Сирдарёлик ҳамширалар халқаро спорт чемпионатида ғолибликни қўлга киритди

Сирдарёлик ҳамширалар халқаро спорт чемпионатида ғолибликни қўлга киритди

https://telegra.ph/SSB-06-21-9
Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл шаҳрида жорий йилнинг 13–16 июнь кунлари бўлиб ўтган халқаро спорт чемпионатида Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаси жамоаси “Ассалом тонг” нафас машқи йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Мазкур мусобақада Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ҳудудий бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Ҳамширалар Ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлими раиси Тожихон Гафорова раҳбарлигидаги 9 нафар ҳамшира иштирок этди. Улар нафақат юксак натижа қайд этишди, балки халқаро миқёсда юртимиз тиббиёт соҳаси ва аёллар фаоллигини муносиб тарзда намоён этдилар.

– Бу ютуқ – нафақат Сирдарё тиббиёт жамоасининг, балки мамлакатимиздаги барча ҳамшираларнинг юксак салоҳияти, саъй-ҳаракат ва жипслигининг ёрқин намунасидир, –  дейди Тожихон Гафорова. – Қатнашчиларимиз нафақат жисмоний машқларда фаол иштирок этди, балки “Ассалом тонг” каби нафас машқлари орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда намуна бўлишди. Бундай халқаро мусобақалар тиббиёт ходимларининг руҳий-маънавий юксалишига, жамоа сифатида шаклланишига, энг муҳими, соғлом ҳаётни бошқаларга етказишга хизмат қилади.

Бу ютуққа олиб келган муҳим босқичлардан бири – жорий йилда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўтказилган “Ассалом тонг” нафас машқи бўйича республика саралаш мусобақасида Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаси жамоасининг 3-ўринни эгаллаши ва халқаро чемпионатда иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритишидир.

Мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилди. Унга мувофиқ, давлат ташкилотлари раҳбар ва ходимларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши, улар ва оила аъзолари ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг бундай мусобақаларда фаол иштирок этиши нафақат уларнинг жисмоний тайёргарлиги, балки соғлом ҳаёт тарзига садоқати ва ўз касбига бўлган муҳаббатини ҳам яққол намоён этмоқда. Бу каби ютуқлар бутун соҳа ходимлари учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Report Page