ҲИММАТ

ҲИММАТ

https://t.me/AhliSunnaValJamoaUz

Ҳозирда баъзи ишлар кишининг асабини қитиқлайди. Минг йиллар мобайнида бутун уммат эътироф қилган зотларга намозда нечта суннат борлигини аниқ айтиб бера олмайдиган кишилар қарши чиқади, хатосини топади, танқид қилади, ҳатто сўкадиган ва ҳақорат қиладиганлари ҳам бор. Мисол учун Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни танқид қиладиган ёшлар бор. Мазҳаб имомларини ёқтирмайдиган кишилар бор. Фиқҳдан битта савол берсанг жавоб бера олмайди, аммо беадаблик мана бунақа даражада...

 Ақидада имом Мотуридий ва имом Ашъарийларни йўлини нотўғри дейдиган ёшлар бор. Ваҳоланки, имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг "Тавҳид" номли китобини улар уёқда турсин, олимларимиз ичида равон дарс бера оладиганини ҳали кўрмадим. Мен салаф уламоларга таъзимдаман. Улар ҳақида фақат ҳайрат билан боқиб эътироф қилишдан нарига ўта олмайман. Энди халаф уламолардан биттасининг ҳиммати ҳақида гапираман. Бу зот ўнинчи ҳижрий асрда яшаган имом Абдулваҳҳоб Шаъронийдир. У зот раҳимаҳуллоҳ устозларда шу қадар кўп китоб ўқиганки, унинг рўйхатини ўқиб чарчадим. Бундан ташқари жуда кўп матнларни ёд олган. Кўп китоб тасниф қилган уламолардан саналади. Аммо салаф уламолар ҳақида ҳам, халаф уламолар ҳақида ҳам умрида бирор марта ҳам беодобона гап гапирмаган. У зот умри давомида бирор-бир кишига адоват қилиб ёмон кўрмаган экан. Буни Аллоҳ берган неъматларнинг қаторида санайди раҳимаҳуллоҳ.

 Шаъроний раҳимаҳуллоҳ кўп нарса ёдлаганини , ўқиганини "Роббингни неъматларини гапир" ояти тақозоси қабилидан зикр қилиб ўтади.

Имом Шаъроний раҳимаҳуллоҳ "Латоифул минан" номли китобида айтади:

 "Аллоҳ менга берган неъматлардан бири матн китобларни ёдлаганимдир.
 Аввал Абу Шужоънинг "Ғоятул ихтисор"ини ёдладим, сўнгра "Ожрумийя"ни ёдладим...сўнгра Мисрга келганимдан сўнг Нававийнинг "Минҳож"ини ёдладим. Сўнгра Ибн Моликнинг "Алфия"сини ёд олдим. Кейин ибн Ҳишомнинг "Тавзиҳ"ини ёд олдим. Кейин "Жамъул жавомиъ"ни ёд олдим. Сўнгра Ироқийнинг "Алфия"сини ёдладим. Кейин "Талхисул мифтоҳ"ни ёдладим. Сўнгра "Шотибийя"ни ёд олдим. Сўнгра ибн Ҳишомнинг "Қоваид" китобини ёдладим. Сўнгра "Ар-равзу мухтасарур равза"ни ёдладим. Уни юз марта дарс бердим...
 Сўнгра ёдлаган китобларимнинг барчасига шарҳ ёздим. Уни устозларимга кўрсатдим...
 Аллоҳга ҳамд бўлсинки, шайх Закарийёнинг "шарҳур равз" номли китобини ўттиз марта ўқидим. Буни ибн Савла шарҳлаган. Уни икки марта ўқидим. Имом Шофиъийнинг "ал-умм" номли китобини уч марта ўқидим. Уни асосий қисмини ёд қилган эдим. Имом Шофиъийнинг "муснад"и ва унинг шарҳини икки марта ўқидим...Шайх Муҳйиддин ибн Арабийнинг "мухтасара" номли китобини бир марта ўқидим. У ўттизта катта мужалладдан иборат эди. Мовардийнинг "ал-ҳовий" номли китобини ўқидим. У ҳам ўттиз мужаллад эди. "Ар-равза"ни етти марта ўқидим. "Шарҳул муҳаззаб"ни эллик марта ўқидим. Нававийнинг "шарҳи Муслим" номли "саҳиҳи Муслим"нинг шархини ўн беш марта ўқидим. Жалолиддин Маҳаллийнинг "шарҳул минҳож" ини ўттиз марта ўқидим. 
 Ҳадис китобларига ёзилган шарҳлардан "саҳиҳи Бухорий"нинг шарҳи "Фатҳул Борий"ни бир марта, "шарҳул Кирмоний"ни икки марта, "шарҳул Бурмовий" ни беш марта, "шарҳул Айний"ни икки марта, "шарҳул Қасталоний"ни бир ярим марта ўқидим.
 "Саҳиҳи Муслим"га Қозий Иёз ёзган шарҳни бир марта, шайх Закарийёнинг шарҳини беш марта ўқидим.
 Тафсир китобларидан машҳурларини деярли барчасини ўқидим. "Тафсирул Бағавий"ни бир марта, "тафсирул Хозин"ни уч марта, "тафсиру ибн Одил"ни етти марта, "тафсирул Кирмоний"ни ўн марта, "тафсирул Қуртубий"ни икки марта, "ибн Касир"ни бир марта, "тафсиру Қозий Байзовий"ни беш марта, "тафсиру ибн Нақиб Мақдисий"ни бир марта( бу китоб юзта катта мужалладдан иборат) ўқидим. Бундан катта китоб ўқимадим. "Тафсирул Жалолайн"ни ўттиз марта, Суютийнинг "ад-дуррул мансур" номли тафсирини уч марта ўқидим...".

Биродарлар! Имом Шаъроний ўқиган тафсирларни ёзишдан чарчадим. У китобларни ҳаммасини ёзмадим.У зот ҳадис мавзусида ўқиган китобларни рўйхатини кўриб ёзишдан қўрқдим. Узайиб кетса ўқувчилар зерикиб қолар эди. Аммо Шаъроний рўйхатни келтирган.

Ўша замонда ҳадис ва унинг шарҳига оид китоб борки, уни Шаъроний ўқиб чиққан. У зот айтади: "Ҳадис ва мазҳаблар ихтилофи барасида шунчалик кўп китоб ўқидимки, ҳисобини билмайман".

 Имом улардан баъзиларини келтириб ўтган аммо мен ўша баъзиларни ҳам номини ўқиб чарчадим. 

 Усули фиқҳ, фиқҳ, луғат, наҳв, балоғат ва бошқа фанлардан ҳам ўқиган китобларини санаган имом. Агар ёзсам аниқ зерикади ўқувчи. 

 У зот бир сўз билан: "Хулласи калом мен ўқиган китоблар сонича китобни менинг асримда бирор киши ўқий олган деб ўйламайман...Буни фахр ва мақтаниш учун эмас, Роббимнинг менга берган неъматларини гапириш қабилидан айтаяпман", дейди.

 Имом Шаъроний саккиз ёшида Қуръони каримни ёдлаган.

Бу зот мужтаҳид бўлмаган. Мужтаҳидга тобеъ бўлган бир олим. Ҳеч қачон мужтаҳидга қарши чиқишга, унинг ҳақида таънаомуз гаплар гапиришга журъат қилмаган. Энди биздаги "олим"ларчи?! 

 Улар қанча китоб ўқишди, қанча ёдлашди? 

 Мужтаҳидларга тобеъ олимнинг билими шунча. Мужтаҳидни тасаввур қилаверинг. Уялайлик биродарлар!!!


© Абулқодир Полвонов 

Report Page