Туман ҳокими  донор сифатида иштирок этди

Туман ҳокими  донор сифатида иштирок этди

https://telegra.ph/SSB-06-13-13

"Адолат" социал-демократик партияси ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган "Бор меҳримиз сенга, болажон!" шиори остидаги донорлик акциялари орасида Сирдарё вилоятида ўтказилган тадбир ўзгача руҳ ва аҳамият касб этди.

Сирдарё туманида бўлиб ўтган ушбу сайёр донорлик акцияси аввало ҳудуд раҳбарининг шахсан қатнашгани билан эътиборга молик бўлди. Туман ҳокими Азизбек Турдимуродов бошчилигида туман ҳокимлиги ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, фаол жамоатчилик ва бошқа ташкилотлар вакиллари донор сифатида иштирок этди.

Акция Сирдарё вилоят қон қуйиш станцияси тиббиёт ходимлари ҳамда махсус жиҳозланган кўчма донорлик транспорти иштирокида ташкил этилди. Унинг асосий мақсади – онкогематологик касалликлар билан оғриётган, шифохоналарда даво умидида ётган бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларга беғараз ёрдам кўрсатишдан иборатдир.

— “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги акция шунчаки тадбир эмас. Бу — жавдираган қора кўзли болажонлар, соғлом ҳаётга умид билан қараётган бемор инсонларнинг тақдирига дахлдор хайрли ташаббус. Биз топширган ҳар бир қон бировнинг ҳаётини сақлаб қолиши, бир оилага бахт, юзга табассум олиб кириши мумкин. Шу боис, бундай хайрли ишга бефарқ қараш мумкин эмас, — деди туман ҳокими Азизбек Турдимуродов.

Айтиш жоизки, бу каби акциялар фуқаролар ўртасида соғлом фаолликни кучайтириш, ёрдамга муҳтожларга меҳр-шафқат туйғусини мустаҳкамлаш, шу билан бирга донорлик маданиятини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг муҳими, бу хайрли ташаббус Сирдарё вилоятида изчил давом этмоқда. Донорлик — нафақат тиббий, балки маънавий-маърифий аҳамиятга эга олийжаноб ҳаракатдир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири


Report Page