Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарликни кучайтирилиши тўғрисидаги қонун юзасидан
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБугун АОКАда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида ўтказилган брифингда мавзу юзасидан маълумот берилди:
2021 йил 4 октярбь куни Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи Қонун қабул қилинди.
Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун белгиланган жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Яъни бундай ҳаракатларни содир этган шахслар:
БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима (илгари фақат 50 бараваригача);
◾️ 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 1 йилгача);
◾️ 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди (илгари 1 йилгача).
Ушбу Қонун қабул қилингач ижтимоий тармоқлар орқали турли хил фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, кенг муҳокамалар келиб чиқмоқда.
Дастлаб, ушбу Қонун қабул қилинишига, жавобгарлик чораларини кўчайтирилишига нима сабаб бўлди. Шу ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XI боби “Фуқароларнинг бурчлари” деб номланади ва унгу кўра Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, халқнинг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб авайлаши, атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатта бўлиши, шунингдек, солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаши ва Ўзбекистонни ҳимоя қилиши лозимдир.
Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали “қаердадир фуқаро ИИВ ходимига қўл кўтарди” ёки “ИИВ ходими калтакланди” ва бошқа шунга ўхшаш хабарлар кўп учраб турибди.
Бундан кўриниб турибдики, жамиятда ҳокимият вакили ёки ўз фуқаролик бурчини бажараётган шахслар ҳамда фуқаролар ўртасида турли хил зиддиятли ҳолатлар келиб чиқмоқда.
Ҳолатлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда кўпчилигида фуқаролар томонидан жамиятда ўрнатилган тартиб қоидаларни менсимаслик, уларни бузиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршиликлар кўрсатиш аниқланган.
Статистикага эътибор берадиган бўлсак, сўнги йилларда ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш жиноятларининг сони ошган, жумладан 2019 йилда – 243 тани, 2020 йилда эса 251 тани, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тажовуз кайфияти ҳам ортиб, 2018 йилдаги 24,1 минг ҳолат содир этилган бўлса, 2020 йилда 39 минг ҳолатни ташкил қилмоқда.
Бу билан барча ҳолатларда фуқаролар айбдор демоқчи эмасмиз. Тўғри ўз хизмат бурчини яхши билмайдиган, фуқароларга нисбатан қўпол муамалада бўладиган ҳокимият вакиллари борлиги ҳам рост. Бундай ҳокимият вакиллари тегишли тартибда жазосини олишлари лозим. Агарда фуқаролар шундай ҳолатларга дуч келишса, яъни ҳокимият вакили томонидан унга нисбатан қўпол муамала қилинса ёки ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, ушбу ҳолат бўйича судга ёхуд бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
Шу ўринда бир қатор саволлар тўғилиши аниқ. Ҳокимият вакили ким? Фуқаровий бурчини бажараётган шахс ким? Қандай ҳаракатлар ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш деб баҳоланади? Энди эса, ушбу тушунчаларни кетма-кетма изоҳлаб кўрсак.
✔️ Ҳокимият вакили бу – давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида фуқаро ёхуд мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ҳуқуқига эга бўлган шахсдир. Буларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа давлат бошқаруви органлари ходимларини киритиш мумкин.
✔️ Фуқаровий бурчини бажараётган шахс деганда, давлат ҳокимияти ёки бошқарув органлари ва жамиятга ёрдам бераётган, ўзининг конституциявий ёки бошқа қонуний мажбуриятларини бажараётган ҳар қандай шахс тушинилади. Мисол учун ҳуқуқбузарликнинг олдини олган, содир этилган ёки тайёрланаётган жиноят тўғрисида ёхуд қидирилаётган шахс турган жой ҳақида ҳокимият органларига хабар берган шахсларни келтиришимиз мумкин.
✔️ Фаол қаршилик кўрсатиш деганда ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахснинг ўз вазифаларини адо этишига тўсқинлик қилишга қаратилган ҳаракатлари, масалан, жиноятчини ушлашга, жиноят қуролларини тортиб олишига, тинтув ўтказилишига тўсқинлик қилишни ёки эркинликларини чеклашни тушуниш мумкин.
Сўнги вақтларда ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатлари ҳам сезиларли даража ошиб бормоқда.
ИИО ходимларининг қонуний талабларига қуйидагилар киради:
🔹 ҳуқуқбузарликни тўхтатиш;
🔹 ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш;
🔹ички ишлар органларига бориш ёки кўрсатилган муддатда ички ишлар органларида бўлиш;
🔹 транспорт воситасини тўхтатиш;
🔹 жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ва ўз хизмат вазифасида белгилаб қўйилган бошқа талаблар.
Шунингдек, янги қабул қилинган Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳамда ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.