Сирдарёда аёллар саломатлигига эътибор кучаймоқда

Сирдарёда аёллар саломатлигига эътибор кучаймоқда

https://telegra.ph/SSB-06-26-10

Сирдарё вилоятида онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят филиалида замонавий ПЗР (полимераза занжирли реакция) лабораторияси ташкил этилди.

Ушбу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Лаборатория 30–50 ёшли аёллар орасида бачадон бўйни саратонини аниқлаш мақсадида одам папилломаси вирусини ПЗР усули орқали текшириш, шунингдек, суюқлик цитологияси асосида таҳлиллар ўтказиш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, кўкрак бези саратонини ҳам эрта аниқлаш, скрининг жараёнларини сифатли ташкил этиш ва мунтазам мониторингни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилди.

Бундай ташаббусларни самарали амалга ошириш тиббиёт ходимларидан юқори малака ва мустаҳкам амалий кўникмаларни талаб этади. Шу мақсадда филиалда Туркия Республикасининг етакчи онкогинеколог ва маммолог мутахассислари иштирокида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

— Онкологик касалликларни эрта аниқлаш — бу аёллар ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят филиали директори вазифасини бажарувчи, 1-тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хўжаева. — Шу боис, юқори технологиялар билан бирга тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириш биз учун устувор вазифадир. Туркиялик мутахассисларнинг амалиётга асосланган машғулотлари шифокорларимиз учун жуда фойдали бўлди.

Семинар доирасида скрининг жараёнлари, диагностика усулларининг самарадорлиги, регистр юритилиши ва мониторинг тизимини жорий этиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Тадбир якунида семинарда иштирок этган Сирдарё вилоятидаги акушер-гинекологларга махсус сертификатлар топширилди.



Report Page