“ҲУДУДГАЗ ФАРҒОНА” ГТФ МАЪЛУМ ҚИЛАДИ

“ҲУДУДГАЗ ФАРҒОНА” ГТФ МАЪЛУМ ҚИЛАДИ


Жорий йилнинг 31 август куни ижтимоий тармоқларда “Hududgaz Farg’ona” ГТФнинг “Ёзёвонтумангаз” бўлими ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда аҳоли билан қўпол муомалада бўлганликлари хусусида танқидий-салбий видеоролик жойлаштирилди. Ҳолат бўйича “Hududgaz Farg’ona” ГТФ томонидан махсус ўрганишлар ўтказилди ва қуйидагилар маълум қилинади.

Маълумки, жорий йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6010-сонли Фармонига асосан Мажбурий ижро бюроси фаолиятидаги газ учун тўловларни қабул қилиш вазифа ва функциялари 2020 йилнинг 1 августидан “Hududgazta’minot” АЖ ва унинг жойлардаги филиаллари зиммасига ўтказилди. 

Мазкур Фармон талабларига биноан Филиалнинг шаҳар, туманлардаги газ таъминоти бўлимларидаги мижозлар билан ишлаш хизматларига инспекторлар ишга қабул қилинди. 

2020 йилнинг 28 август куни “Ёзёвонтумангаз” бўлими масъул ходимлари М.Махмудов, О.Қобулов ва Б.Усмоновлар Ёзёвон тумани “Тошховуз” МФЙ, “Серсув” кўчасида жойлашган аҳоли хонадонларини кўрикдан ўтказишда мазкур кўчада истиқомат қилувчи фуқаро Азимова Мархабо хонадонига ташриф буюришган. 

Олиб борилган хисоб-китобларга асосан мазкур хонадон томонидан истеъмол қилинган табиий газ учун жами 544 840 сўмлик қарздорлик мавжудлиги, охирги тўлов 2020 йилнинг 26 февралида амалга оширилганлиги, 6 ой давомида туман Мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан бу бўйича берилган огохлантиришларга қарамасдан, сурункали равишда тўловларни амалга оширмаётганликлари аниқланган. “Ёзёвонтумангаз” бўлими ходимлари томонидан ҳам истеъмолчига тўловни амалга ошириб, қарздорликни бартараф қилиш хусусида бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилган.  

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ўз хизмат вазифаларини бажаришда ходимлар муомала маданияти, одоб ва ахлоқ қоидаларига амал қилган холда иш оборишлари лозим. 

Қолаверса “Hududgazta’minot” АЖ томонидан тасдиқланган “Инспекторларнинг лавозим йўриқномаси”да инспекторларга истеъмолчилар билан мулоқотда муомала маданиятига ва Жамият одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилишлик юклатилган. Бўлимнинг масъул ходимлари М.Махмудов, О.Қобулов ва Б.Усмоновлар ўз хизмат вазифаларини бажаришда фуқаролар билан қўпол муомалада бўлганликлари, одоб ва аҳлоқ қоидаларига амал қилмаганликлари аниқланиб, бундай холат қайта такрорланмаслиги бўйича ушбу ходимлардан тушунтириш хатлари олинди ҳамда бу каби ҳолатлар қайта такрорланган тақдирда ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди. 

“Hududgaz Farg’ona” ГТФ аҳолига хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш мақсадида қонунчиликда ва лавозим йўриқномаларида белгиланган вазифаларни тизимдаги барча ходимлар томонидан сўзсиз бажарилиши, ходимларнинг ўз касбига лойиқлиги, хизмат вазифаларини сидқидилдан ва мохирона бажаришлари, қолаверса одоб-аҳлоқ қоидаларига сўзсиз риоя қилишлари тарафдоридир ва бу борада қатъий ва ягона сиёсатни олиб боради.   

“Hududgaz Farg’ona” ГТФ матбуот хизмати

Report Page