ҲОМИЛАДОРЛИК АЛОМАТЛАРИ  ВА УЛАР ҚАЧОН БОШЛАНАДИ?

ҲОМИЛАДОРЛИК АЛОМАТЛАРИ  ВА УЛАР ҚАЧОН БОШЛАНАДИ?

@ginekologim


Келинг, кўплаб аёлларнинг саволларидан бири бўлган ҳомиладорликнинг дастлабки белгилари қачон пайдо бўлади? Ҳомиладорлик ва ҳайзолди синдроми аломатлари жуда ўхшаш. Шунинг учун баъзи аёллар овуляциядан кейинги дастлабки кунларда ўз таналарида ҳомиладорлик белгиларини кузатиши мумкин. Аммо ушбу аломатлар ҳомиладорлик сабабими ёки бошқами бошида айтиш бироз қийин бўлади.

Баъзи аёллар учун ҳомиладорликнинг дастлабки белгилари ҳомиладорликнинг илк ҳафталаридаёқ бошланади. Бошқача қилиб айтганда, биринчи аломатлар уруғланиш рўй бергандан сўнг 5-10 кун ўтгандан кейин бошланиши мумкин. Аммо бу вақтда ҳали ҳайз келиш муддати ўтмагани сабабли сиз ҳис қилган аломатларингизни англай олмаслигингиз мумкин. Ҳайз кўриш муддати ўтганидан кейин биринчи ҳафтада ҳомиладорлик белгилари сезиларли равишда билина бошлайди.

 

1 - Ҳайз келишининг кечикиши

Аввал аниқ ва юз фоиз ҳомиладорлик белгилари бўлган аломатларни кўриб чиқайлик. Барчамизга маълумки, ҳайз кўришнинг кечикиши - бу аёлнинг ҳомиладор бўлгани ҳақида тахминлар бошлашининг биринчи сабаби. Айниқса  ҳайз цикли меъёрда ва тартибли бўлган аёлларда ҳайз кўриш кутилган муддатда бошланмаса, бу ҳомиладорлик тестини ўтказиш учун муҳим сабаб деб тушунилади. Агар сизнинг ҳам ҳайзингиз кечичкса ҳомиладор бўлиш эҳтимолини кўриб чиқишингиз керак.

Бу ҳомиладорликми ёки кечроқ келадиган ҳайзнинг белгисими?

Ҳайз кўришнинг кечикиши ва ҳомиладорлик аломатлари ўртасидаги фарқлар қандай ва бу икки ҳолатни бир-биридан қандай ажратиш мумкинлиги кўп аёллар сингари сизни ҳам чалғитиши мумкин. Маълумки, ҳомиладорликда ҳам ҳайз кўришда кузатиладиган ҳолатлар мавжуд ва уларни ажратиш осон эмас.

Ҳомиладорликда ва ҳайз келишидан олдин қандай ўхшаш аломатлар мавжуд?

Кўкракларда сезгирлик, тўсатдан кайфият ўзгариши, метеоризм (қорин дам бўлиши), тез-тез пешоб қилиш ҳомиладорликнинг аломатларидан бири бўлса-да, ушбу аломатларнинг баъзилари ҳомиладор бўлмаган аёлларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Ҳомиладорлик белгиларига ўхшаш, аммо ҳомиладорлик билан боғлиқ бўлмаган қандай аломатлар мавжуд?

Ҳар бир овуляциядан кейин прогестерон гормони даражаси ошади. Прогестероннинг бундай ортиши ҳомиладорлик белгиларига ўхшаш баъзи аломатларнинг кузатилишига ёки кузатилмаслигига ҳам олиб келиши мумкин.

Агар аломатлар имплантация вақтидан олдин бўлса (ҳомиладорликнинг 6-7-куни), бу аломатлар ҳомиладорликдан кўра овуляциядан кейинги гормонал ўзгаришлар туфайли юзага келган бўлади.

Контрацепция усулини қўллашни эндигина тарк этган аёллар ушбу аломатларга нисбатан сезгирроқ бўлиб, айниқса, кейинги илк ҳайз кўриш даврида бу ҳолат тез-тез кузатилади.

Прогестерон - бу бачадон ташқи қаватининг қалинлашишини таъминлаб, танани уруғлантиришга тайёрлайдиган гормон. Прогестерон ҳайз циклини ва ҳомиладорликни тартибга солишда муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, у кўкрак тўқималарининг ўсишига имкон беради ва бачадон мушаклар қисқаришини камайтириб эрта туғилиш хавфининг олдини олади.

Агар ҳомиладорлик мавжуд бўлса:

Ҳомиладорлик пайтида эстроген ва прогестерон гормонлари миқдори меъёрдан юқори бўлади. Бу гормонлар ҳомиладорликнинг одатий белгилари, масалан,кўнгил айниши, метеоризм (қорин дам бўлиши), шунингдек, кўкракдаги сезувчанлик ортишига сабабчи бўлади.

Агар ҳомиладорлик кузатилмаса;

Прогестерон даражаси пасаяди ва ҳайз кўриш бошланади.

Ҳайзолди синдроми белгилари ҳайз кўришдан бир ҳафта олдин кузатилиши мумкин.

 

2- Ажрламалар

Яқин орада кўп миқдорда ажралма келиши кузатилдими? Огоҳ бўлинг, ҳомиладорлик аломатлари ажралма келиши шаклида ҳам бўлиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, танада эстроген гормонлари ажралиб чиқиши ортади ва натижада тухумдон фаолияти тезлашади!

Бу ерда энг муҳими - ажралманинг ранги ва ҳиди. Ушбу хусусиятлар ўзгарганда сизда савол туғилиши табиий. Бу саволларингизга жавоб берамиз.

Оқ рангли ажралма ҳомиладорликнинг белгисими? Ҳа, айниқса шаффоф ва ҳидсиз бўлса муаммо йўқ.

Сариқ рангдаги ажралма ҳомиладорликнинг белгисими? Эҳтимол бўлиши мумкин, лекин ранги сариқ ёки яшил рангга яқин, тўқариши яхши аломат эмас. Агар бу рангга ёқимсиз ҳид ҳам қўшилса у ҳолда инфекциядан дарак бўлиши мумкин.

Жигарранг ажралма ҳомиладорликнинг белгисими? Биз жигарранг ёки пушти рангдаги ажралмани меъёрий ва ҳомиладорлик аломати сифатида қабул қилишимиз мумкин. Чунки бу имплантацион қон кетишдан келиб чиққан бўлиши мумкин.

Батафсил маълумот учун қуйидаги мақолани тавсия қиламиз: Ҳомиладорликнинг илк ҳафтасида ажралмалар

 

3 - Кўкрак ва кўкрак учларининг сезувчанлиги

Ҳомиладор бўлганда гормонлар миқдорида ўзгаришлар содир бўлади. Ушбу ўзгаришлар туфайли кўкракларда оғриқ ва шиш пайдо бўлади. Ҳайз кўриш бошланишидан олдин бўладиган каби кўкракда оғриқ пайдо бўлади, аммо ҳомиладорликда оғриқ ундан кўра кучлироқ бўлади.

Оғрийдиган, ачишишадиган, бўлиқ, шишган, сезувчан, ҳатто тегингада ҳам оғриқ бўладиган кўкраклар - кўпгина аёллар учун сперма тухум ҳужайра билан бириккандан бошлаб сезиладиган ҳомиладорликнинг дастлабки белгиларидан биридир. "Ҳомиладор бўлганда кўкракдаги сезувчанлик қачон бошланади?" Келинг, шу саволга дарҳол жавоб берайлик. Ушбу сезувчанлик уруғланиш содир бўлгандан бир неча кун ўтибоқ бошланиши мумкин.

  4- Кўкрак учларининг тўқ тусга кириши

Кўкракдаги ўзгаришлар фақатгина тўлишиш ва сезувчанликда эмас! "Ҳомиладор эканлигимни қандай билсам бўлади?" деб ўйлаганингизда, ишни кўкрагингизни текширишдан бошлаш тўғри бўлади. Сиз кўкрагингизда нафақат оғриқни ҳис қила бошлайсиз, балки кўкрак учларининг атрофи кенгайганини ва тўқлашганини ҳам сезишингиз мумкин.

