14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни
https://telegra.ph/SSB-06-14-112005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида қонни беғараз донорлик асосида топширишни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ташаббус қабул қилинган ва шундан бери ҳар йили 14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Мазкур сана юртимизда ҳам саломатликни муҳофаза қилиш соҳасида муҳим кун сифатида эътироф этилади. Охирги йилларда юрак жарроҳлиги, трансплантация ва хавфли касалликларни аниқлаш соҳасидаги илғор амалиётлар туфайли сифатли қон компонентларига эҳтиёж сезиларли ортиб бормоқда.
Шу боис мамлакатимизда беғараз донорликни ривожлантириш, аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, қон қуйиш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Жорий йилнинг 28 февралида қабул қилинган Қонун (ЎРҚ-1041-сон) билан “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган фуқароларга бериладиган бир марталик пул мукофоти БҲМнинг 15 баравари миқдорида белгиланди. Бундан ташқари, улар ҳар йили ўзларига қулай пайтда меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар транспортидан бепул фойдаланиш ва санаторий-курорт муассасаларига навбатсиз йўлланма олиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Айни пайтда юртимизда Республика қон қуйиш маркази, “Қон препаратлари” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси, 13 та ҳудудий ва 2 та республика қон қуйиш станцияси ҳамда 11 та шифохоналар қошидаги бўлимларда қон ва унинг компонентлари тўпланмоқда.
ЖССТ тавсиясига кўра, ҳар 1000 нафар аҳолига камида 10 нафар донор тўғри келиши лозим. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 9 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатимизда 2022 йилда 122 тонна, 2023 йилда 130,6 тонна, 2024 йилда эса 148 тонна сифатли қон захираси тайёрланган.
Маълумот учун: 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, соғлом, вазни 50 кг.дан юқори ҳамда гемоглобини етарли бўлган ҳар бир шахс йил давомида 4 мартагача 450 мл.гача қон топшириши мумкин.
🔴 Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча юртдошларимизни беғараз донор бўлишга чақириб қолади.