ҲОМИЛАДОРЛИКДА ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШ КЕРАК (1-триместр)

ҲОМИЛАДОРЛИКДА ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШ КЕРАК (1-триместр)

@ginekologim

Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида овқатланиш қандай бўлиши керак?

Дастлабки 3 ойликнинг бошида ҳомила мошдан ҳам кичик бўлади. Шунинг учун одатдагидан кўпроқ овқат ейишингиз шарт эмас. Ушбу даврда ҳар куни 100 калорияга орттириш етарли. Сиз истеъмол қилишингиз керак бўлган калория миқдори 2500-2700 ккал атрофида бўлиши керак.

Ҳомиладорликнинг дастлабки 1 - 2 ҳафталари ҳомиладорликни режалаштириш – фавқулодда жавобгарликни талаб қиладиган давр бўлиб, соғлом фарзанд дунёга келиши ва ҳомиладор аёл организмида турли хил асоратларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Демак, нафақат ҳомиладорлик балки унгача бўлган даврда ҳам тўғри ва сифатли овқатланиш иккиқатлик даврини асоратсиз кечишини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ҳомиладорликнинг дастлабки ойларида энг муҳим элементлар бу Фолий кислотаси (В9 витамини) ва “Д” витаминидир.

Фолий кислотасига бой маҳсулотлар

Фолий кислотаси ҳомилангизнинг марказий асаб тизими соғлом тарзда етилишини таъминлайди. Гўдакларда спина бифида (умуртқа поғонаси очиқ қолиши) касаллиги ва мия ривожланиши аномалияларининг олдини олади. Шунинг учун сиз кунига ўртача 400 микрограм фолий кислотасини ёки таркибида шунча миқдор фолий кислотаси бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишингиз керак. Кўпинча, шифокорлар фолий кислотасини капсула шаклида ичишни тавсия қилишади. Лекин шундай бўлса-да сиз бу масалада барибир шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Ёдда тутингки, цитрус мевалар, исмалоқ, брокколи ва карам каби яшил баргли сабзавотлар, кўкатлар, салат барглари ва бурчоқдошлар оиласига мансуб маҳсулoтлар фолий кислотаси манбаидир. Албатта, мандарин ва апельсинни сиқиб ичиш ҳам энг маъқулидир, агар сиз шарбатини ичолмасангиз, уни тилимларга ажратиб салатларингизга қўшишингиз мумкин.

Д витаминига келсак, Биз одатда уни қуёшдан оламиз, аммо ҳомиладорлик пайтида Д витаминига бўлган эҳтиёж ортади. Шунинг учун ҳомиладорликнинг биринчи триместрида ҳар куни 10 мкг қўшимча “Д” витамини қабул қилишингиз керак бўлади. Бундан ташқари, Д витамини суякларингиз саломатлиги учун жуда муҳимдир.

Ҳомиладорлик пайтида ҳомила яхши ўсиши ва ривожланиши учун нима ейиш керак?

Ҳомиладорликнинг дастлабки ҳафталаридан бошлаб сиз дуч келадиган энг катта муаммолардан бири кўнгил айнишидир. Кўнгил айнишининг олдини олиш ва камайтириш учун овқатланиш борасида нималарга эътибор бериш керак?

Овқатланиш рационида ёғли овқатлар ва ширинликларни чеклаш керак, ўз навбатида бу семизликни олдини олади, шунингдек эрта токсикозлар ривожланиш хавфини камайтиради.

Тез-тез ва оз-оздан овқатланиш қоидасига риоя қилиш. Ошқозонингизни бўш қолдирманг.

Крахмалли овқатлар яхши қабул қилинади. Бу даврда сендвич ва қизариб пишган нон бу борада ёрдам бериши мумкин.

Аччиқ ва ёғли овқатлардан сақланинг.

Занжабил кўнгил айнишига яхши фойда беради.


В6 витамини ҳам кўнгил айниш учун яхши келади. Сизга зарур бўлган В6 витаминини товуқ ва мол гўшти, жигар, банан, картошка, тухум, хандон писта, ёнғоқдан олишингиз мумкин. Қўшимча тарзда В6 витамини олиш учун шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Озуқага бой тарзда каби овқатланиш учун: оқсил, калций ва темирга бой озиқ-овқатлар тавсия этилади:

Темир моддаси танада қонни ташишга ёрдам беради ва ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойида чақалоқ учун зарур бўлган қизил қон таначаларини ҳосил бўлишини таъминлайди. Шунинг учун сиз таркибида темир моддаси кўп бўлган овқатлардан мўл-кўл истеъмол қилишингиз керак. Масалан, брокколи, товуқ гўшти ва гўшт маҳсулотлари темир моддаси омборидир.

Бундан ташқари, ҳомиладорлик пайтида зарур миқдорда калций ва оқсил моддаларини олиш керак.

 Кепакли донлар: улар танангизга зарур бўлган толани (клетчаткани) таъминлайди. Барча кепак донли нон ва макарон маҳсулотлари ҳомиладорлик менюсида бўлиши керак.

Ёрмалар ва қуруқ мевалар: оқсил ҳомилангизнинг тўқималари ва мушаклари ривожланиши учун жуда муҳимдир. Ёрмалар ва қуруқ мевалар сизни керакли оқсил билан таъминлайдиган озуқалардир. Бу орада, биз оз-оздан ва қисқа оралар билан ейишни айтгандик, бу тавсия ушбу маҳсулотларга ҳам тегишли.

Қатиқ ва тухум: калций болангизнинг суяк ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли, тухум ва қатиқ ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталаридан иккинчи ойгача бўлган овқатларда бўлиши керак.

Лосос балиғи: калций ва “Д” витаминига бой бу балиқ турини кўплаб ҳомиладор аёллар хуш кўради, чунки у ҳомиладорлик пайтида ейиш мумкин бўлган балиқлардан бири ҳисобланади.

1-триместрда қайси овқатлар ва ичимликлардан узоқ туришингиз керак?

Таркибида оғир метал бўлган балиқлар (масалан, оркинос, қилич балиқ),

Хом тухум, селедка,

Колбаса маҳсулотлари,

Юмшоқ ва пастеризация қилинмаган пишлоқ ва сут,

Кофе (иложи борича камайтиринг.)

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда нималар таъқиқланади?

 Энди қўшимча тарзда ҳафтама-ҳафта айрим тавсиялар билан танишинг:

3 – ҳафта. Ҳомиладорликнинг барча даврларида овқатланиш муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам унинг учинчи ҳафтасига алоҳида эътибор бериш керак. Чунки ушбу даврда ҳомилада янги аъзо ва тизимлар ривожлангани сайин витаминлар, минерал ва бошқа озуқа моддаларга бўлган эхтиёж ошиб боради. Ушбу даврда зигота имплантацияси, йўлдош ҳамда ҳомила пардасининг шаклланиши бошланади. Ушбу жараёнларни тўлақонли кечиши учун сут ва сут маҳсулoтлари, карам, яшил сабзавот ва мевалар шарбати, курка гўшти, бодом, тухум, узум, банан ва сабзи истеъмолини доимий равишда таъминлаш керак.

4 – ҳафта. Ҳомиладорликнинг 4 – хафтасида овқатланиш рациони 3 - ҳафтадалигидан фарқ қилмаса ҳам, лекин бу даврда қаҳва ичишни чеклаш лозим. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳомиладорликнинг биринчи ойида тўғри овқатланиш тизимини ташкил этиш қийинчиликлар туғдирмайди.


5 – ҳафта. Бу даврга келиб ҳомиладорлик токсикози бошланиши мумкин. Бу ҳолатни енгиллаштириш мақсадида кундалик овқатланиш таомномасини бироз ўзгартириш мақсадга мувофик. Ушбу мақсадда, гўшт, тухум ва ҳайвон оқсилларини - ёнғоқ, соя ва бошқа дуккакли маҳсулoтлар билан алмаштириш ҳамда сут ўрнига йoгурт ва пишлоқ истеъмол қилиш керак. Овқатланиш рационига сабзи, манго ва ўрик қўшиш фойдадан холи бўлмайди.

6 – ҳафта. Бу даврга келиб баъзан токсикоз авжида. Шу сабабли кунлик овқатланиш таомномасини эрталабдан енгил ҳазм бўлувчи маҳсулoтлардан бошлаш фойдали. Уларни уйғониб ювингандан сўнг дарҳол истеъмол қилиш керак. Бу босқичда кўпроқ суюқлик ичиш лозим.

7 – ҳафта. Бу даврга келиб айрим ҳолларда ичакларга боғлиқ муаммолар вужудга келади. Шу сабабли, уларда газ ҳосил қилувчи маҳсулoтлар, айниқса карамдан воз кечиш керак. Шу ўринда ичакларда қабзият чақирувчи маҳсулoтларни чеклаш лозим. Зарур маҳсулoтлар қаторида овқат рационига қора олхури ва ёғсиз қатиқ қўшиш ҳомиладор аёл организми учун фойдали.

8 – ҳафта. Токсикоз билан курашишда чой айни муддао, ёнғоқлар ҳақида ҳам унутмаслик лозим.

9 – 10 ҳафта. Бу даврда донли маҳсулoтлардан, буғдойдан тайёрланган бўтқаларга эътибор қаратиш керак. Шунингдек, ушбу босқичда ҳомиладор аёл организми таркибида кўплаб толаларга тўйинган маҳсулотларга мухтож бўлади.

11 - 12 ҳафта. Бу вақтда ҳомиладорликнинг биринчи триместри тугалланади ва овқатланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу энг мураккаб давр ҳисобланиб, ҳомиладор аёл ўз организмига “қулоқ солиши” лозим. У кўнгли тусаётган маҳсулот ёки таомни истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ. Чунки айнан ушбу маҳсулот таркибидаги моддаларни бўлғуси фарзанд талаб қилади.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар ва “Соғлом овқатланиш – саломатлик мезони”(Ш.Каримов таҳрири остида, Тошкент, 2015)  китоби асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page