Уруғланиш содир бўлгандан кейин бир неча ҳафта ичида кўкрак учини ўраб турган доиранинг кенгайиши одатий ҳолдир. Бу каби терингизда юзага келадиган ранг ўзгаришлари аллақачон ўз ишини бошлаган гормонлар фаолиятининг натижасидир.

Бундан ташқари, кўкрак учлари атрофида майда бўртмачалар (улар угрига ўхшаб кўринади, аммо угри эмас) ҳам каттайиши мумкин. Илгари кўп эътиборни тортмаган бу “пуфакча”лар ҳомиладорлик пайтида кучаяди ва тиниқлашади. Гўёки совуқдан туклар жунжиккандек кўринади. Аммо, аслида, бу бўртмачалар вазифаси кўкрак учларни ва атрофини бўшаштириш учун ёғ ишлаб чиқаришдир.

Тананинг ўзгарувчан гормонлар мувозанатига ва ҳомиладорлик ҳолатига кўникиши учун бир неча ҳафта керак бўлиши мумкин, шундан сўнг ўзингизни яна енгил ҳис қила бошлайсиз. Айтганча, кўкракдаги бу ўзгаришлар ҳомиладорликнинг дастлабки аломатидир, аммо биз ҳар доим ҳам ягона сабаб ҳомиладорлик деб айта олмаймиз. Ҳомиладорлик билан боғлиқ бўлмаган гормонал ўзгаришлар, контрацептик (ҳомиладорликдан сақланиш) таблеткаларини қабул қилишни бошлаш ёки алмаштириш ушбу ўзгаришларга олиб келиши мумкин, буни ҳам унутманг.

 

5 - Тез-тез пешоб қииш

Агар сўнгги кунларда кўп вақт сарфлайдиган жой ҳожатхона бўлиб қолса, ёки тунда уйғониб, одатланмаган тарзда ҳожатхонага боришга эҳтиёж туғилса, сизда "тез-тез пешоб қилиш ҳомиладорликнинг аломати бўлиши мумкинми?" деган саволни туғдиради. Бу саволга жавобимиз “Ҳа” бўлади! Ҳомиладорликнинг жуда эрта кузатиладиган белгилари орасида санаб ўтишимиз мумкин бўлган яна бир аломат - бу уруғланиш содир бўлгандан кейин 1-3 ҳафта ўтгач тез-тез пешоб қилиш заруратидир. Сабаби қон оқимини тезлаштирадиган гормонлар буйракларга ҳам таъсир қилади!

 


6 - Енгил қон кетиши (имлантацион қон кетиши)

Баъзи аёллар қинда енгил қон кетишини бошдан кечиришади, чунки эмбрион бачадонга ўрнашади. Буни имплантацион қон кетиш дейилади. Шунинг учун уни ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтасидаги аломатлар қаторида санаб ўтиш мумкин. Одатда қон кетиши уруғланиш содир бўлгандан кейин 5-10 кун ўтгач, эҳтимол сиз ҳайз кўришингиздан анча олдинроқ бўлади ва уруғланган тухум ҳужайра бачадон деворига ўрнашганда содир бўлади. Ушбу ҳолат одатда ҳайз даврига тўғри келганлиги сабабли уни ҳайз вақтидаги қон кетиш билан чалкаштириб юбориш мумкин. Аммо ҳомиладорликнинг бу аломатида қон кетиши ҳайздаги каби қизил эмас, балки оч рангдан ўртача пушти ранггача бўлади.

 

7 – Ҳидга ўта сезувчанлик

Ҳомиладорликнинг дастлабки белгиларидан бири ҳидга ўта сезувчанликдир. Илгари сизни безовта қилмаган ҳид кўнгил айнишига сабаб келиши мумкин. Шундай экан, ҳомиладор эканлигингизни қандай билишингиз мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб олиш учун биз сиздан қуйидагиларга жавоб беришингизни сўраймиз.

