Ҳеч нима

Ҳеч нима

Умрзоқова Мафтуна


 Ҳеч нима 

                          (ҳикоя)

Гапириб ўтиришнинг ўзи кулгилику-я, ҳар кун тошойна рўпарасида қаққайиб соқол қиртишлар эканман, юзимдаги ҳар бир ажин ёки из пайдо бўлгани ўзимга, ёлғиз ўзимгагина аён эканлигидан қалбимда оғир изтироб кўз очади. Қиёфамда сабр ва тоқат сурати зоҳирланар-зоҳирланмас кўзимдан қулоғим томон кетган сезилар-сезилмас ажин изи чуқур чандиққа айланади. Умрнинг энг дилкаш лаҳзаларидан бири —тошойнага термилиб турган лаҳзаларимиз. Ўтмишимиз ва эҳтиросу ҳаяжонларимиздан ҳикоя қилувчи шоҳид — ўз қиёфамиз билан юзма-юз қоламиз. Тонгда ўз-ўзимиз билан мулоқотнинг энг таъсирли жойи — тоқат қилиб бўлмас соқитлик, оламдаги борки нарсага нафрат, атрофга қон ва ғазаб нигоҳи билан ўзининг бутун ҳаётини ортига ота олгувчи инсоннинг мислсиз ёлғизлиги, жазога тортилмаган қотилнинг чексиз қувончи, инсон умрини мажақлаб ташлагувчи ўзгармас мантиқлар... Дам ўтмай тошойнада маймун қияфаси пайдо бўлади. Ҳа, ҳар кун қанчалик тукларимдан ҳалос бўлишга урунмай, барбир ўша жундор қияфам билан юзланаверардим.

Ишхонага борганимда ҳамма тўпланган, бирининг қўлида каттагина гулдаста. Шахсан бошлиқнинг ўзи янги романим ва вазирликка "кўтарилганим" билан табрилаб, қўлимни сиқиб қўйди. Тўғри, бундан хурсанд бўлдим, лекин бироз кулгим қистади. Ўша вазирликда қандайдир бўлим бошлиғи лавозимга тайинланганимни эштганимда эса, ўзимни кулгидан зўрға тўхтатиб қолдим. Бу вазирлик ҳам, лавозим ҳам менга мутлақо бегона эди. Ичимда "менимча буларга ижодди қилган зер-у забарим камлик қилган шекилли" деб қўя қолдим. Янги иш жойимга кўчиш учун нарсаларимни тахлай бошладим. Ғалладонимдаги турли хужжатлар остидан сарғайб,четлари титилиб кетган "Ҳеч нима"ни топиб олдим.

Мен сизларга "Ҳеч нима" нинг ёзилиш тарихи ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Хуллас, ишхонамиз—"Касаба уюшмаси" томонидан ўтказилаётган ҳикоялар танлови эьлонига кўзим тушиб қолди. Ғолибларга тузукгина пул мукофоти ваьда қилинган бўлиб, ижарачи ижара ҳаққини сўраб келавериб, "остонамни ўйиб юбораман", деб турган бир пайтда эьлондаги кўрсатилган сумманинг ўзи ҳам мени тобора ютиб юбораётган умидсизлик ўпқонидан суғириб олгандай бўлди. Бироқ, менинг ёзишга нўноқлигимдан ташқари масаланинг яна бир долзарб томони бор бўлиб, бу —эьлонга "танлов учун юборилган ижодий ишлар апрелнинг ўн олтинчисигача қабул қилинади", деб ёзиб қўйилган эди. 

— Бугун апрелнинг ўн иккинчиси, — деб қўйдим ўзимга-ўзим секин пичирлаб. 

Ихтиёримдаги тўрт куннинг икки кунини бесамар ўтказиб, учинчи кун деганда сюжет ўйлашга киришдим. Тўртинчи кунига келиб, мен асарни сюжетсиз ёзиш энг ақлли иш эканлигига ўзимни ишонтирдим. Чунки янги сюжет топишдан ҳам кўра, уни сюжетсиз ёзиш осонроқ туюлганди-да. Энди мен пахса деворли уйнинг кўча шовқин-сурони ҳамда баҳор ёмғиридан захланиб кетган балчиқ иси кирмасин деб тамбаланган деразаси ортига беркиндим. Кўп ўтмай димиққан хонадаги уфунат ва кўнгилни айнитувчи тер исига кўникиб ҳам қолдим. Чунки бу пайт орасида мен машқим баланд ҳолда ижодга берилиб кетган ва бу шижоат фақатгина мукофот пули учунгина эмас, ёзишга бўлган эҳтиёж натижаси ҳам эди.

Мен яратаётган асарнинг дастлабки сатрлариданоқ ўзбек адабиётига яна бир адибгина эмас, балки адабиёт тараққиётига бутунлай янги бир тўлқин олиб кираётган ижодкор эканлигим сезилиб туриши керак эди. Ҳикоям бошқаларникига қараганда ғайритабиий ва мароқли чиқиши учун мантиқ ва синтаксисни четга суриб, миямга келган илк ғояларни ёза бошладим. Умуман олганда уларни ғоя деб ҳам бўлмас, агар нимадир деб номлаш зарур бўлса, шунчаки, улар югрик оний ҳаёллар эди. Мен аниқлик билан, атайлаб орфографик ва пунктуатсион хатоларни кўпайтира бордим. 

Яратаётган қаҳрамонларим қарама-қарши ва кўп қиррали дунёда яшаши керак эди. У ерда "соғлом ақл" ягона мавжуд бўлмаган нарса бўлиб, қаҳрамонлар ҳақиқат ва ёлғонни умуман ажрата олишмаслигини истардим. Қаҳрамонларим маьноси изоҳга эга бўлмаган, сабабсиз бир дунёда тентиб ўтишарди. Мен яратган эркак қаҳрамонлар аёл макридан тезда ўлишар ва келаси бетларда қайта тирилиб келаверишар, энг гўзал аёл қаҳрамонлар эса, доимгидак маккор ва қасоскорлигича қоларди. Борди-ю уларнинг (ўз қавмимдан бўлганларнинг) бирортасига адолатсизлик қилмоқчи бўлсам, бутун аёл зоти қоғозга мук тушган елкам узра қарғиш-дуоибад ўқиётганлай туюларди.

 Прозадаги менинг бу қоидабузарликларим адабиётшунослар томонидан оддий ёки умумий оғиш, онг ости тойиши деб эмас, балки дунёнинг умумий чизгиларининг ажралмас қисми сифатида қабул қилинишига ишонардим. Бинобарин, бу ишончимга асос қилиб насримдаги ўзига хос жиҳат — реал ва идеал, ҳаётга ўхшаш ва рамзий метафора, сирли ва энг дастлабки қарашлар уйғунлигини кўрсатишим мумкин. Мен ўзим инкишоф этган сюжетлар билан эмас – уларни ғайришуурий тасодиф билан топилган, ҳодисаларни ўзига хос йўсинда ҳис этишим билан бошқалардан ажралиб турадиган табиатимга таяниб шундай қилардим. Сизларга ўз фикримни янада асосли тушунтириб бериш учун Ортегаи Гассетнинг бир ибратомуз латифасини мисол келтира қолай: “Бир кутубхонага, – деб ҳикоя қилади у, – ёшгина букур йигит ташриф буюрибди, у ҳар куни келиб, луғат сўрар экан. Кутубхоначи ундан сўрабди: “Қайси луғатни?” “Фарқи йўқ, – деб жавоб қилибди букур, – мен уни тагимга қўяман, холос”. 

Бундай жавоб юзаки қаралганда комик туюлиши мумкин, албатта. Агар адабиёттанувчилар ҳам мендан: “Қанақа сюжетга мурожаат қилмоқчисиз?" – деб сўрашса, мен: “Фарқи йўқ, ҳар қандай сюжет ва сиймо менинг ўзлигимни намоён қилади”, – деб жавоб берган бўлардим.

Ёзаётганларим фақатгина танлов учун эмас, булар жамиятнинг айрим мендек фикрлайдиган қатлами учун буюк рағбатлантирувчи омил сифатида хизмат қилилишига ишонардим. Зеро, тартибсизлик ва аҳлоқсизликлар ҳам баьзан ижобий ҳосил бериши мумкин эди-да!

Ижодий ишларни текширадиган ҳакамлар ҳикоя ғояси миллийликдан, менталитетдан четлашганимни баҳона қилмасин деб, асаримга меҳирбон ва муштипар она, қишлоқ қизининг қошидаги ўсмаси-ю, унинг бувиси қирқта ўриб қўйган сочларини қистириб ўтдим. Ва яна вақти-вақти билан турли оилавий можаролар, ижтимоий танқисликлар, сийқаси чиққан ўгитлар матни билан асаримни бойитдим. Ҳаммаси ҳаддан ташқари бемаьни, ҳаддан ташқари тутуриқсиз эдики, натижада асар ўта янги ва ўта шахсий бўлиб чиқа бошлади.

Менга қийин бўлгани — бу боши-кети кўринмайдиган асарни тугатиш бўлди. Асар композитсияси ўзига хос, унда пейзаждан тортиб персанажларгача ҳаммаси етарли бўлса ҳам, мен ёзишдан тўхтай демасдим. Ёзавердим-ёзавердим. Гўё ғоялар қулоқ-бурнимдан оқиб келаётгандай эди.

Ниҳоят, ташқаридан янграган хўроз қичқириғи компютер клавиятураси узра "сузаётган" бармоқларимни тўхтатиб қолди. Аммо матндаги охирги жумла тугалланмай қолганди. Энди мен жумлани тугатиш ўрнига янги қатордан, шунчаки "тамом" деб қўя қолдим. 

Соатга қарадим, аллақачон беш ва апрелнинг ўн олтинчиси бйлганди. Мен юз олтмиш бет ёзган эдим. Энди бу ҳикоя ёки романлиги ҳам номаьлум бўлиб қолди. Ҳар қанча урунмай сатрлари зич жойлашган асаримнинг бир ҳарфини ҳам қисқартириб ташлолмадим. Уни таҳрирлашга ҳожат йўқ, лекин танлов низомига кўра ижодий ишга ном қўйиш керак эди. Мен ўйлаб-ўлаб ҳеч нарса тополмадим. Кейин саплавҳа бўш қолмаслиги важидан "Ҳеч нарса" деб қўйдим. Агар синчиклаб эьтибор берилса, бу ном остида мени қанчалик камтарлигим ҳам акс этиб турарди.

Тонгда ижодий ишимни электрон почта ёрдамида жўнатиб юборишим ҳам мумкин эди, аммо мен "Касаба уюшмаси" нинг ижодий бўлимига шахсан ўзим боришни ва ҳамкасбларим ёнида менга ёғилажак мақтовларга кўмилиб кетишни истадим. 

Ишхонамга қўлимдаги қораламам билан кекайганча, мағрур кириб бордик. Ижоди бўлимга кириб борранимда ходимлар бугун ҳам, эртага ҳам ҳеч нима (асаримнинг номидек) бўлиши режалаштирилмаганини айтишди. Гап шундаки, мен кўрган эьлондаги танлов иккиминг йигирма биринчи йилнинг ўн олтинчи апрелида бўлиб ўтган экан. Ўша ходим ёнидаги бир қиз "нақт бир йилга кеч қолибсиз" деб биргалашиб кулиб юборди...

Шундаў қилиб, мен сизга "Ҳеч нима"нинг яралиш тарихи ҳиқида сўзлаб бердим.

Давоми бор...   


Report Page