“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун” шиори остида тиббий кўрик ташкил этилди
https://telegra.ph/SSB-06-04-12Сирдарё вилояти ҳокимлигининг ташаббуси ва топшириғига мувофиқ, Ховос туманида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд аҳоли саломатлигини назорат қилиш мақсадида навбатдаги кенг қамровли тиббий кўрик ташкил этилди.
Ушбу тадбир “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун” шиори остида Қаҳрамон маҳалласида жойлашган 36-сонли оилавий поликлиника ҳудудида ўтказилди. Тадбирда Сирдарё вилояти ва Ховос туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари иштирок этди.
Кўрик доирасида аҳолига УЗИ (ультратовушли диагностика), лаборатория таҳлиллари, электрокардиограмма (ЭКГ), кўчма рентген хизмати, шунингдек, махсус офтальмологик автобус орқали кўз текшируви хизматлари бепул тақдим этилди.
Тиббий кўрикда “Камбағаллик реестри” ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар аъзолари, шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларидан иборат 3–4 гуруҳга мансуб шахслар қамраб олинди.
Тадбир давомида ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашув асосида тиббий маслаҳатлар берилди ва заруратга кўра, улар мутахассис шифокорлар қарамоғига йўналтирилди.
Бундай тиббий кўриклар аҳолининг саломатлигини сақлаш ва касалликларни эрта аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан вилоятда бундай тадбирлар тизимли равишда ташкил этиб борилади.