Сизнинг ҳид билиш сезгингиз ўткирлашдими?

Атрофдаги ҳидларга ҳар қачонгидан ҳам сезувчан бўлдингизми?

Бошқалар ҳис қилмаётган ҳидлар сизда кучли таъсир уйғотадиган ҳолатлар бўляптими?

Агар жавобларингиз орасида “Ҳа” дегани бўлса, у ҳолда сиз ҳомиладорликнинг дастлабки аломатларини бошдан кечираётган бўлишингиз мумкин.

 

8 – Чарчоқ ва уйқу келиши

Бармоқларингизни қимирлатишга ҳам ҳолингиз йўқми? Ўзингизни қўйиб юборсангиз эмаклайдиган даражада чарчадингизми? Сиз илгари ҳеч бундай кўп ухламаганмидингиз?

Агар юқоридаги саволлар ҳозирги ҳолатингизни ифода қилаётган бўлса, "Чарчоқлик ҳомиладорликнинг аломатими?" деган саволга "ҳа" деб жавоб беришимиз мумкин. Танангиз ҳомилани катта қилиш учун “енг шимарган”бўлиши мумкин. Барча ҳомиладор аёллар бошдан кечирадиган ҳомиладорликнинг ушбу аломатлари тананинг ҳомиладорлик ҳолатига мослашиш учун юзага келган ўзгаришлар туфайлидир. Аммо бу ҳолат ҳомиладорликнинг 2-триместрда 3-6 ойларда ўз таъсирини камайтиради. Ҳомиладорликнинг охирги босқичларида бу чарчоқ ҳолати яна пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақида ўша пайтда ўйлайсиз.

 

9- Кўнгил айниш ва қусиш

Аксарият аёллар ҳомиладорликнинг дастлабки аломатлари сифатида кўнгил айниш ва қусишни бошдан кечиришади. Кўнгил айниш ва қусиш баъзи аёлларда уруғланишдан кейинги кунларданоқ жуда эрта пайдо бўлиши мумкин, баъзиларда эса уруғланиш содир бўлгандан сал кейинроқ, яна баъзи аёлларда эса тахминан 6-ҳафтада бошланади.

Гормон миқдорининг ўзгариши туфайли юзага келиши мумкин бўлган бу ҳолат гарчи кўпроқ эрталаблари кузатилса-да, куннинг исталган вақтида ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Бизда фойдали мақола бор: “Токсикоз” ҳақида яхши хабар! Ва уни енгиллатиш йўллари.

 

10- Қорин дам бўлиши

Қорин дам бўлиш ҳисси ҳомиладорликнинг дастлабки аломатларидан бири бўлиши мумкин, чунки у уруғланишнинг дастлабки дақиқаларидан бошланиши мумкин. Буни сиз гормонлардаги ўзгаришлар билан боғлиқ деб ўйлашингиз мумкин. Яъни, "Қорин дам бўлиш, шишиш ҳисси ҳомиладорликнинг белгисими?" деган саволга жавобимиз “Ҳа”, аммо шишиш ҳиссини ҳайз келиши олдидан кузатиладиган дам бўлиш ва шишишдан ажратиш қийин. Шундай экан, суюнишдан олдин бироз кутишингизни маслаҳат берамиз.

 

11- Тана ҳароратининг кўтарилиши

Агар нормал шароитда мунтазам тана ҳароратингизни билсангиз, ўша миқдордан 1 даражага кўтарилишни ҳомиладорлик аломати сифатида кўришингиз мумкин. Бундай ҳолда, сиз тана ҳароратини мунтазам равишда кузатиб борадиган бўлсангиз, ҳомиладорлик пайтидан бошлаб тана ҳарорати 1 даража ошганини ва ҳомиладорлик давоимда шундай  юқори даражада бўлганини кўришингиз мумкин. Тана ҳароратининг бироз юқори бўлиши - бу ҳомиладорликнинг дастлабки ишоратларидан бири бўлиши мумкин.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page