Сирдарёда болаларда учрайдиган генетик касалликларни аниқлаш ва ташхислашга ихтисослашган марказ фаолияти йўлга қуйилади
https://telegra.ph/SSB-04-20-11
Сирдарёда Ўзбекистон-Хитой қўшма лойиҳаси доирасида генетика маркази ишга тушади. Бу эса йилига 5 минг нафар чақалоқларда 48 турдаги скрининг текширувларни ўтказиш, чақалоқларда туғма ва ирсий касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш имконини беради.


—Хитойда, қолаверса дунёдаги кўпгина мамлакатларида болаларда учраётган генетик касалликларни аниқлаш ва ташхислашда ўз нуфузига эга бўлган "BGl Genomies" компанияси билан инновацион лойиҳалар асосида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз, —дейди Олий таълим, фан ва инновация вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова.—Сирдарёга тақдим этаётган янги лойиҳамиз ногиронликка сабаб бўлувчи генетик касалликларни аниқлашга ва ташхислашга мўлжалланган бўлиб, генетик касалликлар сабаб ногирон бўлиб қоладиган болалар сонини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.


Шу мақсадда, Сирдарёга ташриф буюрган Хитой Давлатидаги "BGl Genomies" компанияси, унинг МДҲ давлатлар бўйича вакили Жун Ченг хоним Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги вакиллари, Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқинжон Дадабаев ҳамроҳлигида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги "Она ва бола" скрининг марказига ташриф буюрди.


Улар у ерда, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов ҳамроҳлигида "Она ва бола" скрининг маркази фаолиятини кўздан кечириб, болаларда учраётган генетик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва ташхислаш юзасидан Сирдарёда олиб борилаётган ишлар билан танишиб, келгусида генетика соҳасини Сирдарёда ривожлантириш, 48 турдаги генетик касалликларни аниқлаш ва ташхислашга ихтисослашган марказ фаолиятини Давлат хусусий шерикчилик асосида йўлга қуйиш масаласи юзасидан фикр алмашишди.
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати