. Лекин натижа кутилгандек бўлмади. Унинг таҳлил жавоблари ва муолажалари ҳақида маълумотларни йиғиб, шифокорлар билан маслаҳатлашдим. Улар масала жиддийлигини айтди. Аммо Шуҳратга юзимда шундай гап айтмадим. “Иншооллоҳ, ўтказиб юборгандай бўлиб кетасан”, — дея далда берган пайтларим ҳам бўлган.
Энг охирги кунларида у отасининг ҳовлисида — жигарлари, фарзандлари олдида эди. “Ҳиндистонга борсам, бу дарддан қутиларман”, — деган эди. Нима бўлдию, ярим тунда Шуҳрат оғирлашиб қолгач, Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Сирдарё филиали бош шифокори — дўстим Шарофга телефон қилдим. Ўша куни уни шифохонага олиб боришди. Аммо тақдирга қўйилган муҳр ўзгармади — Шуҳратжон 50 ёшида орамиздан кетди.
Ундан яхши хотиралар, оиласи, фарзандлари, ва энг муҳими — “Тўрам”, “Жўрам” деган сўзлари қалбим туб-тубида муҳрланиб қолди. Ўтган йил сўнгида Умра сафари давомида Мадина ва Макка Мукаррамада дўстим ҳақига кўп дуо қилдим. Муҳими — дуолар етиб борган бўлсин, охирати обод, борган жойлари Фирдавс боғларидан бўлсин.
Ҳа, айтмоқчи, бугун — унинг туғилган куни. Агар ҳаёт бўлганида 51 ёшни қаршилаган бўларди.
.