Ёшлар келажаги — соғлом ва салоҳиятли авлоднинг қўлида
https://telegra.ph/SSB-07-02-8Президентимизнинг ҳар бир ёшлар билан учрашуви биз — ота-оналар ва мутахассислар учун улкан илҳом манбаи. Бу йилги мулоқот эса нафақат бир гуруҳ ёшларга, балки ҳар бир бола ва ота-онага ишонч, шукроналик ва умид бағишлади. Бу сафар фарзандларимизнинг бахти, соғлиги, таълим-тарбияси, касб танловидан тортиб, келажакда жамиятда муносиб ўрин эгаллашигача бўлган йўл аниқ белгиланди.
Президентимиз таъкидлаган “илм – тарбия – инновация” занжири бугун биз — ота-оналар ва мутахассислар учун аниқ йўналиш, ҳаракат дастуридир. Сирдарё вилоятидаги фаолиятим давомида мен кўплаб ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашаман. Уларнинг орзуси битта — фарзанди соғлом, билимли ва касб соҳибига айлансин. Энди бу орзулар давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Айниқса, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти такомиллашиб, дунёдаги нуфузли олийгоҳларга тайёрлов, 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити каби имкониятлар яратилгани — олдин фақат орзудек туюлган ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилаётганини кўрсатади.
Биз фонд доирасида болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни спорт ва маданиятга жалб этиш бўйича иш олиб борамиз. Давлат раҳбари томонидан IT, фан, спорт, санъат ва маданият соҳаларида аниқ механизмлар таклиф қилингани бу йўналишларни тизимли ва таъсирчан ташкил этишга йўл очади.
Масалан, 2025 йилнинг 6 ойида 166 нафар ўқувчи халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган. “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси орқали камида 50 минг қиз IT соҳасига кириб келади. Ҳар бир ҳудудда, мактабларда бу каби лойиҳаларнинг кенг жорий этилиши қизлар салоҳиятини ривожлантиришда муҳим пойдевордир.
325 минг ёш IT соҳасида ўқитилди, 261 та ёшлар ташкил қилган корхоналарнинг айланмаси 100 миллиард сўмдан ошди. Мактабларда “моҳирлик ва бизнес соати”нинг жорий этилиши эса — ёшларда тадбиркорлик қобилиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг “ҳар бир болага ўз фарзандидек ёндашиш керак” деган фикри — юракдан чиққан ва маънавий юксакликка эга чақириқдир. Бу сиёсат инсонийлик ва меҳр-оқибатга асосланган, биз фаолият юритаётган соҳанинг асл моҳиятига мос келади.
Йиллар давомида “Соғлом авлод учун” фонди орқали болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, уларни жамиятга мослаштириш, имкониятлар эшигини очиш борасида анча ишлар қилинди. Энди эса, давлат даражасидаги кенг қамровли имкониятлар билан ҳамкорликда, бу фаолият янада самарали ва таъсирчан йўлга қўйилмоқда.
Ёшлар келажаги — бугунги куннинг олий мақсади. Фарзандимизнинг соғлом, билимли, касб эгаси бўлиб вояга етиши энди нафақат оила, балки давлат ва жамият учун ҳам устувор вазифага айланган.
Президентимизнинг ташаббуслари бизга янада катта масъулият, фидойилик ва ғайрат бағишлайди. Чунки биз келажакни фарзандларимизнинг кўзида кўрамиз. Уларга ишонч, имконият ва қўллаб-қувватлашни бериш — энг улуғ бурчимиздир.
Юлдуз Усмонова,
II-даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари