Пиёда юринг — саломатлик сари қадам ташланг

Пиёда юринг — саломатлик сари қадам ташланг

https://telegra.ph/SSB-05-30-10

Саломатлик — инсоннинг жисмоний ва маънавий уйғунлигидир. У ижодий фаоллик, меҳнат унумдорлиги ҳамда оилада бахтли ҳаёт кечириш учун муҳим асос ҳисобланади.

Ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик кўплаб саломатлик муаммоларини келтириб чиқармоқда. Диққат сусайиши, уйқучанлик, ортиқча вазн, чарчоқ, стресс ва депрессия каби ҳолатлар кенг тарқалмоқда. Аммо бундай муаммоларга қарши самарали ечим — пиёда юриш ҳисобланади.

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фуқароларни фаол ҳаёт тарзига чорловчи юриш марафонлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда, — дейди Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Акромжон Азизқулов. — Чунки пиёда юриш — энг осон, қулай ва фойдали жисмоний фаоллик туридир. У мушакларни мустаҳкамлайди, қон айланишини яхшилайди, суякларни чидамли қилади, руҳий барқарорликни таъминлайди.

Гиппократ айтиб ўтганидек: «Пиёда юриш — инсон учун энг яхши даво воситаси». Бу оддий, аммо самарали машқ орқали саломатликни мустаҳкамлаш, стрессни енгиш, уйқуни яхшилаш ва кайфиятни кўтариш мумкин.

Пиёда юришни кундалик одатга айлантириш осон. Смартфон иловалари орқали босиб ўтилган масофа, сарфланган калориялар ва юрак уриш тезлигини кузатиш мумкин. Қулай пойабзал, мусаффо ҳаво, яхши мусиқа ёки самимий суҳбатдош бу машғулотни янада ёқимли қилади.

— Эрталаб ишга кетиш олдидан ёки кечки овқатдан сўнг 30–40 дақиқа юриш нафақат организмни соғломлаштиради, балки уйқуни ҳам яхшилайди, — дейди Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Мамлакат Бердиева. — Юриш жараёнида инсон табиат манзараларидан баҳра олади, кўриш қобилияти ва ақлий фаоллик ошади, кислород билан тўйинган организмда фойдали гармонлар фаол ишлаб чиқилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва нуфузли халқаро тиббий марказлар ҳар куни камида 30 дақиқа пиёда юришни тавсия этади. АҚШ олимлари эса бу машғулот шамоллаш касалликларига қарши курашда ҳам самарали эканини таъкидлашган.

— Ачинарлиси, ушбу осон ва фойдали одатдан кўпчилик воз кечмоқда. Аммо фитнес ёки спорт залларидан фарқли ўлароқ, пиёда юриш — беминнат, қулай ва барча учун мавжуд жисмоний фаоллик туридир, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожлантириш институтининг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Тожихон Ғафарова.

Юриш пайтида инсон нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам ҳордиқ чиқаради — йўл-йўлакай янги режаларни тузиш, яқинлар билан мулоқот қилиш, харидлар амалга ошириш ҳам мумкин.

Соғлом инсонгина эркин ва фаол ҳаёт кечира олади. Шу сабаб, ҳар куни, имконингиз бўлса, ҳатто қисқа масофани бўлса ҳам пиёда юришни одат қилинг.

Report Page