Сирдарёда “DMED” тизими ва оналикни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама этилди

Сирдарёда “DMED” тизими ва оналикни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама этилди

https://telegra.ph/SSB-06-09-7

Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокимининг вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида видеоконференция шаклида ишчи йиғилиш ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, айниқса “DMED” ахборот тизимидан самарали фойдаланиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хавфли ҳолатларни барвақт аниқлаш ҳамда перинатал хизматлар сифатини оширишга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоят тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш жараёнлари етарли даражада йўлга қўйилмагани танқид остига олинди. Жумладан, Сирдарё туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника, 30 ва 32-сонли оилавий поликлиникалар ҳамда Ўзбекистон маҳалласидаги оилавий шифокорлик пунктида беморлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ва аниқ киритишда масъулиятсизлик ҳолатлари кузатилгани қайд этилди.

Гулистон туманида ҳам шифокор ва лаборатория ходимларининг “DMED” платформасидан фойдаланиш даражаси 40 фоиз ва ундан паст экани маълум қилинди. Шу билан бирга, Янгиер, Ширин, Оқолтин ва Сайхунобод туманлари ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмаларида рақамлаштириш даражаси паст бўлиб, маълумотлар кам ва сифатсиз ҳолда киритилаётгани, айрим педиатр ва УТТ шифокорлари эса умуман электрон рўйхатга олишни амалга оширмаётгани аниқланди. Бу эса тизимли муаммолар ва назоратнинг сустлигидан далолат беради.

Ахборотларнинг тўлиқ ва ишончли эмаслиги беморлар саломатлигига оид ягона маълумот базасини шакллантириш имкониятини чекламоқда. Бу эса рақамлаштириш жараёнининг асосий мақсадларига зид ҳолат саналади. Мутасадди тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ва маҳаллий IT мутахассисларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тизимдан тўлиқ ва унумли фойдаланишни таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда дорихоналарни рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Айни пайтда вилоятда жами 63 та дорихона — 44 таси “DORI-DARMON” АЖга қарашли ва 19 таси хусусий дорихона — Реимбурсация дастурига уланган. Аммо вилоятда фаолият юритаётган 268 та хусусий дорихонанинг фақат 7 фоизи ушбу тизимга қўшилгани қайд этилди. Бу ҳолат тиббий суғурта тизимининг тўлиқ фаолият юритишига тўсиқ бўлаётганини англатади. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Тиббий суғурта жамғармасига дорихоналарни рақамли тизимга кенг жалб этиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Йиғилиш давомида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишларнинг амалга оширилиши ҳам таҳлил қилинди. Болалар ва оналар ўлими ҳолатларини олдини олиш, профилактик хизматларни кучайтириш, перинатал ёрдам сифатини ошириш бўйича мавжуд камчиликлар муҳокама этилди. Мутасадди раҳбарларга белгиланган вазифаларни аниқ муддатларда, тўлиқ ва масъулият билан бажариш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш якунида соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш, тиббиёт ходимларининг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини ошириш, мунтазам мониторингни йўлга қўйиш ҳамда мавжуд камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш вазифалари алоҳида таъкидланди.



Report Page