Сирдарёда Туркиянинг “Соғлиқ билимлари университети” филиали ташкил этилади

Сирдарёда Туркиянинг “Соғлиқ билимлари университети” филиали ташкил этилади

https://telegra.ph/SSB-01-26-13

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сирдарё вилоятдаги 6 та тиббиёт муассасани ўз ичига олган «Гулистон тиббиёт кластери» 2022 йил сўнгига қадар, тўла қувватда иш бошлайди.

Ушбу кластерига хорижий давлатларнинг энг илғор клиникалари ҳамкор сифатида жалб қилинади ҳамда мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларни ўтказиш иши йўлга қўйилади.

Шунингдек, мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу кластер ва бошқа тиббиёт муассасаларини замонавий кадрлар билан таъминлаш мақсадида Гулистон тиббиёт коллежи негизида Туркиянинг “Соғлиқ билимлари университети” филиали ташкил этилади.

Филиалга қабул қилинган талабалар 3 йил Ўзбекистонда, 3 йил Туркияда таълим олади. 30 фоиз талабага грант асосида ўқиш тақдим этилади. Ўқитиш ишлари кундузги таълим шаклида, давлат ва инглиз тилларида амалга оширилади.

Куни кеча Туркиянинг “Соғлиқ билимлари" университети делегацияси аъзолари Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амирилло Иноятов ҳамроҳлигида Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрига ташриф буюришди.

Дастлаб, улар Гулистон тиббиёт коллежида бўлишиб, коллеж ўқув биносини кўздан кечирди. Шундан сўнг "Соғлиқ билимлари университети" филиалини амалиёт базаси бўлиши кутилаётган, "Гулистон тиббиёт кластери", унинг таркибига қўшилаётган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказ Сирдарё филиали ҳамда Гулистон шаҳридаги вилоят Перинатал марказини кўздан кечиришди.

Туркиялик нуфузли меҳмонларга, Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашевлар ҳамроҳлик қилишди, ва мазкур тиббиёт муассасалар имконияти, аҳолини саломатлигини сақлаш, уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича Сирдарёда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот беришди.

Шундан сўнг, Туркиялик меҳмонлар Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан учрашиб, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар, университети филиалини очиш, уни ишга тушириш бўйича фикр алмашишди.

Маълумот ўрнида; Туркиянинг “Соғлиқ билимлари университети" филиалини очиш, уни Сирдарёда ишга тушириш масаласи "Янги Ўзбекистонинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"да ҳам белгилаб берилган. Мазкур университет Туркияда тиббиёт йўналиши бўйича нуфузли давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни вақтда бу олий даргоҳда 13 та факультет, 5 та институт, 6 та профессионал тиббиёт мактаби, 35 га якин илмий марказ, 58 та шифохоналар мавжуд.. 

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати


Report Page