12-ҲАФТА

12-ҲАФТА

@ginekologim

12 ҳафталик

11-ҳафта 13-ҳафта

   Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтаси ҳам келди! Сиз ҳомиладорликнинг энг қийин биринчи палласининг охирига келмоқдасиз. 12 ҳафталик ҳомила қандай ривожланади, қоринда қандай ҳаракат қилади, 12 ҳафталик ҳомиладорлик пайтида жинсини аниқласа бўладими, деган барча саволларга жавоб бердик, марҳамат танишинг!

 

12-ҳафтада ҳомила ривожланиши

"12 ҳафталик ҳомиланинг бўйи, вазни қанча?", келинг, ушбу саволларга жавоб берайлик:

 

12 ҳафталик ҳомиланинг бўйи 6,1 см

12 ҳафталик ҳомиланинг вазни 8-14 г

Текширув пайтида ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида (ёки шунга яқин муддатда) “кичкинтой”ингизнинг юрак уришини эшитишингиз мумкин. Махсус тинглаш мосламаси бўлмиш доплер ёрдамида 12 ҳафталик ҳомиланинг юрак уриш овозини эшитишингиз мумкин. Чунки ушбу қурилма юрак уриши товушини эшитадиган даражада кучайтириб беради.

Ушбу ҳафтада қўл ва ва оёқ бармоқлари бир-биридан ажралади. Тирноқлари ҳам ўсмоқда. Ингичка туклар тананинг турли қисмларида пайдо бўла бошлайди.

Овқат ҳазм қилиш тизимида егуликни ичакларга сурадиган қисқаришлар рўй беради. Шу билан бирга у глюкозани (шакар) сингдириши мумкин.

Миядаги гипофиз бези кўплаб гормонлар ишлаб чиқара бошлайди.

Нерв тизими янада ривожланади.

Амниотик суюқлик миқдори ортади. Умумий ҳажми энди 50 миллилитрни ташкил қилади.

Энди 12-ҳафтада жинси аниқланадими, деган саволга келсак! Ташқи жинсий аъзолар эркак ёки аёлга хос жинсий хусусиятларнинг айрим аломатларини кўрсата бошлайди. Бироқ ҳали ҳам бу борада аниқ  хулоса беришга эрта. Хулоса учун камида 16-ҳафтагача кутишингиз керак бўлади.

"12 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатлари сезиладими?" деган саволга келсак. 12 ҳафталик ҳомила қоринда ҳаракатлана бошлайди, аммо сиз буни бир мунча вақт ҳис қила олмайсиз.


12 ҳафталик ҳомила УТТ тасвири

12 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири шундай кўриниши мумкин. Аммо ёдда тутингки, бу расм сизга фикр бериш учун қўйилган. Кичкинтойингизнинг ҳолати, ривожланиши ва жойлашуви фарқли бўлиши мумкин. 

 

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

Сиз 3-ойлик ҳомиладорсиз! Шундай қилиб, биринчи триместрнинг охирига келдик. Бу яхши янгилик, чунки кўпчилик аёлларда биринчи триместрнинг ўзига хос ташвишлари иккинчи триместрда камаяди. Хўш, 12 ҳафталик ҳомиладорликда нималар рўй беради?

 

1. Эстроген ва прогестерон гормони ишлаб чиқарилиши ортади

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида ҳомила ва плацента сизнинг тухумдонларингиздан кўра кўпроқ эстроген ва прогестерон ишлаб чиқаради.

Эстроген ва прогестерон ишлаб чиқаришнинг кўпайиши билан кўкрак ва сут безлари ўсишда давом этади. Шунингдек, сиз кўкрак учлари атрофидаги жигарранг доиралар катталашиб, тўқлашиб бораётганини кўришингиз мумкин. Кўкрак тўлишиб бироз оғриқ ҳисси бериши мумкин. Шу билан бирга, сезувчанлик ва оғриқ борган сари пасайишда давом этади.

 

2. Бачадон катталашади.

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасига қадар бачадон тос бўшлиғига сиғадиган даражада бўлади. Ушбу ҳафтанинг охирида бачадон қориннинг пастки қисмига сиғмайдиган даражада кенгаяди. Ушбу кенгайиш билан бирга сийдик қопчасига бўладиган босими камаяди. Шу сабабли, сийдик қопчасига босим пасайгани туфайли тез-тез пешоб қилиш ҳолати энди йўқола бошлайди.

 

3. Вазн ортиши кузатилиши мумкин

Агар илгари бу сизнинг биринчи ҳомиладорлигингиз бўлмаса, ҳомиладор эканлигингиз эртароқ ташқаридан сезила бошлайди ва кенгроқ кийимда ўзингизни қулай ҳис этишингиз мумкин бўлади. Сиз қорнингизнинг ён томонларидан вазн олишни бошлашингиз мумкин. Шунингдек, биқинингиз ва ​​оёқларингизда вазн ортишини сезишингиз мумкин. "Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида неча килога вазн ортади?" деган саволга жавоб ҳар бир аёл учун фарқли бўлади. Аниқ маълумот олиш учун шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.

 

Бу мақолани албатта ўқинг: Ҳомиладорликни энг чиройли тарзда ўтказиш учун тавсиялар

 

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида кузатиладиган аломатлар

 

1. Бош оғриғи

Бош оғриғи ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида нормал ҳолатдир. Бунинг сабаби қон ишлаб чиқарилишининг ортишидир. Қон ишлаб чиқарилишнинг ортиши билан юрак кўпроқ ва тезроқ қон ҳайдашда  давом этади. Қон айланиш тизимидаги бу ўзгариш бош оғриғи ва баъзида бош айланиши тарзида ўзини намоён қилади.

Бош оғриғини камайтиришнинг кўплаб усуллари мавжуд. Булардан:

Тартибли ва мувозанатли овқатланиш;

Етарли миқдорда ухлаш ва дам олиш;

Мунтазам равишда очиқ ҳавода юриш;

Нафас олиш ва бўшашиш машқларини бажариш;

Муҳит ёруғлигини ўзгартириш каби усулларни синаб кўришингиз мумкин.

Ушбу мақола қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)

 

2. Терининг ўзгариши

Ҳомиладорлик пайтида тери кўп жиҳатдан ўзгариши мумкин. Кўп аёлларда қориннинг пастки қисмидаги тери қораяди ва жигарранг - қора тусга эга бўлади. Linea nigra деб номланувчи эни бир сантиметрлик узун вертикал чизиқ ҳосил бўлади.

Linea nigra чизиғи


Баъзида юз ва бўйинда турли ўлчамдаги жигарранг доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар туғруқдан кейин йўқолади ёки ранги очиқлашади.

Капиллярларнинг юзага чиқиши (ангиома) билан терида майда тармоқлашган қизил томир бўртмалари пайдо бўлади.

Шунга ўхшаш ҳолат - кафтдаги қизаришда ҳам кузатилади. Ушбу ўзгаришларнинг сабаби ҳомиладорлик даврида эстроген даражасининг ортиши деб тахмин қилинади.

 

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида нималарга эътибор қаратиш керак?

Хўш 12 ҳафталик ҳомиладор аёл қандай овқатланиши керак? Ҳомиладорлик пайтида, айниқса 12-ҳафтагача (дастлабки 3 ой ичида) ортиқча кўп вазн олиш носоғломликдир. Агар сиз ортиқча вазн олаверсангиз, болангизни кўтариш қийин бўлади. Ҳатто туғруқ ҳам қийин бўлиши мумкин.

Сизга фойдали мақола бор : Ҳомиладорлар овқатланишида 7 та муҳим қоида

Нонушта қилмаслик, тушлик ёки кечки овқатда фаст-фуд овқатларини истеъмол қилиш зарарли эканлиги ҳақида гапиришга ҳожат бўлмаса керак. Чунки ушбу 12 ҳафталик даврда, сизнинг хатти-ҳаракатларингиз ҳомилага қандай таъсир қилишини тушунган бўлсангиз, нима еяётганингиз ва қачон овқатланишингизнинг аҳамияти янада ойдинлашади.

 

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page