Андижонлик тиббиёт ходимлари Сирдарё тажрибасини ўрганишди

Андижонлик тиббиёт ходимлари Сирдарё тажрибасини ўрганишди

https://telegra.ph/SSB-05-25

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш масаласи энг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масалалардан бирига айланди.

Давлат раҳбарининг бу соҳага бўлган эътибори туфайли соҳада кўплаб ишлар амалга оширилиши баробарида тиббий хизмат кўрсатиш кўлами кенгайди. Юртимизга дунёдаги энг илғор, тиббий аппаратура ишлаб чиқарувчи компаниялардан олиб келинган сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар ҳисобига скрининг текширувларини ўтказиш, аниқ ташхис қўйиш ва касалликка чалинган беморларни даволаш имконияти бир неча маротаба ошди. Буни натижаси ўлароқ, касалликка чалинган беморларни эрта ҳаётга қайтариш, соғломлаштириш имкони вужудга келди.

Қолаверса, эскича ишлаш тизимидан тубдан фарқ қилувчи тиббий хизмат турлари йўлга қўйилди. Бу тўғрида Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий –санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ҳам қабул қилинди.

Унга асосан республикамизни бошқа ҳудудларида бўлгани каби Сирдарёда ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат турларини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун старт берилди.

Дунёдаги кўплаб ривожланган давлатларда бўлгани каби республикамизда илк маротаба, давлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш борасидаги пилот лойиҳа ишлари Сирдарёда бошланди. Шунга биноан, Сирдарё вилоят аҳолиси тиббий хатловдан ўтказилиб, хавф гуруҳларига ажратилди. Уларни электрон хариталари яратилди. Тизимни рақамлаштириш, тиббий кластер тизимини ишга тушириш иши бошлаб юборилди.

Бундан ташқари вилоятдаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ва у ерда ишлаётган ходимлар малакасини ошириш, қайта ўқитиш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун ушбу олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Андижон вилоят ҳокими топшириғига биноан Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ташриф буюришди.

Уларга Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи , тиббиёт фанлар доктори Рустам Юлдашев соҳада амалга оширилаётган, давлат тиббий суғурта механизмини йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар, вилоятда ташкил этилиши кўзда тутилган “Гулистон тиббиёт кластери”имкониятлари, аҳолини хатловдан ўтказиш натижалари , электрон поликлиника қулайликлар тўғрисида гапириб берди.

Улар Сирдарёлик тиббиёт ходимлар ҳамроҳлигида Гулистон шаҳридаги тиббиёт муассасаларда бўлишди. Оилавий шифокор, ўрта тиббиёт ходимлардан иборат терапия ва педиатрия йўналиши бўйича ёрдамчилар, патронаж ҳамширалар ва доялардан ташкил топган тиббиёт биргадалар фаолияти, тиббиёт тизимида ташкил этилаётган йўлланмалар бериш тизими, вилоят, туман кўчаларини кодлаштириш, аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситалари пакетини ишлаб чиқариш механизмлари ва уни амалиётга татбиқ этиш йўллари билан таништирилди.

Бир сўз билан айтганда, Андижонлик тиббиёт ходимлар Сирдарёда бажарилган ва бажарилиши лозим бўлган ишлар билан танишиш асносида тажриба орттиришди.

 Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати

 


Report Page