Ҳирс ва тамагирлик ҳамда қаноат

Ҳирс ва тамагирлик ҳамда қаноат

@Savollar_kanal
www.islom.uz

Мусулмон инсон мол-дунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади.

Тамагирлик арабча «тамаъа» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. «Тама қилди» билан «ҳирс қўйди» жумласи бир хил маънони англатади.

Роғиб «Муфрадот»да таманинг таърифида: «Тама нафснинг бир нарсага шаҳват ила боғланишидир», деган (207-бет).

Агар тама Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида Иброҳим алайҳиссаломнинг тамаларини шундай баён қилади:

«Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим (тама қилганим) ҳам Унинг Ўзи» (82-оят).

Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган.

Аллоҳ таоло Сажда сурасида марҳамат қилади:

«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббиларига қўрқув ва умидворлик (тама) ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар» (16-оят).

Аммо тама дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир», деган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаларнинг чақмоғидандир».

Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумо бирга бўлганларида Каъб розияллоҳу анҳу:

«Эй Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар?» деб сўради.

«Унга амал қилувчилар», деди.

«Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима?» деди.

«Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишларини сўраш», деб жавоб берди.

Тамагирликнинг зарарлари:

1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир.

2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир.

3. Тамагирлик саховат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир.

4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади.

5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрашди. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрашди, яна бердилар. Яна сўрашди, яна бердилар. Ҳаттоки ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот:

«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъминлаш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мазкур ривоятда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда:

«Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур». 

Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.

«Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур».

Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш. 

Аллоҳ таоло кишининг кўзини тўқ қилиб қўйса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.

«Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур». 

Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг неъмат ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида ўмбалоқ ошиб ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.

Мусулмон одам ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлар экан.

Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.

Абу Ҳозим: «Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса», деган. 

Баъзи ҳукамолар шундай демишлар: «Агар тамагирликка:

«Отанг ким?» дейилса,

«Қадарга шак келтириш», дейди.

«Ҳунаринг нима?» дейилса,

«Хорликни касб қилиш», дейди.

«Ғоянг нима?» дейилса,

«Маҳрумлик», дейди.

Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади.

 Бу даво сабр, илм ва амалдан иборатдир.

Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади:

1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарф-харажатда мулойим бўлиш.

Ким қаноатли бўлишни истаса, имкони борича ўзидан харажат эшигини беркитишга ҳаракат қилади. Нафсини фақат зарур нарсалар билан кифоялантиришга уринади. Муяссар бўлган таомга қаноат қилади. Хўракни иложи борича озайтиради. Кийимда ҳам содда бўлишга ҳаракат қилади. Мазкур нарсаларни ўзига одат қилиб олади. Оила аъзоларини ҳам шунга ўргатади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуздир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан бир жуздир», дейилган.

Солиҳлик ҳайъати – гўзал кўриниш, аҳли солиҳларнинг кўриниши. Иқтисод – гап-сўз, хатти-ҳаракат ва барча ишларда тежамкор бўлиш. Албатта, бу каби фазилатлар ҳусни хулқдандир.

Термизий ва Муслим қилган ривоятда:

«Ким мусулмон бўлиб, ризқи учма-уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди», дейилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Исломга ҳидоят қилиниб, маишати учма-уч бўлиб, қаноат қилган одамга яхшилик бўлсин», дейилган.

2. Ўзига етарли нарса муяссар бўлганда, келажаги учун изтиробга тушмаслик.

Ризқи албатта келишига қаттиқ ишонади. Шайтоннинг унга фақирлик ваъда қилишига ишонмайди.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобда бордир» (6-оят).

Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлар. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Жаннатга яқинлаштирадиган нимаики амал бўлса, албатта, сизларни унга амр қилдим. Дўзахга яқинлаштирадиган нимаики амал бўлса, албатта, сизларни ундан қайтардим. Бирортангиз ўз ризқини зинҳор кеч қолди, демасин. Жаброил алайҳиссалом сиздан бирор киши ризқи мукаммал бўлмасдан бу дунёдан чиқмаслигини кўнглимга солди. Эй одамлар Аллоҳдан қўрқинг. Талабни чиройли қилинг. Агар бирингиз ризқи кечикди деб ўйласа, бас, уни Аллоҳга маъсият қилиш ила талаб қилмасин. Чунки Аллоҳнинг фазлига маъсият ила етишилмас».

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Руҳул қудус «Нафс ажали етмагунича ва ўз ризқини тўлалигича олмагунича зинҳор ўлмас. Аллоҳга тақво қилинглар, талаби ризқни гўзал қилинглар, ризқнинг кеч қолиши уни Аллоҳга маъсият ила талаб қилишингизга олиб бормасин. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У Зотга тоат қилиш ила эришилади», деган маънони кўнглимга солди», дедилар».

Ибн Абу Дунё ривоят қилган.

3. Қаноатнинг фойдасини, ҳирс ва тамагирликнинг зарарини тушуниб етиш.

Қаноат шубҳали ва ортиқча нарсаларга сабр қилишдан иборат бўлиб, охиратда савобга ҳам сабаб бўлади. Ўз иззатини ҳавойи нафсидан устун қўя олмаган одамнинг ақли расо бўлмайди. 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас молдир», дедилар».

Имом Табароний ривоят қилган. 

4. Ўтган қавмлардан дунёга ҳирс қўйган ва тамагир бўлганларнинг ҳоли нима бўлганига назар солиш.

Шу билан бирга, ўтган пайғамбарлар, аҳли солиҳлар ва азиз-авлиёларнинг ҳолидан ўрнак олиш лозим.

5. Мол жамлашнинг хатарини тўлиқ тушуниб етиш.

Молнинг офатларини унутмаслик, ўртаҳолликнинг фазлини билиш керак. Бунда мол-дунёда ўзидан пастга назар солиш ва динда ўзидан юқоридан ўрнак олиш катта фойда беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон бирингизнинг назари молда ва халқда ўзидан афзал қилинган шахсга тушса, ўзидан пастга ҳам назар солсин», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Бу Аллоҳнинг сизга берган неъматига ношукр бўлишингизга олиб келиши мумкин», дедилар».

Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  раҳимаҳуллоҳ (Руҳий тарбия китобидан)

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Манба

Report Page