Ҳеч нарса

Ҳеч нарса

Мафтуна Умрзоқова

2-қисм

Тун ярмида чўчиб уйғониб кетдим. Уй ичи ёришиб кетган, дераза ойналаридан тушиб турган бу ёруғлик муюлишга етган юк машинасининг олд чироғидан таралаётган нури эди.

Сал аввал кўрган тушимдан ўзимга келолмай турган вақтда атрофимдаги ҳар қандай жараён мени баттар ваҳимага соларди. Ёруғлик тўлқинланиб хона шифтига ёйилди, кейин девор бўйлаб пастга инди-да, ўнг томонга ўтиб сўнди. Кўп ўтмай юк машинанинг ёқимсиз овози ҳам эшитилмай қолди. 

Уйқим қочди, дераза ёнидаги курсига келиб ўтирдим. Борлиққа сукунат, зулмат чўкди ва ярим кечаси бу ҳол гўё сирли бир ҳодисадан дарак бераётгандек, ҳозирнинг ўзида қандайдир ҳодиса юз беради-ю, бунинг таъсиридан ҳамма-ҳаммаси ўзгариб кетадигандек туюларди.

Ўзимни босиб олиш учун деразага қараганча тортиб-тортиб чекдим. Дераза ойнасига ҳаёлчан тингилиб турарканман, унда аввал сўнгги кунларда қаттиқ толиққан, юзлари салқиб кетган одам бир зум акс этиб турди-ю, ғойиб бўлди — унинг ўрнини сас-садосиз, чексиз зулмат эгаллади. Йилт этган шула кўринмасди.

Ўрнимга келиб ётдим. Дам ўтмай кўзим илинибди. Туш кўрибман: ўша — ҳали мени уйғотиб юборган маймун яна ғалати овоз чиқариб ортимдан таъқиб қила бошлади. Беркинай десам, атроф бийдай кенг дала, фақат икки чақрим нарироқда бир уй кўринарди. Тунда уйнинг чироқлари ўчиқ бўлса-да, қоронғиликда бемалол кўринармиш. Уй деразасини синдириб юборгудек тақиллатардим, маймун эса менга етай деб қолканди. Ортимга ўгирилдим, у менга тегинмаслиги, мени ҳам ўзи сингари маҳлуқот деб ўйлаши учун маймунсифат ҳаракатлар қилдим. Унга ўхшаб маъносиз қийқирдим, маъносиз сапчидим. У то эшик очилгунча мен билан қўшилиб ўйнади. Уй ичилан банан кўтарган кимса чиқиб келди. У ҳудди цирк ўйнатувчисига ўхшар, биз эса қўлидаги банини олиш учун унинг буюриқларини бажарардик.

Мен тағин уйғониб кетдим. Атроф қоп-қоронғи, тонг отишига ҳали анча бор. Шундай бир зулмат, сукунат ҳукмронки, одамни беихтиёр хавотир босади.

Мен шифтга қараб хаёл суриб ётардим, қани энди уйқу келса! Кўчадан 

қандайдир машина юқори тезликда шовқин солиб ўтди-ю, яна борлиқ жимжит бўлиб қолади. Аммо энди бу сукунат омонатдек, гўё мана ҳозир мудҳиш бир ҳодиса рўй берадигандек туюлади. Кўнглимда тушуниксиз хавотир уйғонди ва бу ҳис мени ҳеч тарк эта қолмади.

 Кўзларини юмдим— балки эндилар ухласа бўлар. Ухлаш керак, ухлаш... Айни дамда миямда айланавериб ҳол-жонига қўймаётган ўй-хаёлларни қувиб, қотиб-қотиб ухламоқни хоҳлар эдим. Аммо бунинг уддасидан чиқолмасдим. Ухлаб-ухлаёлмайман, хаёлим яна бояги тушга кетади. Ҳозир кўзларинимни очсам, уйқум бутунлай ўчиб кетишини билардим. Бошқа ёнимга ўгирилиб ётадим, ҳали тонг ёришишини анча-мунча кутишга тўғри келади, шекилли.

Бир маҳал балчиқ сингари оғир ва ёпишқоқ мудроқдан сўнг тонг тақиб остига олган нимқоронғуликка қарадим ва ухлай олмаганимни тушиндим. Шу кеча уйқисизликнинг тоқат қилиб бўлмас равшанлигидан худди жон талашгандай азоб чекдим. Бу туннинг беомон уйқусиз ўтиши мени ғазаб ва надомат оқимига улоқтирди.

Ниҳоят қуёшнинг қизарган нашидаси ўз бўйини кўрсата бошлади. Ўрнимда ётганча туним ва уни расиво қилган тушим ҳақида ўйлаётган вақтим қўнғироқ бўлди. Нашрётдан экан.

Давоми бор...

1-қисми: https://telegra.ph/%D2%B2ech-narsa-04-14-2

Report Page