Сирдарёда онкогинекологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича семинар ўтказилди

Сирдарёда онкогинекологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича семинар ўтказилди

https://telegra.ph/SSB-05-30-11

Давлат раҳбарининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида акушер-гинеколог, онколог, онкогинекологлар учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда 30, 40 ва 50 ёшдаги аёллар ўртасида сўнгги йилларда долзарб муаммога айланган бачадон бўйни саратони (ББС), шунингдек, 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёллар орасида кенг тарқалган кўкрак бези саратони (КБС) бўйича скрининг текширувларини ташкил этиш ва рақамлаштириш жараёнлари, жумладан, “Скрининг-регистр” электрон платформасидан фойдаланиш тартиблари кенг муҳокама қилинди.

Семинарда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги марказининг етакчи мутахассислари иштирок этиб, филиал тиббиёт ходимларига амалий тавсиялар ва методик кўрсатмалар берди. Скрининг жараёнларини сифатли ва самарали ташкил этиш, аёллар саломатлигига хавф туғдирадиган касалликлар, айниқса бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш орқали хавф омилларини бартараф этиш мақсадида амалий машғулотлар ўтказилди.

— Марказ мутахассислари томонидан акушер-гинеколог, онколог ва онкогинекологлар учун ўтказилган ўқув-амалий семинар бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлаш ва даволаш масалаларига қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди. Бу эса тиббиёт ходимларининг билими ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди Сирдарё филиали директорининг репродуктив саломатлик масалалари бўйича ўринбосари Г. Мардонова.

Баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган тадбир давомида Президент қарорида белгиланган вазифаларга амалий ёндашувлар билдирилди, мутахассислар томонидан тегишли методик кўрсатмалар тақдим этилди.

— Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларни тўғри ва самарали амалга ошириш учун ҳар бир мутахассис замонавий ёндашувлар ва рақамлаштириш технологияларини пухта ўзлаштириши шарт. Чунки аёллар саломатлиги — жамият саломатлиги, деган тамойилга асосан, скрининг тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш орқали кўплаб касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имконияти яратилади. Шу нуқтаи назардан, бундай ўқув-амалий семинарларнинг аҳамияти беқиёс, — дея таъкидлади Г. Мардонова.

Энг муҳими, мазкур семинар тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, шу билан бирга, аёллар саломатлигини сақлашга қаратилган мақсадли дастурларни самарали амалга оширишда муҳим қадам бўлди.



Report Page