Опа ўз синглисига донорлик қилди
https://telegra.ph/SSB-04-17-21Гулистон тиббиёт кластери унинг хирургия бўлимида Ховос туманининг Ховособод маҳалласида истиқомат қилаётган, 1990 йилда туғилган Гулмира Эшонқулованинг буйраги билан боғлиқ, буйрак трансплантация амалиёти ўтказилди. Унга опаси, 1988 йилда туғилган Ноила Жумабоева бир буйрагини берди.
— Оиламизда буйрак етишмовчилиги хасталиги билан хасталанган кишилар бўлмаса-да, нимагадир бундан уч йил муқаддам синглим Гулмира шу дардга чалинди, — дейди Ноила Жумабоева. —Кўплаб мутахассисларга мурожаат қилдик. Улар тавсияси ва маслаҳати асосида олдинига Гулистон тиббиёт кластерида, кейинчалик Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси унинг нефрология ва гемодиализ бўлимида даво муолажаларини олиб келаётганди. Аммо, ижобий ўзгариш кузатилмади. Синглим кўз ўнгимизда кун сайин сўлиб борарди. Бунга чидай олмай, бир буйрагимни беришга қарор қилди. Кўриб турганингиздек, тажрибали шифокорлар ёрдамида нафақат мен, синглим ҳам соғ-саломат. Бундан ортиқ бахт бўлмаса керак опа-сингиллар учун.
Мазкур амалиётни Гулистон тиббиёт кластер жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Акмал Уролов, трансплантолог Шерзод Тошмаматов, жарроҳ Эркин Алиқулов ҳамда Бобомурод Шавкатовлар муваффақиятли амалга оширди.
Айни вақтда бемор саломатлиги анча яхши. У шифокорлар назорати остида даво муолажаларини оляпти.
Қувонарли томони, ушбу амалиётга кетган харажат Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби