“Ҳукумат соати”
“Ҳукумат соати”: Қишлоқ хўжалиги вазири депутатларнинг саволларига жавоб берди
2025 йил 10 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фракцияси ташаббуси билан “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди.
Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар.
Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан депутатларнинг саволларига Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов жавоб берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳани рақамлаштириш ва қишлоқ хўжалиги субъектларига замонавий агрохизматларни кўрсатиш мақсадида 20 дан ортиқ янги ахборот платформалари ишга туширилди. Натижада, маълумотлар шаффофлиги таъминланди, бюрократик тўсиқлар ва ортиқча сарсонгарчиликка барҳам берилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ҳосилдорлик оширишни рағбатлантириш механизмлари йўлга қўйилди. Мева-сабзавот етиштирувчиларга маҳсулот етиштириш харажатларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитлаш механизми жорий қилинди.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилган тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар (субсидиялар), солиқ имтиёзлари жорий этилиб келинмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар бюджетдан қарийб 2,5 трлн. сўм маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун йўналтирилган. Натижада, 2016 йилгача республикада сувни тежовчи технологиялар жорий қилинган майдон 18,9 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 2,5 млн. гектарга етди.
Қайд этиланидек, жорий йилда 26 мингдан ортиқ фермерлар билан 135 та кластер ўртасида 1,9 млн. тонна ҳосил учун фьючерс ва 965 минг тонна ҳосил учун форвард шартномалари имзоланган. Депутатлар сайлов округларида сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда ҳамда ҳудудларда олиб борилган ўрганишларда ҳалигача айрим фермер хўжаликлари ва агрокластерлар ўртасида молиявий муаммолар мавжудлигига тўхталиб, вазирлик томонидан бу масалада олиб борилаётган ишлар ҳолати бўйича вазир маълумотларини тинглади.
“Ҳукумат соати”да қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ва зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Вазир қайд этишича, мамлакатимизда замонавий аграр ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқарувчилар ўзаро ҳамкорлигининг янги шакллари мунтазам ривожланиб келмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ва зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Унда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш ва хизматлар кўрсатиш соҳаларида ўзаро кооператив муносабатларни жорий этишнинг тўлиқ механизмлари белгиланган. шунингдек, кооперативлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар яратилди.
Соҳада кўрилаётган амалий чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда фермер хўжаликлари ихтиёрий бирлашиб, мева-сабзавотчиликда 171 та, пахтачиликда 66 та янги кооперативлар фаолияти йўлга қўйилди.
“Ҳукумат соати”да депутатлар куз-қиш мавсумида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, бозорларда нарх барқарорлигини сақлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан қизиқдилар.
Қайд этилганидек, 2024-2025 йиллар қиш ва баҳор мавсумида 651 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилган. Шундан, 258 минг тонна картошка, 117 минг тонна пиёз, 186 минг тонна сабзи, 89 минг тонна гуруч захираси яратилган.
Нарх-наво кескин ошишининг олдини олиш, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида захира қилинган маҳсулотларни 2025 йилнинг январь-май ойларида ички истеъмол бозорларида алоҳида расталардан бепул фойдаланган ҳолда сотилиши йўлга қўйилган.
Шунингдек, 2025-2026 йиллар қиш-баҳор мавсумида аҳолининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олингани, бу бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Депутатлар аграр соҳани мамлакатимиз иқлими ва шароитига мос уруғ навлари билан таъминлаш, аҳолининг сифатли мева-сабзавотларга бўлган талабини қондириш, ҳудудларда кооперативларнинг ўз ишини амалга ошириши учун яратилган шароитлар ҳамда деҳқон хўжаликларини ташкил этишга оид бир қатор саволлар билан вазирга юзланди. Кўтарилган масалалар бўйича муҳим таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
Муҳокамаларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар томонидан соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклифлар берилди ва кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.