ҲАЙЗНИНГ ОҒРИҚЛИ КЕЛИШИ

ҲАЙЗНИНГ ОҒРИҚЛИ КЕЛИШИ

@ginekologim



Ҳайз оғриғи нима?


Ҳайз вақтида ҳайз қони ташқарига чиққанда бачадонда қисқаришлар рўй беради ва бу оғриқ сифатида ўзини кўрсатади. Биологик жиҳатдан ҳайз вақтида оғриқ бўлишининг сабаби шу. Ҳар ой бўладиган бу оғриқ ҳар бир аёл кишининг дардидир. Ҳайз оғриғи қорин ости оғриғи, ич дам бўлиши, бош оғриғи, иштаҳа йўқолиши ва қусиш каби аломатлар билан ўзини кўрсатадиган оғриқ ҳисобланади. Бу каби оғриқлар аслида ҳамма аёл-қизларда ҳам кузатилмайди. Баъзларда ҳайз кунлари билинмайсадн ўтиб кетса, баъзиларда эса узоқроқ муддат бўлиб оғриқлардан уни бошланганини пайқайдилар. Шу билан бирга ҳайз кунларида асабийлашадиган, стреес бўладиган, кичик нарсаларга ҳам безовталанадиган аёллар ҳам бор. Баъзилар бу кунларда ёз ойларида тез-тез терлаши ёки қиш кунларида эса совуқ қотиши ҳам мумкин. Бу ҳолатларнинг сабаби нима?


Ҳайз оғриғи сабаблари

Ҳайз кўрилиши ўртача 28 кунда бир марта бўладиган ҳолат. Энг қисқа 3 кун, кўпи билан 10 кун давом этадиган ҳайз қони келишидир. Аслида бу аёллар танаси учун фойдали қон келишидир. Баъзиларда оғриқлар шу қадар зўраядики, ҳайзнинг илк куни ётоқдан ҳам туролмай қолиши ва ўша куни ҳатто бирор иш ҳам қила олмаслиги мумкин. Ўша куни баъзида иштаҳа ҳам бўлмай овқат ҳам ея олмаслиги мумкин ва натижада қон босими пасайиши кузатилиши мумкин. Бундай ҳайз оғриғининг илк сабаблари сифатида ирсий (генетик) омилни айтиш мумкин. Яъни аёлнинг онасида ҳам шундай оғриқлар кузатилган бўлса, ўзида ҳам шундай оғриқли ҳайз бўлиши эҳтимоли бор. Ундан ташқари, оёқларнинг совуқ қотиши ҳам кучли оғриққа сабаб бўлиши мумкин. Бачадон бўйнинг ирсий ўлароқ тор бўлиши, ёки аборт сабабли тор бўлиши ёҳуд инфекция ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳайз оғриғининг бошқа сабалари ҳам бўлиши мумкин.

Ҳайз оғриғининг кучли бўлиши, яъни дисменорея, бирламчи ва иккиламчи дисменорея ўлароқ икки хил бўлади. Бирламчи дисменорея – ҳайзнинг илк бошланган йилларда мунтазам бўладиган ҳайз оғриқларидир. Иккиламчи дисменорея – аввалдан бўлмаган ва кўпинча 25-35 ёшлар орасида кейинчалик қандайдир сабаб билан пайдо бўлган дисменореядир.

 Бирламчи дисменореяда сабаб ўлароқ бирор паталогия ёки касаллик йўқ. Бу ҳолатда оғриқ табиий жараён сифатида юз беради. Оғриқ сабаби ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Сўнгги тадқиқотларга кўра, оғриққа сабаб овуляциядан кейинги простагландин деган модданинг ишлаб чиқарилиши ва қонаш даврида бачадоннинг қисқаришидир. Яъни бачадон ичидаги қонларни ташқарига чиқариб ташалаш учун қисқаради ва оғриққа сабаб бўлади. Турмушга чиқмаган ва туғмаган ёш қизларнинг бачадон бўйни тор бўлгани учун, қонларнинг бўшалиши бироз қийин бўлади ва кўпроқ оғриқ бериши мумкин. Туғруқни бошдан ўтказгандан кейин ва асосан 25 ёшдан кейин бу оғриқлар камаяди.

Иккиламчи дисменорея эса кўпинча 25-35 ёшлар орасида бирор сабаб туфайли пайдо бўлади. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин:

- эндометриоз;

- аденомиоз;

- бачадон миомаси;

- тухумдон кистаси;

- бачадон ичи спирали;

- бачадондаги полип;

- инфекциялар;

- кичик тос соҳасидаги яллиғланиш касалликлари;

- ўтказилган жарроҳлик амалиёти натижасида пайдо бўлган чандиқлар;

- шохли бачадон ёки бачадон ичида аномалиялар (тўсиқ парда) бўлиши;

Бачадон ичида аномалиялар (тўсиқ парда) бўлиши ва жарроҳлик амалиёти ёки инфекция сабабли бачадон бўйнининг торайиши ҳолатларида қон ташқарига чиқиши қийинлашади ва бу оғриққа сабаб бўлади. Баъзан дисменореяда ҳайз билан алоқаси бўлмаган қорин ва тос соҳасида бошқа бир нуқсон ёки касаллик сабабли оғриқ бўлса, бемор буни фақат ҳайз вақтида бўлаяпти деб ўйлаши ҳам мумкин. Бундай ҳолат тажрибада ҳам учраган.

 Ҳайз оғриғини қандай енгиллатиш мумкин?

Бирламчи дисменореяда ҳайз оғриғидан шикоят қиладиганлар оғриқни камайтириш учун шифокор назорати остида баъзи дори воситаларидан фойдаланишлари мумкин.  Оғриқ қолдирувчи дорилар ҳайз бошланиш тахмин қилинган кундан бир кун олдин бошлаб, оғриқ тугагунча қўлланилиши мумкин. Бунда ҳайз қони камайиши кузатилиши мумкин, бунинг зарари йўқ. Иккиламчи дисменореяда оғриққа сабаб бўлган касаллик ёки нуқсон шифокор текшируви натижасида аниқланиши ва тегишли даво чоралари кўрилиши тавсия этилади.


Кучли оғриқни енгиллатиш учун қуйидагиларни тавсия этиш мумкин:

- қовуқ ва бел соҳасига илиқ сочиқ ёки грелка қўйиш;

- илиқ душ олиш;

- қовуқ ва бел соҳасини уқалаш;

- вақтида ва етарли ухлаш;

- ёғли овқатлардан ва кофе истеъмолидан сақланиш;

- кўпроқ суюқлик, айниқса кўк чой ёки мойчечак (ромашка) ва зажабилли (имбирь) чой ичиш;

- иложи бўлса очиқ ҳавода бўлиш (қуёш нурлари Д-3 витамини ҳосил бўлишини таъминлайди ва бу ўз навбатида оғриқларни камайтиради);

- таркибида магний ва Омега-3 ёғи бўлган озуқалар ҳам (ёнғоқ, бодом, қовоқ уруғи каби) танага оғриқни енгишда ёрдам беради;

- тартибли жисмоний машқлар билан шуғулланиш кабилар ҳайз оғриғини енгиллатишга ёрдам беради.

- ундан ташқари кўпроқ кўкатлар, айниқса укроп истеъмол қилиш ҳам оғриқларни бартараф этишда ёрдам бериши аниқланган.

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page