Ҳарбий либос кийган Гавҳарой ёхуд аёл бўла туриб ҳам юртни ҳимоя қила олиш бахти

Ҳарбий либос кийган Гавҳарой ёхуд аёл бўла туриб ҳам юртни ҳимоя қила олиш бахти

Гўзал ОХУНОВА

“Мен йўғимда Кобулни сиз идора этгайсиз, бегим! ...Кобул менинг хос шаҳрим, — деб давом этди Бобур. — Уни ҳаргиз ўғилларга бермасмен, фақат сизга топшириб кетгаймен!”

“Юлдузли тунлар”ни ўқиётиб, ўтлиғ жумлаларга келганда, тўхтайман. Титраб кетаман. Ўйланаман. Шоҳ Бобур Ҳиндистон сари отланаётганда аллақачон бўйга етган Ҳумоюн Мирзо, балоғат ёшидаги Комрон Мирзо ва Аскарий каби фарзандлари, Қосимбек қавчиндек ишончли саркардалари туриб, Кобулнинг бошқарувини айнан Моҳимбегимга ишониб топширишни маъқул кўрса-я. Бу муҳаббатнинг белгисимикин? Йўқ. Зийрак подшо давлат ишларини ҳиссиётларга таяниб амалга оширмаслиги аниқ. Бу аёлни нафақат ёр, адолатли сиёсатдон ва оқила раҳбар сифатида тан олиш, аслида. Малика унинг қарорини рад қилдими, ўз кучидан иштибоҳ сездими, деган хавотирда яна асарга юзланаман. Ҳайрият, жавоб кутилганидек:

-        Ҳазратим, сизнинг улуғ ишончингиз менинг танимга янги бир жон ато қилди! 

Во ажаб, эй халқим, қандай буюк аждодларинг бор-а?!

Тарих гувоҳ, Амир Темур салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда Бибихонимнинг оқилона маслаҳатларига эҳтиёж сезган.

Биргина мисол, Эронга ҳарбий юриши пайтида Исфаҳонни узоқ қамалда ушлаб турган Соҳибқирон қўшинни озиқ-овқат билан таъминлаш учун маблағга эҳтиёж сезади. Сароймулкхонимга мактуб йўллаб, хазинадан олтин юборишини буюради. Бибихоним хабарни ўқиб кўриб, унинг орқасига “Улуғ амир, зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадими?” деб ёзиб юборади. Соҳибқирон гап нимада эканлигини фаҳмлаб, муаммони ечиш чорасини кўради. Лашкаргоҳда сўйилиб, истеъмол қилинган қўй, қорамол, от, туя суякларини йиғиб, унга тамға бостиради. Ва пул ўрнида муомалага чиқарилади. Закий аёлнинг бир жумла сўзи билан Амир Темурнинг ҳам тафаккур кучи, ҳам жанговарлик шижоати бирлашиб, шаҳар эгалланади.  

Катта лейтенант Гавҳарой Тўлқинова каби ҳарбий либос кийган аёлларни кўриб, Темурий маликаларнинг авлоди давом этаётганлигига ишонасан киши. У умрини юрт ҳимоясига тиккан жасур қизлардан. Гавҳарой ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Фарғона вилояти бўйича бошқармасида гуруҳ командири лавозимида мардонавор хизмат қилмоқда.

У билан суҳбатимиз давомида англаганларим: ҳали 30 га ҳам кирмаган тенгдошимни қийинчиликлар чиниқтиргани, маънавий зарбалар нишонга олган қалбига жисмоний машқлар малҳам бўлгани, онасидан етим қолганда ҳатто тили чиқмаган, бир пайтлар ўзи ҳимояга муҳтож бўлган гўдакнинг бугун она юрт хизматига азму жаҳд қилгани. Буларни жасорат, матонат деб атагим келади. Бўйлари баланд, келишган, довюрак, сўзларию, кўзлари ўткир, бир сўзли аёлга қараб, довюрак Тўмарис кўз олдимда гавдаланди.

