“Она — буюк зот”

“Она — буюк зот”


Фото: sirdaryomuslim.uz

Она – буюк зот. Ислом дини ота-онага фақат яхшилик қилишга буюради. Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасининг 8-оятида шундай марҳамат қилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга амр этдик”. Туққиз ой фарзандини жисмида кўтариб юриб, ҳомиладорликдаги барча қийинчиликлар, тўлғоқ азобларини бошидан кечирган ҳолда фарзандни дунёга келтиргани сабабли, исломда онанинг фарзанди устидаги хаққи отаникига нисбатан баланд ҳисобланади. Оналар ўзлари емай едириб, уйқуларидан воз кечиб, бир парча этни инсон ҳолига келишига сабабчи бўладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Яхшилик қилишимга ҳақлироқ киши ким?», деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?», деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?», деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?», деди. «Кейин отанг», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан қилинган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бурни ерга ишқалансин! Бурни ерга ишқалансин! Ота-онасининг бири ёки иккови кексалик чоғида ёнида бўлиб, жаннатга кирмаганнинг бурни ерга ишқалансин!», дедилар» дейилган. Муслим ривоят қилган.

Тириклик чоғида ота-онасини розилигини олишни ғанимат билиш улуғ амаллардандир. Минг афсуски айрим фарзандлар ота-оналарини хизматларидан қочиб, ота-онадан узоқроқ яшашни истаб қоладилар, баъзи ношуд фарзандлар эса ўз ота-оналарини қариялар уйига топширмоқдалар.

Отасининг ўлимидан бир фурсат ўтиб, иш билан банд ўғил касалманд кекса онасини қариялар уйига топширишга қарор қилди. Ўғил ора-чорада онасининг ҳолидан хабар олиб турди. Кунлар ўтди бир куни қариялар уйидан қўнғироқ бўлди. Вазият жиддий она оғир аҳволда ётибди ўғлига айтадиган сўнги сўзи бор экан. Ўғил зудлик билан унинг ёнига шошди ажал билан курашаётган она ётган жойида ҳолсиз тўлғанар, ўғил сўнги сўзни эшитмоқ учун унинг лабларига қулоқ тутди. Ўғлим, сендан сўнги илтимосим қариялар уйи хоналарига кондиционерлар ўрнатиб берсанг. Қарилик боис совуқ ва иссиқ кунларда жуда қийналдим кейин бу ерга музлатгич ҳам олиб келиб қўй – баъзида тунлари уйқум қочганида бирор нима топа олмай, оч ётиб қийналдим. Онанинг ўтинчидан ҳайратда қолган ўғил унга тикилиб қолди. Шунча вақтдан буён бу қийинчиликларга чидаб келиб оғиз очмасдан, нега умр адоғида ёлвораётганини сўради.

Мен-ку буларга чидадим болам! Лекин сендан хавотирдаман кун келиб болаларинг сени бу ерга ташлаб кетишса сенинг ҳолинг нима кечади болажоним -деб жавоб қайтарди онаизор.

Рудакий ҳазратлари айтадилар: “Онангдан бош товлама ошмасин дарди, ҳаёт тожи эрур оёгин гарди”.

Азизлар Ота-Оналаримизнинг қадрига етайлик. Уларнинг сўзлари, хизматлари малол келмасин. Чунки улар ўзларидан кўра кўпроқ бизларни яхши кўрадилар ва бизни ўйлаб яшайдилар. Хизматларини қилиб дуоларини олишлик ҳаммаларимизга насиб айласин акс ҳолда армонда қоламиз.

Ҳабибуллоҳ Ибодов,
Сирдарё вилояти Халқобод жоме

масжиди имом-хатиби

Report Page