Юртни ҳимоя қилиш учун фақат жисмоний кучнинг ўзи камлик қилади. У, аввало, руҳан бунга тайёр бўлиши керак. Гавҳаройни синовли йилларда тобланган ирода, тушкунликка тушган пайтларида суяган сабр, чидам, темир тартиб-интизом юрт ҳимояси учун тайёрлагандек, назаримда.

-        Аёллик ҳолатида ҳам Ватанни ҳимоя қила олиш бахт, - дейди у. - Гўдакларнинг тўйиб ухлашига, ёши улуғларнинг хотиржам яшашига ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Совуқ нима, иссиқ нима, кечаю кундуз нима - шу тинч ҳаёт учун ҳамма нарсага тайёрман.

Эй, Фарғонанинг Гавҳар қизи, муштингдан-да катта юрагингдан, шамолларга эрк бермаган тим қора сочларингдан, қўрқувни эзғилаб-эзғилаб бораётган мардона қадамларингдан жасорат тўкилади-я, шиддат тўкилади!

“Ич-ичида йўлбарс ўкириб,

сиртдан майин жилмайган аёл” сенмидинг! Минг-минг хотин-қизлар тугул, эркаклар ҳам биттагина оиласини асрай олмаётган бир пайтда, юрт ҳимояси учун отланган янги даврнинг дилбари! Сенинг фикрларингни тинглаб, аёлларга нисбатан ожиза, муштипар, мушфиқ деган сифатлашларни қўллагим келмайди.

Гавҳарой суҳбат сўнгида қуйидаги фикрларни ёзишимни илтимос қилди.

 Ҳар душанба, тонг қоронғуси, одатга кўра, Ватан ҳимоячилари саф йиғинида бўлади. Шунда бир шиор жимжит сукунатни енгиб, кенгликлар узра жаранг сочиб ёйилади:

БУРЧ...  САДОҚАТ... ЖАСОРАТ...

Бу Миллий гвардия хизматчиларининг шиори. Бу Гавҳаройнинг шиори. Оддий аёлни ҳимоячига айлантирадиган, жисми-ю руҳига енгилмас куч берадиган муқаддас шиор бу.

Айтганча, Гавҳаройнинг аёллик бахти ҳақида бир оғиз бўлса-да ёзмасам бўлмас. У янги келинчак. Не бахтки, турмуш ўртоғи ҳам ҳарбий. Бир-бирини сафларда кўрган. Кўзларидан орзу-ниятларини ўқиган. Мақсад бир бўлгандан кейин бир-бирини тушуниш ҳам осон бўлади, дейишади-ку. Уларнинг мақсади аниқ: юртни ҳимоя қилиш, осуда ҳаётни сақлаш. Уйда ҳам, хизматда ҳам бир-бирини қўллайдиган, асрайдиган икки юрт ҳимоячиси Ватан тинчлиги йўлида бир бутунга айланган бўлса, не ажаб. Унинг қувонч-у шодлик тошиб турган катта-катта кўзларига қараб, чин севги, соф муҳаббат асосига қурилган оиланинг бахтидан кўнглим тўлди.

 Кўчаларни тўлдириб ўйнаб юрган болаларим, ризқини териб, оиласига шошилаётган ака-укаларим учун, ҳар куни тўй, байрам қилаётган қадрдонларим, эрта тонгни осуда қарши олган ота-оналарим учун Сенга таъзим қиламан, Гавҳарой! Байраминг муборак бўлсин! Биламан, бу кун зиммангдаги масъулият икки карра ошади. Елкангдаги юлдузчалар ёнига ҳушёрлик, огоҳлик туйғуси “қадалади”.

Сенинг байраминг осуда ўтган кун-у тун, аслида. Илоҳим, ҳар кунинг мана шундай байрам бўлсин, юртнинг жасур қизи!    

Report Page